loader

ЯМАН РЕСПУБЛИКАСИ

Майдони: 527 970 кв. км., аҳолиси: 18 миллион киши, пойтахти: Сано шаҳри, тузуми: республика, давлат бошлиғи: президент, маъмурий тузилиши: 17 та вилоят (губернаторлик) га бўлинади, йирик шаҳарлари: Адан, Ҳудайда, Тоиз, ал-Муққала, Дамар, пул бирлиги: яман риёли. Ҳозирги Яман ҳудудидаги биринчи давлат бўлмиш Минэ подшоҳлиги милоддан аввалги 1200 йилдан 650 йилгача мавжуд бўлган. Милоддан олдинги ўнинчи асрда Шиба қироллиги, жанубда эса Катабан ва Хадрамавт давлатлари ташкил топган. Биринчи асрдан бошлаб милоднинг олтинчи асригача бу ерда қудратли Химяр давлати бўлган. Тўртинчи-олтинчи асрларда уни Ҳабашистон ва Форс ўлкалари босиб олди. 628 йилда Араб жазираси жанубидан Ислом дини кириб келди. 16-асргача мамлакатни мусулмон араб ҳукмдорлари идора қилишди. Ўн олтинчи асрда Сокотра оролини португаллар, Санони эса Миср малуклари забт этишди. 1538 йили Яманнинг катта қисми Усмонли салтанат таркибига кирди, 1839 йилда Адан инглизларнинг ҳарбий базасига айланди ва шу пайтдан бошлаб мамлакат иккига бўлиниб қолди. 20-аср бошларида Яманнинг шимолий ва жанубий қисми ўртасига чегара тортилди. 1918 йилда Шимолий Яман ўз мустақиллигини эълон қилди ва 1962 йилгача конститутсиявий монархия бўлиб турди. Шу йили Яман Араб Республикаси тузилди. Жанубий Яман 1967 йилгача Буюк Британия қўл остида қолди. 1970 йилда Яман халқ-демократик республикаси ташкил этилди, орадан йигирма йил ўтиб иккала Яман яна бирлашди. Мамлакат аҳолисининг 99 фоизи мусулмонлардир, Ислом Яманнинг давлат дини ҳисобланади. Мусулмонларнинг 60 фоизи шофеъий мазҳабидаги суннийлар, 40 фоизи шиалардир. Оз сонли ҳанафий ва моликий мазҳаби тарафдорлари ҳам бор. Яман Республикаси  Ислом Конференсияси Ташкилоти аъзосидир.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР