loader

ҚУДДУСИ ШАРИФ

Ўрта денгиз ғарбидаги Фаластин мамлакатида Ўлик денгиздан ғарб томондаги ясситоғликда жойлашган бу шаҳарни араблар Ал-Қудс деб аташади. Қуддус ҳақида илк маълумот милоддан аввалги 2-минг йилликнинг ўрталарига бориб тақалади. Қуддус шаҳри турли даврларда яҳудийлар подшоҳлиги, Искандар Зулқарнайн, Салавкийлар, Қадимги Рим, Византия, Араб халифалиги, Салибчилар, Айюбийлар, Мамлуклар давлати ҳамда Усмонли турклар салтанатига кирган. Қуддус насроний, яҳудий ва мусулмонларда муқаддас шаҳар ҳисобланади. Бу шаҳарда Қуббат ас-Сохра (VIII аср), Ал-Ақсо (VIII аср) масжидлари бор. Ислом динининг илк даврида мусулмонлар Ал-Масжид ал-Ақсо (яъни, узоқдаги масжид) томонга қараб ибодат қилганлар. Маккадаги Каъба қибла деб эълон қилинганидан кейин 624 йилдан Ал-Масжид ал-Ақсо томонга қараб намоз ўқилмаган. Қуръони каримнинг бир қанча сураларида Қуддус шаҳри билан боғлиқ оятлар келган. VII-VIII асрлар бўсағасида халифа Ал-Малик бу ерни Ҳаром аш-Шариф деб атаб, Ислом ибодатхоналари мажмуасини барпо эттирган. Ушбу мажмуада янгитдан Ал-Ақсо масжиди бунёд этилган. 1917 йил охирларида Қуддусни инглиз қўшинлари эгалладилар. 1920 йилдан бошлаб йигирма етти йил мобайнида бу шаҳар Фаластин ҳудудидаги инглизлар мандатининг маъмурий маркази вазифасини бажарди. Қуддус шаҳри БМТ Бош Ассамблеясининг 1947 йил 29 ноябрдаги қарорига кўра, БМТга бўйсунувчи халқаро ҳудуд + мустақил маъмурий бирлик сифатида ажратилган. Бироқ 1948-1949 йиллардаги араб-исроил уруши натижасида шаҳар икки қисмга бўлиниб, шарқий қисми Иорданияга, ғарбий қисми Исроилга ўтди. 1967 йилнинг ёзида Исроил Қуддуснинг шарқий қисмини босиб олиб, ўша йили уни шаҳарнинг ғарбий қисмига қўшиб олди. 1980 йили Қуддусни мамлакат пойтахти деб эълон қилган эди, лекин буни БМТ тан олмади. Қуддусда 430 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР