loader

«МУХТАСАР УЛ-ВИҚОЯ»

Ҳанафий мазҳабининг машҳур фиқҳ китобларидан бирининг номи. Атоқли аллома Бурҳониддин Марғиноний «Бидаятул-мубтадий» (Бошловчининг биринчи асоси) асарига ўзи ўн саккиз жилддан иборат катта шарҳ ёзиб, «Кифаятул-мунтаҳий» (Охирига етганлар учун кифоя) деб атайди. Кейин уни янада қисқартириб «Ал-ҳидоя» асарини таълиф этади. Ана шу «Ҳидоя»га ёзилган кўплаб шарҳ ва мухтасарлардан машҳури Маҳмуд ибн Аҳмад ал-Маҳбубийнинг «Виқоятур-ривоя фи масоили Ҳидоя» (Ҳидоя масалалари ҳақида ривоятларни асраш) китобидир. Маҳбубий уни шогирди ва набираси Убайдуллоҳ ибн Масъуд ал-Маҳбубийга атаб «Ҳидоя»дан қисқартириб ёзган эди. Ўз навбатида Убайдуллоҳ ҳам улуғ фиқҳ олими бўлиб етишди ва бобосининг «Виқоя»сини араб тилида шарҳлаб, унга «Шарҳул Виқоя» деб ном қўйди. Шунда баъзи ўқувчиларнинг китобни ўзлаштиришда қийналаётганини кўриб, ундаги энг зарур масалаларни танлаб олди ва бу йўл билан тартиб берган китобини «Ан-нуқоя» (Қисқача баён) ёки «Мухтасар ул-Виқоя» (Ихчамлаштирилагн Виқоя) деб атади. Кейинчалик фақиҳлар бу асарга араб, турк, форс тилларида кўплаб шарҳ ва ҳошиялар ёзишган. Тошкентлик фақиҳ Мақсудхўжа ибн Мансурхўжа томонидан ёзилган икки жилдли ўзбекча шарҳ «Мажмаъул мақсуд» деб аталган. «Мухтасар ул-Виқоя»нинг арабча матни форсча таржимаси билан 1901 йилда Тошкент литография босмахонасида чоп этилган. Уни домла Шамсий охунд ибн Ниёзмуҳаммад таржима қилган. «Мухтасар»га Алиййул Қорийнинг арабча шарҳи ҳам ўша йили Қозон университети босмахонасида босилган. 1992 йили уни Рашид Зоҳид ва Акрам Деҳқонлар уни ўзбек тилида нашрдан чиқаришди. Кейинроқ мазкур китобга шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф кенг шарҳ ёзиб, мухлисларга тақдим этдилар. Бу асар кўп йиллар мобайнида Ислом ҳанафий фиқҳини ўрганишда муҳим манба бўлиб келди ва ҳозирда ҳам аҳамиятини йўқотмаган.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР