loader

037. Ас-саффот сураси

«СОФФАТ» СУРАСИ
 Номини саф тутган малакларга ишорат қиладиган илк оятдан олинган ва коинотдаги кучлардан сўз юритадиган бу сура Маккада нозил бўлган. 182 оятдан иборат. Суранинг аввалги уч оятида саф тутган малакларга, булутларни ҳайдаб ва идора қиладиган кучга, зикри қилинган тилга ёки инсонга қасам ичкизиб ,Аллоҳнинг бир эканлигини илгари сурган.

Аллоҳ таолонинг номи билан бошлайман. У Зот
шу дунёда ва ҳам охиратда бандаларига меҳрибондир.

1-10. Саф тортиб турган малоикаларга қасам! Шайтонларни осмонга чиқишдан манъ қилувчи малоикаларга қасам! Худонинг ваҳийсини анбиёларга олиб келиб, тиловат қилувчиларга қасам! Бас, эй бандалар, сизнинг Парвардигорингиз якка ва ягонадир. Осмону ернинг ва уларни ўртасидаги нарсаларнинг Парвардигоридир. Офтобни тулуъ қиладиган жойларининг Парвардигоридир. Биз дунё осмонини зийнатлантириш ва уни ҳар бир саркаш шайтондан сақламоқ учун юлдузларни яратдик. Бу шайтонлар юқоридаги малоикаларнинг сўзларини эшитолмайдилар. Бу шайтонларга ҳар тарафдан ўтлар лахчасини отилади, хор ва заиф бўлиб ерга йиқиладилар. Шайтонларга қаттиқ азоб муқаррардир, магарки фаришталарнинг бирор гапини олиб қочсалар, орқасидан куйдирадиган лахча қувади.

11-21. Макка мушрикларидан сўра, Бизнинг халқ қилишимизга нисбатан буларни яратиш қийинми? Ёки Биз халқ қилган еру осмонни яратишми? Ҳолбуки, буларнинг боболарини ёпишқоқ лойдан халқ қилдик. Эй Муҳаммад, булар Қуръонга инкор қилиб, иймон келтирмаганларига таажжуб қиласан, ваҳоланки бу кофирлар масхара қиладилар. Вақтики насиҳат қилинса қабул қилмайдилар, агар бирор мўъжизани кўрсалар, масхара қилиб, «Бу очиқ сеҳргарлик», дейдилар. «Бизлар ўлиб кетсак, суякларимиз чириб кетса, бизлар қайтадан тириламизми? Ота-боболаримиз ҳам тириладими?» Айт эй Муҳаммад буларга: «Оре, хору залил бўлиб тириласизлар». Ногоҳ Қиёмат куни бир суратда тирилади. Булар қабрдан бош кўтариб, айтадиларки, «Вой бизнинг ҳолимизга! мана бу йавмул-жазо, яъни Қиёмат бўлибди!» Малоикалар айтадиларки, «Оре, бу кун яхшилар ёмондан ажрайдиган кундир. Сизлар у дунёда бу куннинг келишига мункир эдиларинг».

22-30. Ҳақ Таоло Қиёмат куни малоикаларга буюради: «Мушрик бўлиб, ўз нафсларига зулм қилган, бошқа шериклари ва ибодат қилган бутлари билан маҳшарга жам қилинглар, дўзахнинг йўлини кўрсатинглар. Бир оз майдонда тўхтатиб туринглар, чунки булардан савол қилинади. Савол қилиб айтиладики, «Бу кунда нима учун бир-бирларингизга ёрдам беролмайсизлар? У дунёда бутларингизга ёрдам беради, деб ўйлаган эдиларинг-ку?!» Ҳақ Таоло малоикаларга айтади: «Булар бир-бирларига ёрдам беришга қодир эмас, балки булар бугун бўйинларини эгилган». Уларнинг тобелари бошлиқларига савол қилиб айтадиларки, «Сизлар бизларни зўрлик билан ўз динларингга тобе қилар эдиларинг». Бошлиқлари жавоб берадиларки: «Биз сизларни тобе қилганимиз йўқ, балки аслида ўзларинг мўъмин бўлмагансиз. Сизларнинг тепаларингга бизлар мусаллат эмасдик, балки ўзларинг ҳаддан ошган бўлиб, адашган қавм эдиларинг.

31-40. «Энди Худонинг ҳукми ҳаммамизга вожиб бўлди. Энди дўзахнинг азобига мубтало бўлгувчимиз. Биз сизларни гумроҳликка шерик қилдик. Шунинг учунки, ўзимиз гумроҳ эдик, токи азобни ҳам бирга кўрайлик». Албатта, булар ҳаммалари Қиёмат куни дўзахнинг азобига шерикдирлар. Биз мушрикларга шундай муомала қиламиз, чунки у дунёда буларни тавҳид калимасига даъват қилинганда, кибр қилиб, бош тортгандилар. Айтар эдиларки: «Биз бир мажнун шоирга итоат қилиб, ўз илоҳларимиз ибодатини тарк қиламизми?» Ваҳолангки, Муҳаммад шоир ҳам эмас, мажнун ҳам эмас, балки Худо тарафидан ҳақ динни олиб келган, ўтган пайғамбарларни тасдиқ қилувчидир. Эй кофирлар, шубҳасиз, сизларга амалларингга яраша жазо берилади. Сизлар қаттиқ азобга мубтало бўласизлар. Бу азобдан Худонинг ихлослик бандаларигина нажот топагайлар.

41-49. Жаннатда бу ихлослик бандаларга лаззатлик мевалардан ризқ муқаррардир. Бу жамоа жаннатда азизу мукаррам бўлиб ўтирадилар. Буларга ҳурлар тарафидан сутдан ҳам оқроқ шарбатларни жомларга тўлдириб, узатилади. Бу шароб ичгувчилар ақлларини йўқотиб, маст ҳам бўлмайдилар. Жаннат аҳлининг олдиларида қора кўзлик ҳурлар кўзларини аҳли жаннатга тикиб, ҳамиша хизматда бўладилар. Буларнинг баданлари гўёки туяқушнинг қаноти тагидаги тухумга ўхшаш оқдир.

50-55. Аҳли жаннатнинг баъзилари баъзиларига қараб, у дунёнинг аҳволидан савол қилишади. Булардан бири айтадики, «У дунёда менинг бир рафиқим бор эди. У менга айтар эдики, «Сен Қиёмат кунига ишонувчимисан? Агар бизлар ўлиб, тупроқ бўлиб кетсак ва суякларимиз чириб кетса яна қайтадан тирилиб, қилган амалларимиз учун жазоланамизми?» Сўнгра у одам айтадирки, «Оё, менинг рафиқимни кўрдиларингми? Аҳволидан хабардормисизлар?» Улар бу одамга рафиқини кўрсатадилар. Бас, қарасаки рафиқи жаҳаннамнинг ўртасида турибди.

56-63. Жаннатдаги одам дўзахдаги рафиқига айтади: «Парвардигорнинг номига қасамки, шубҳасиз, мени иғво қилиб, ҳалок бўлган экансан. Агар менга Парвардигорнинг фазлу марҳамати бўлмаганда мен сенинг билан дўзахда ҳозир бўлардим». Жаннатдаги рафиқи малоикалардан сўрайдики, «Энди биз бу жойда яна ўламизми ё дунёда ўлганимиз холосми? Биз бу роҳатдан жудо бўлиб азобга мубтало бўламизми?» Малоикалар жавоб бериб айтадиларки, «Сизларга энди ўлим йўқ, азоб ҳам йўқ». Бу одам айтадики: «Агар ундай бўлса, бизга улуғ саодат экан!» Шундай саодатга етишиш учун у дунёда амал қилувчилар яхши амал қилишлари керак экан. Ҳақ Таоло аҳли жаннатга айтадики: «Меҳмондорчилик учун бу нозу наъимлар яхшими ё дўзахдаги заққум дарахтининг мевасими?» Бу дўзахдаги дарахтни золимларнинг азоблари учун яратганмиз.

64-74. Албатта бу заққум дарахти дўзахнинг тагидан кўкаради, меваларнинг боши туяларнинг бошига ўхшайди. Аҳли дўзахлар бу мевалардан қоринларини тўйдириб ейдилар. Бу меваларни еганларидан сўнг дўзахнинг қайноқ заҳарли сувидан ичкизилади сўнгра булар дўзахда ётқизиладиган жойларига қайтарилади. Бу азоб шунинг учунки, ота-боболарининг гумроҳ бўлганликлари туфайли булар ота-боболари орқасидан эргашиб, ҳақ йўлидан адашганлар. Булардан илгари ҳам кўп миллатлар гумроҳ бўлган эдилар. Биз уларга насиҳат қилувчи пайғамбарлар юборган эдик. У қавм пайғамбарларига иймон келтирмасдан ҳаммалари ҳалок бўлдилар. Эй Муҳаммад, кўргинки, уларнинг оқибатлари нима бўлди. У азобдан Худонинг ихлослик бандалари нажот топадилар.

75-82. Нуҳ алайҳиссалом Бизга муножот қилиб, қавмининг ҳалок бўлишлигини талаб қилди. Биз мазлумнинг дуосини яхши ижобат қилгувчиларданмиз. Биз кофирларни тўфон сувига ғарқ қилдик. Нуҳни ва аҳлини улуғ ғамдан нажот бердик, зурриёдларини дунёда боқий қолдирдик. Келгуси бандаларнинг ичида Нуҳнинг яхши зикрини қолдирдик. Олам аҳлининг ичида Нуҳга салом бўлсин. Биз яхши амал қилучиларга шу хилда жазо берамиз. Нуҳ Бизнинг мўъмин ва мутеъ бандаларимиздан эди. Бошқа қолган кофирларни ғарқ қилдик.

83-94. Албатта Иброҳим алайҳис салом Нуҳ алайҳис саломнинг тобеъларидан эдилар. Эй Муҳаммад, Иброҳимнинг ҳолини ёд қил!. Қачонки, Иброҳим Парвардигорнинг ҳузурига келди. Дили тамом гуноҳлардан ва ёмон ниятлардан пок эди. Унинг ҳикоясини фикр қил!. Қачонки отасига ва қавмларига айтди: «Нима нарсага ибодат қиласизлар, Худодан бошқа ёлғон-ботил «илоҳ»га ибодат қилишни истайсизларми? Бутун оламни яратган Парвардигор шаънига қандай гумон қиласизлар?» Бас, қавмларини ишонтириш учун юлдузлар тарафига назар қилди. Чунки қавмлари юлдузларга ибодат қилар эдилар ёки илми нужумга машғул бўлардилар. Сўнгра, қавмларига айтдилар: «Юлдузларнинг аломатларига қараганда мен беморман, яъни касал бўлувчиман. Бас, қавмлари Иброҳим алайҳис саломдан юз ўгириб, касалларидан ҳазар қилиб кетдилар. Сўнгра Иброҳим алайҳис салом яширин бутхонага кириб, бутларга қарадилар. Кўрдиларки, кофирлар бутларини олдиларига ҳар хил таом қўйибдилар. Иброҳим алайҳис салом бутларни масхара қилиб, айтдилар: «Нима учун бу таомлардан емайсизлар, нима учун гапирмайсизлар?» Сўнгра бу бутларнинг тепасига ҳужум қилиб, зўр билан ургани турдилар. Қавмлари бутларнинг майдаланганини эшитиб, югуриб Иброҳим алайҳис саломнинг олдига келдилар.
 
95-98. Иброҳим алайҳиссалом қавмларига айтдилар: «Ўз қўлларинг билан ясаган ҳайкалларинга ибодат қиласизларми? Ваҳоланки, Аллоҳ таоло сизларни ҳам, қилган амалларингизни ҳам халқ қилгандир». Сўнгра қавмлари бир-бирларига айтдиларки: «Иброҳимни куйдириш учун бир уйни бино қилинглар, сўнгра ўт қўйиб Иброҳимни ташланглар». Шундай қилиб, Иброҳимни куйдирмоқчи бўлдилар. Бас, Биз буларнинг макрларини ботил қилиб, мағлуб қилдик. Иброҳим алайҳис саломга ўтни гулзор қилдик.. Иброҳим ўтдан нажот топди.

99-107. Иброҳим ўтдан нажот топган пайтда айтдилар: «Мен Парвардигорим буюрган жойга ҳижрат қилиб кетаман. Умид қиламанки, Парвардигорим мени мақсудимга етказадир». Сўнгра дуо қилиб, Парвардигордан талаб қилиб айтдиларки, «Парвардигоро, менга бир фарзанд ато қилки, солиҳлардан бўлсин». Биз унга башорат бердик: « Биз Сенга бир одоблик, ҳалим ўғил ато қиламиз». Исмоил алайҳис салом меҳнат қилишга етган вақтларида Иброҳим алайҳис салом айтдилар: «Эй ўғилчам, кўряпманки, Худо тарафидан сени қурбонлик қилишга амр қилиндим. Бас, энди сен бу тўғрида нима фикр қиласан?» Исмоил алайҳис салом айтдилар: «Эй отажон, Худонинг амрини бажо келтиринг, иншаоллоҳ мени сабр қилгувчилардан топасиз». Албатта, ота-бола Худонинг ҳукмига таслим бўлдилар. Иброҳим алайҳис салом ўғилларини қурбонлик қиладиган жойга олиб бориб, пешоналарини ерга қилиб ётқиздилар. Вақтики, Иброҳим алайҳис салом Худонинг ҳукмини бажо келтирмоқчи бўлдилар. Биз унга нидо қилиб айтдикки, « Эй Иброҳим, сен кўрган тушингни рост чиқариб, Бизнинг ҳукмимизни бажо келтирдинг. Биз ўғлингни ўлимдан озод қилдик. Биз Худонинг ҳукмини бажарувчиларга шундай ажр берамиз. Бу Иброҳим учун очиқ имтиҳон эди. Сўнгра Биз Исмоил алайҳис саломнинг ўрниларига катта бир қўчқорни сўйишга бердик.

108-113. Келгуси одамларга Иброҳим алайҳис саломнинг яхши зикрини қолдирдик. Иброҳимга Биздан салом бўлсин! Биз яхшиларга шундай жазо берамиз! Иброҳим мўъмин бандаларимиздан эди. Иброҳим алайҳис саломга башорат бердикки, « Сенга Исҳоқ номли фарзанд ато этилади, ўзи пайғамбар бўлиб, солиҳлардан бўлади». Биз Иброҳим ва Исҳоққа баракот бердик. Уларнинг зурриёдларидан яхши ҳам пайдо бўлади, ўз нафсига очиқ зулм қилгувчи ҳам пайдо бўлади.

114-122. Биз Мусо ва Ҳорунга эҳсон қилдик. Биз икковини ва қавмини улуғ ғамдан нажот бердик ва уларга ёрдам бердик. Улар ўз душманларига ғолиб бўлдилар. Сўнгра уларга равшан Таврот китобини ато қилдик, икковларига тўғри йўлни кўрсатдик, кейин келувчиларда уларнинг яхши зикрларини қолдирдик. Мусо билан Ҳорунга Биздан салом бўлсин! Биз яхшиларга шундай жазо берамиз! Икковлари мўъмин бандаларимиздан эдилар.

123-132. Албатта Илёс пайғамбарлардандир. Эй Муҳаммад, унинг ҳолини ёд қил! У ўз қавмига айтди: «Худодан қўрқмайсизларми? Баъл деган бутга ибодат қиласизлар, яхши халқ қилувчи Парвардигорни тарк этадирсизлар. Аллоҳ Таоло сизларни ҳам ва ўтган ота-боболарингизни ҳам халқ қилган Парвардигордир. Бас, Илёс алайҳис саломни қавмлари инкор қилиб, иймон келтирмадилар. Шунинг учун улар Қиёмат куни дўзахга ҳозирланувчидирлар. Магар Худонинг ихлослик бандалари нажот топувчидирлар. Келгусида Илёснинг яхши зикрини қолдирдик. Илёс алайҳис саломга Худонинг саломи бўлсин! Биз яхшиларга шундай жазо берамиз! Илёс мўъмин бандаларимиздан эди.

133-138. Албатта Лут пайғамбарлардан эди. Эй Муҳаммад, унинг ҳолини ёд қил! Биз (унинг) ўзига ва аҳлига, ҳаммасига нажот бердик. Магар унинг бир кампири кейин қолиб, ҳалок бўлди. Сўнгра бошқа ҳамма қавмни ҳалок қилдик. Эй Қурайш халқи, сизлар эртаю кеч сафарларингда уларнинг ҳалок бўлган маконларидан ўтасизлар. Оё, андиша қилмайсизларми? Кофирларнинг ҳоли қандай бўлар экан?

139-148. Албатта Юнус пайғамбарлардандир. Эй Муҳаммад, унинг ҳолини ёд қил! Қачонки кофирлардан қочиб, дарёга келиб одамлар билан тўла бўлган кемага кирди. Кемани катта бир балиқ тўсди. Кема аҳллари дарёга битта одамни ташламоқчи бўлдилар, чек ташладилар. Бас, чек Юнус алайҳис саломнинг номларига чиқди. Юнус алайҳис саломни дарёга ташладилар, балиқ ютиб юборди. Юнус алайҳис салом ўз нафсларини маломат қилар эдилар: «Ла илаҳа илла анта субҳанака инний кунту миназ-золимийн», - яъни «Сендан бошқа ҳеч маъбуд йўқдир, ҳамма айблардан покдирсан. Мен ўз нафсимга зулм қилувчидирман», - деб тавба қилдилар. Агар у тасбеҳ айтувчилардан бўлмаганда эди, Қиёматгача балиқнинг қорнида қолар эди. Бас, Биз уни балиқнинг қорнидан чиқариб майдонга ташладик. Ҳолбуки, у ниҳоятда заиф бўлиб, касал эди. Сўнгра Биз унинг тепасида қовоқ дарахтини кўкартирдик, тепасига соя солди. Қувват топганидан сўнг уни иккинчи мартаба юз минг ёки ундан зиёдароқ қавмга юбордик. Бас, улар иймон келтирдилар. Биз уларни то ажаллари келгунича дунё лаззатларидан фойдалантирдик.

149-160. Эй Муҳаммад, бу мушриклардин сўра: «малоикаларни Худонинг қизлари дейсизлар, ваҳоланки, ўзларинг қизларни ёмон кўрасизлар? Булар жавоб бериб айтсинларчи, ўзларига ўғилларини олиб, Худога қизларини берадиларми? Ёки айтсинларчи, малоикаларни қиз қилиб яратганимизда булар ҳозир эканларми? Огоҳ бўлинки, буларнинг «Худонинг фарзанди бор» дейишлари бўҳтонларидан ва ёлғонларидан. Булар албатта ёлғончидирлар. Ё Худойи Таоло ўзига ўғилларни ихтиёр қилмай, қизларни ихтиёр қилганми? Сизларга нима бўлдики, нотўғри ҳукм қиласизлар? Андиша қилмайсизларми? Сизларда бирор ҳужжат борми ёки сизларда бирор ёзилган китоб борми? Агар рост айтсаларинг китобларингни олиб келинг! Буларнинг аҳмоқлигига қарагинки, Худо билан жину девлар ўртасида қариндошлик муқаррар қиладилар. Жину парилар биладики, Қиёмат куни Парвардигорнинг ҳузурига ҳозир қилинадилар. Худойи Таоло бу кофирларнинг баён қилган сифатларидан покдир. Албатта Худонинг ихлослик бандалари Парвардигорни бундай сифатлар билан ёд қилмайдилар.

161-163. Бас, сизлар ва сиз ибодат қилаётган бутлар, ҳеч кимни гумроҳ қилолмайсиз. Магар у одамни гумроҳ қиласизларки, Худонинг илмида у одам дўзахга кирувчи бўлса.

164-166. Қачонки кофирлар малоикаларни «Худонинг қизлари» деганларида, Малоикалар ўзларининг ҳолларини маълум қилиб айтдилар: «Биз Худонинг бандаларимиз. Бизларнинг ҳар биримизга Худо тарафидан бир мартаба муайяндир. Бизларнинг баъзиларимиз Худонинг ибодатида саф тортиб турамиз ва баъзиларимиз тасбеҳ айтувчимиз».

167-170. Қурайш кофирлари Ислом келмасидан олдин, «Агар бизларга илгари ўтганлардан панду насиҳат қиладиган китоб қолган бўлганда эди, биз унга амал қилиб, Аллоҳнинг ихлослик бандаларидан бўлар эдик» деб айтадилар. Қачонки, Муҳаммад пайғамбар бўлиб дунёга келдилар, Китобларнинг афзали ва олийси Қуръон нозил бўлди. Қурайш кофирлари инкор қилиб, иймон келтирмадилар, қилган аҳдларига вафо қилмадилар. Яқинда биладиларки, куфрларининг оқибати нима бўлади?

171-179. Албатта Биз пайғамбарларга ёрдам берамиз, буларни кофирлар устидан ғолиб қиламиз, деган ваъдамиз Лавҳул Маҳфузда ёзилган. Шубҳасиз, пайғамбарлар нусрат топадилар. Бизнинг лашкарларимиз, яъни мўъмин бандаларимиз албатта кофирларга ғалаба қиладилар. Эй Муҳаммад, энди сен булардан юз ўгириб, то қитолга (жиҳодга) амр қилгунимизча қараб тур! Бас, кофирлар ҳам яқинда сенинг ғалаба қилганингни кўрадилар. Қачонки, кофирлар пайғамбарнинг ғалаба қилганини эшитгач ўзларига бало келишлигини билиб, Муҳаммаддан «Бало бизга қачон келади?» деб сўрашди. Ҳақ Таоло айтди: «Кофирлар Бизнинг азобимиз тезда келишини истайдиларми? Агар буларнинг майдонларига(?) бало нозил бўлар экан, булар кўп ёмон кунга қоладилар. Эй Муҳаммад, булардан юз ўгириб, то қитол ояти келгунича қараб тур. Булар ҳам яқинда буларни кўрадилар.

180-182. Иззат ва ғалаба эгаси Парвардигоринг кофирларнинг айтган сўзларидан Покдир. Пайғамбарларга салом бўлсин. Ва ҳамма яхшиликлар оламни халқ қилган Парвардигорникидир.

180-182 Парвардигоринг покдир, иззат ва ғалаба эгасидир. Кофирларнинг айтган сўзларидан пайғамбарларга салом бўлсин ва ҳамма яхшиликлар оламни халқ қилган Парвардигорникидир.

Орқага Олдинга

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР