loader

ҲАСТИИМОМ МАЖМУАСИ

Тошкентнинг Ҳазрати Имом (Ҳастиимом) даҳаси  Мовароуннаҳрнинг атоқли муфассири, фақиҳи ва тасаввуф шайхи Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Қаффол Шоший (904-976) номи билан боғлиқ. Унинг мақбараси кираверишида яна бир улуғ Ислом олими, Мавлоно Али Қушчининг набираси, машҳур фақиҳ, муаррих, мударрис, ўнта қимматли асар муаллифи Султон Муҳаммад Ҳофиз Кўҳакий аш-Шошийнинг (1490-1572) ҳам қабри бор. Бу ерда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг табаррук соч толалари сақланган «Мўйи муборак» масжиди бор ва ана шу жойда кейинчалик ташкил этилган мусулмонлар идораси кутубхонасида Қуръони каримнинг бутун Ислом оламида машҳур бўлгап  ноёб нусхаси, яъни Ҳазрати Усмон Мусҳафи сақланади. Мажмуа таркибига кирган Бароқхон мадрасаси машҳур ўзбек хони Абулхайрхоннинг невараси Суюнчихўжахоннинг кичик ўғли Наврўз Аҳмад (тахаллуси Бароқхон) қурдирган ноёб меъморий обидадир. 1525-1551 йилларда Тошкент ҳокими, 1551-1556 йилларда эса бутун Туркистон хони бўлган бу киши кўплаб масжид, мадраса, кўприк, сув омбори ва тўғонлар қурдирган, ҳарбий билимлар қаторида адабиёт ва санъатдан таълим олган маърифатли ҳукмдорлардан бўлган. Ҳозирда Имом Бухорий номли Тошкент Ислом институти жойлашган Намозгоҳ масжиди асосан Рамазон ва Қурбон ҳайити намозларини ўқишга мўлжалланган. «Тиллашайх» жомеъ масжидида эса кундалик намозлар ва жума намози адо этилган. 2007 йил бошида Ҳазрати Имом (Ҳастимом) жамоатчилик жамғармаси ташкил этилиб, у Ҳазрати Имом мажмуасининг асл тарихий қиёфасини тиклаш, бу ерда кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ва ободончилик ишлари олиб борди. Қисқа вақт ичида Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг янги биноси, беш минг намозхонга мўлжалланган ҳашаматли жомеъ масжиди ва унинг 56 метрли икки минораси қуриб битказилди, «Тиллашайх», «Мўйи муборак», «Намозгоҳ» масжидлари, Бароқхон мадрасаси ва бошқа обидалар қайта таъмирланди, катта ободончилик ишлари олиб борилди, янги йўллар чиқарилди.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР