loader

СЕНЕГАЛ РЕСПУБЛИКАСИ

Майдони: 196 200 кв. км., аҳолиси: 9,7 миллион киши, пойтахти: Дакар, тузуми: республика, давлат бошлиғи: президент, маъмурий тузилиши: 10 та вилоятдан иборат, йирик шаҳарлари: Тиес, Каолак, Сенлуи, пул бирлиги: африқо франки. Милоднинг тўққизинчи асрида тукулер қабилалари Сенегал дарёси водийида пайдо бўлишди ва ўзларининг Текрур деган давлатини тузишди. У кейинги беш аср мобайнида Сенегал ва Малини бирлаштирган йирик давлат бўлиб турди. Ўнинчи асрда барбар қабилалари Сенегал дарёси этагидаги оролда ўрнашиб, тукулерларни Исломга даъват қилишди. Ўн биринчи асрда мусулмон тукулерлар барбарларнинг Алморавий сулоласи раҳбарлигида Гана давлатини тор-мор қилишди. Орадан уч юз йил ўтгач тукулерлар мусулмон Кайт сулоласи ҳукмронлик қилаётган Мали сари юриш қилишди. Аммо малиликлар Текрурни босиб олишди. Кейинчалик Сенегал шимолидан жангари марв амирлари ҳужум қилди. Ўн бешинчи асрдан бошлаб мамлакатга аввал португаллар, кейин голландлар, инглизлар ва франсузлар суқулиб кира бошлади. 1959 йил бошида Сенегал собиқ франсуз Судани билан Мали федератсиясини тузди, у 1960 йил июнида Франсуз Ҳамжамияти доирасида мутақил бўлди. Ўша йилнинг августида Сенегал федератсия таркибидан чиқиб, мустақил давлатга айланди. Мамлакат аҳолисининг 92 фоизини сунний мусулмонлар ташкил этади, улар асосан Аҳли сунна вал жамоанинг моликия мазҳабига мансуб. Аҳоли ўртасида сўфийликнинг турли тариқатлари ҳам тарқалган. Аҳолининг 6 фоизи мажусийлар, 2 фоизи насронийлардир. Ислом мамлакат ҳаётида катта мавқега эга, Сенегал Ислом Конференсияси Ташкилоти аъзосидир.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР