loader

Товон олинишига Оллоҳнинг норозилиги

Асирлар товон эвазига озод қилингач, парвардигор Анфол сурасининг 67-88-оятларини нозил қилди. "Пайғамбарга ер юзида душманни кўпроқ ўлдирмай (яъни мушрикларнинг таҳдидини йўқотиб, Исломни қувватлантирмай) туриб асирлардан товон олиш дуруст эмасди. (Эй, мўминлар! Сизлар товон олиб) дунёвий манфаатини кўзлайсиз, Оллоҳ эса сизларга охиратнинг (савобини) тилайди. Оллоҳ қудратлидир, ҳикмат билан иш қилгувчидир. Агар Оллоҳ илгарироқ ҳукм чақирмаганида эди, товон олганингиз учун қаттиқ азобга гирифтор бўлардинглар". Парвардигор Худо йўлидан қайтарган, ислом динининг тарқалишига ҳалал берадиган асирларни ўлдирмай товон эвазига қўйиб юборишни ман этиб, жон ўрнига мол-дунёни танлаган баъзи мусулмонларни айблади.
Иштиҳод қилгувчининг мақсади тўғри бўла туриб, хатога йўл қўйса, жазоланмаслиги ҳақида яратганнинг ҳукми нозил этилгани учун азобдан ҳоли. Шу боис яхши ниятда олинган товонни Оллоҳ таоло мусулмонларга ҳалол қилди. Бу нарса Муҳаммад алайҳис-саломнинг ҳақиқий пайғамбар эканига далил бўла олади. Агар пайғамбарлик Худо томонидан юбориладиган улуғ мартаба бўлмаганида Муҳаммад алайҳис-салом саҳобалар билан келишиб асирларни товон эвазига қўйиб юборгани учун бунчалик афсусланмас эдилар. Оллоҳ таоло расулуллоҳни хотиржам қилиш учун Анфол сурасининг 70-оятида аслида нияти яхши асирларнинг гуноҳларини кечишини баён этади: "Эй пайғамбар, қўл остингдаги асирларга, агар Оллоҳ дилингларда тариқча яхшилик борлигини билса, товонга берилганидан кўра яхшироқ нарсаларни ато этади, сизларга мағфират қилади. Оллоҳ бениҳоя меҳр-шафқатли ва мағфират қилгувчи зотдир, дегин".
Бадр ғазоти туфайли Ислом музаффар динга айланди, мусулмонларда ўз кучига ишонч пайдо қилди, мушриклар биринчи марта қаттиқ зарбага учраб, сафларида парокандалик пайдо бўлди. Душман сон жиҳатдан бир неча баробар устун, мусулмонлар бир ҳовучгина эди, мушрикларнинг от-улови, қурол-яроғи бадастир, жанговар тайёргарлиги пухта, мусулмонларда эса минишга улов ҳам етишмас эди. Фақат Оллоҳ Таолонинг кўрсатган илтифоти туфайли Ислом вакилларининг қўли баланд келди. Парвардигори олам Оли Имрон сурасининг 123-оятида Бадрдаги ғалаба неъматини миннат қилиб шундай дейди: "Бадрда Оллоҳ сизларга мадад берди. Ваҳоланки, сизларнинг сонингиз оз эди", Бадр жанги мусулмонлар ҳаётидаги энг катта ғазот эди, шу боис у ислом тарихида ҳал этувчи бурилиш нуқтаси бўлди. Шундан кейин ислом динига муносабат ўзгарди. Бу жангда ислом динининг ашаддий душманлари ўлдирилди. Мусулмонларнинг қўли баланд келганини кўрган арабларнинг юрагига ғулув тушди. Оллоҳ таолонинг бу илтифотига шукрона айтмоқ, Бадр ғазотида ғалаба қозонилган кун — рамазоннинг ўн еттисини нишонлаб, пайғамбар алайҳис-салом ва мусулмонларга ато этилган неъматлардан миннатдор бўлмоқ лозим.

Орқага Олдинга

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР