loader

073. Муззаммил (ўралиб олувчи) сураси

Маккада тушган, 20 оятдан иборат
Қуръони каримнинг етмиш учинчи сураси номи «Муззаммил» луғатда «ўраниб олган» маъносидадир. «Эй кийимларига ўралиб олган зот» деб Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиш ила бошланадиган бу сурада дастлаб Пайғамбаримиз кечаларни тоат-ибодат қилиб бедор ўтказишга ва бу билан нозил бўлажак «Оғир Сўз» – Каломуллоҳни башариятга етказиш учун руҳий тайёргарлик кўришга буюриладилар. Сўнгра у зотга Макка мушриклари томонидан етадиган турли озор-азиятларга сабр-тоқат қилиш ва улардан юз ўгириш лозимлиги уқтирилиб, у мушриклардан Аллоҳ таолонинг Ўзи интиқом олажаги билдирилади. Сура мўминларнинг ҳар бир яхши амалига берилажак ажр-мукофотлар васфи билан якунланади.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.

1. Эй ўралиб олган!
Аллоҳ таоло Ўзининг севимли Элчиси, пайғамбарларнинг охиргиси, оламлар сарвари Муҳаммад алайҳиссаломга «Эй ўралиб олувчи!» дея хитоб қилмоқда. Ушбу суранинг тушиши ҳақидаги ривоятларда нақл этилишича, Аллоҳ таолонинг ваҳийи (илоҳий кўрсатмалари, яъни Қуръони карим оятлари) келиши бирмунча вақт тўхтаб қолади. Бир куни Пайғамбар алайҳиссалом тоғда кетаётганларида ваҳий келтирувчи фаришта Жаброил алайҳиссалом ўзларининг асл қиёфаларида, бор бўй-бастлари билан кўринадилар. Бу ҳолни кўриб Расули акрам қаттиқ қўрқиб кетадилар. Суюкли аёллари Хадича онамиз олдиларига қалтираб кириб: «Менга нимадир бўляпти, мени ўриб қўйинглар», дедилар. Фахри коинот қўрқинч таъсирида титраб ётганларида, Жаброил алайҳиссалом тушиб: «Йа айюҳал муззаммил» (Эй ўралиб олувчи) дедилар. Шу тариқа Қуръони каримнинг иккинчи сураси – Муззаммил туша бошлади.
2. Кечанинг кўп қисмида ибодатда қоим бўлинг;
Аллоҳ таоло Пайғамбарига (алайҳиссалом) кечанинг бир қисмидан ташқари асосий вақтларида ибодат қилинг, деб буюряпти. Чунки Аллоҳ таолонинг буюк вазифасини бажариш, яъни одамларга Унинг амр-фармонларини тушунтириш учун энди белни маҳкам боғланг, бу улуғ омонатни етказишда мақсадингизга эришиш учун буюк Парвардигорингизни кўпроқ зикр этиб, ибодатларни кўпайтиринг. Бунда айниқса кечаси қилинадиган ибодатлар холис ва самимият билан бўлади. Чунки кундузи қилинган ибодатларда риё, одамлар кўришини исташ  кабилар аралашиб қолса, тунги ибодатлар фақат Аллоҳ учун, Унинг розилигига эришиш учун бўлади. Шунинг учун салаф уламоларимиз кечалари таҳажжуд намози ўқиш, Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлишни тавсия этишган. Аллоҳ таоло шу боис Ўз Пайғамбарига «Ўралиб ётиш вақти ўтди, энди ҳаракат пайти келди», деб буюряпти. Бу оятлар тушганидан кейин Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) тунги ибодатларни кўп қилганлар. Шунда хотинлари Хадича онамиз (розийаллоҳу анҳо) азбаройи раҳмлари келганидан: «Бироз ухлаб олсангиз-чи!», деганларида, Расули акрам: «Эй Хадича, уйқунинг вақти ўтди», деганлар.
Саъид ибн Ҳишом ҳазрати Оиша бинти Абу Бакрдан (розийаллоҳу анҳо) ривоят қилади: «Эй мўминлар онаси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кечалари ибодат қилишлари ҳақида сўзлаб беринг», дедим. Ҳазрати Оиша: «Йа айюҳал муззаммил» сурасини ўқимаганмисан?» дедилар. Мен: «Ўқиганман», дедим. У киши: «Аллоҳ таоло ушбу суранинг бошида кечалари бедор бўлишни фарз қилган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда у зотнинг саҳобалари бир йил мобайнида кечалари ибодат қилишди, ҳатто оёқлари шишиб кетди. Аллоҳ таоло суранинг охирини туширмай бир йил осмонда ушлаб турди. Шундан кейингина суранинг охиридаги енгилликни туширди» (Имом Муслим, Аҳмад ривояти).
3. туннинг ярми ёки ундан озроғида;
Айтилган вақтни бироз кўпайтиришингиз ёки камайтиришингизнинг зарари йўқ. Энди туннинг ярмида ёки бундан ҳам озроғида ибодат қилишингиз мумкин. Чунки туннинг катта қисмида ибодат қилиш олдин фарз қилинган бўлса, энди нафлга (ихтиёрий) айланди. Кучингиз етганича, тоқатингиз кўтарганича, имконингиз борича кечалари зикр, ибодат қилинг. Қолган вақтларда ухлаб, ҳордиқ чиқариб, жисмингизниинг ҳам ҳаққини адо этинг.
4. ёки унга бироз қўшинг. Қуръонни тартил билан тиловат қилинг!
Агар куч-тоқатингиз етса, бундан ҳам кўпайтиришингиз мумкин. Кечанинг катта қисмини ибодатда ўтказгач, озроқ қисмида албатта ором олинг, ухланг. Киши жасадининг ҳаққини ҳам адо этиши, яъни уйқу ё ҳордиқ билан танасини тетиклантириб олиши зарур. Қуръони каримни тиловат қилсангиз, уни тартил билан ўқинг.  
Ояти каримадаги «тартил» сўзидан Қуръони каримни дона-дона қилиб, тажвид қоидаларига амал қилган ҳолда қироат қилиш тушунилади. Шунда уни фаҳмлаб-тушунишингиз, у ҳақда фикр юртишингиз осон бўлади. Муҳаммад алайҳиссаломга Жаброил алайҳиссалом Қуръонни тартил билан ўқиб берганлар ва шундай ўқишни тавсия этганлар. Пайғамбар алайҳиссалом худди шундай қироат қилардилар. Ҳазрати Оишадан (розийаллоҳу анҳо) ривоят қилинади: «Пайғамбар (алайҳиссалом) бирор сура ўқисалар, уни тартил билан ўқирдилар. Ҳатто сура узундан-узун бўлиб кетарди» (Имом Бухорий ривояти). Анас ибн Моликдан (розийаллоҳу анҳу) Набий алайҳиссалом қироатлари ҳақида сўралганида, у киши: «Қироатлари узун бўлар эди», дедилар ва сўнг «Басмала»даги «Бисмиллаҳ»ни чўзиб, «ар-Роҳман»ни ҳам чўзиб, «ар-Роҳийм»ни ҳам чўзиб қироат қилдилар. Бу билан мусулмонлардан «Қуръони каримни шошилмай, ҳарфларини аниқ қилиб ва махражидан (чиқиш жойидан) чиқариб, тўхташ ўринларига риоя қилиб, хатосиз ўқиш» талаб қилинмоқда» («Мунтахаб фи тафсирил-Қуръан», Қоҳира, 1988). Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Қуръонни хатосиз ўқувчи фаришталар билан биргадир», деганлар (Мавлоно Яъқуб ибн Саййид Али. «Шарҳи Ширъатил-Ислам», 68-бет). Мазкур оятда баён этилганидай, Қуръони карим тажвидга мувофиқ қироат қилингандагина хатосиз ўқилган бўлади. Ҳар бир ҳарфни ўз махражидан чиқариб, уни сифатига (йўғон-ингичкалигига) эътибор қилиб талаффуз қилиш тажвиддир. Қуръонни тажвидга биноан ўқиш ҳар бир мусулмонга фарзи айндир. Тажвид талабларини бузиб ўқиган гуноҳкор бўлади, чунки бунда айрим оятлар маъноси бузилади. Қуръони каримни ўқишда ҳар қандай (хоҳ очиқ, хоҳ яширин) хато ҳаромдир («Баззозия»). Ҳаромдан сақланиш эса фарздир.
5. Биз сизга оғир бир Сўзни юборамиз.
Кўпчилик муфассирлар ушбу сурани «Алақ» сурасининг илк нозил бўлган беш оятидан кейин биринчилардан бўлиб тушганини таъкидлашади. Шунинг учун Аллоҳ таоло Пайғамбарига айтяптики, Биз тез орада сизга оғир бир Сўзни, яъни Қуръонни ваҳий қилиб туширамиз. Унда Аллоҳ таолонинг башариятга масъулиятли ва машаққатли бўлган фарз-буйруқлари, белгилаб қўйган чегаралари (ҳадлари) ҳамда ҳалол ва ҳаромдан иборат таклифотлари бор. Булар шунчалик оғирки, унинг масъулиятидан қўрқиб, инсондан ўзга бирор махлуқ, ҳатто фаришталар ҳам уни зиммага олишдан қўрқишган. Ибн Зайд бундай дейди: «Аллоҳга қасам, Қуръон баракотли оғир нарсадир. У дунёда оғир бўлгани каби охиратда ҳам тарозуда оғир бўлади». Ҳусайн ибн Фазл эса: «Бу оғир юкни Аллоҳ берган тавфиқ ила қувватлантирилган қалб ва тавҳид ила зийнатланган нафсгина кўтара олади», деган. Айрим уламолар «оғир Сўз»дан мурод, ваҳий оғирлиги, дейишган. Ҳақиқатан ваҳий келиши жуда оғир, қийин жараён бўлган. Ҳазрати Оишадан (розийаллоҳу анҳо) ривоят қилнган ҳадисда: «Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Сизга ваҳий қандай келади?» деб сўрашди. У зот: «Баъзан қўнғироқ садоси каби келади, шуниси менга жуда қийин-машаққатлидир, бу мени синдириб юборай, дейди. Фаришта одам қиёфасида келиб айтган сўзларни ёдлаб оламан», дедилар» (Имом Молик, Бухорий, Муслим, Насоий ривояти). Саҳобалардан Зайд ибн Собит (розийаллоҳу анҳу) бундай деганлар: «Менинг соним Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сонларига тегиб турган пайтда ваҳий тушиб қолди. Унинг шиддатидан оёғим синиб-эзилиб кетай, деди». Пайғамбаримизга Қуръони карим оятларининг тушиши жуда оғир кечарди. Ваҳий тушган пайтда кун совуқ бўлишига қарамай, у зот терга ботар, нафас олишлари тезлашиб кетар эди. Агар Пайғамбар алайҳиссалом туяда кетаётганларида ваҳий тушиб қолса, ваҳий оғирлигидан туя ҳам юролмай қолган экан.
Қуръони каримнинг «оғир» дея сифатланиши бежизга эмас. Мусулмончиликнинг барча жиҳатлари, турган-битгани инсон нафсига оғирдир. Диннинг оғирлик билан сифатланганини инкор қилманг. Чунки бундай деб Аллоҳнинг Ўзи Қуръони каримда айтяпти. Имон, жаннат, Аллоҳ розилигига эришишнинг йўли машаққат, аммо охири гўзал саодат манзили. Аллоҳ таоло мўминларга бир неча хил ибодатни, Ўзига итоатни буюриб қўйган. Бунинг ҳам турган-битгани қийинчилик, машаққат! Роҳат-фароғатдан воз кечибгина Унинг розилигига эришасиз. Тонг саҳарда ширин уйқуни тарк этиб, оромингизни бузиб намозга турасиз. Совуқда дийдираб таҳорат оласиз. Анча йўл босиб, қоронғида туртиниб-суртиниб масжидга борасиз. Рўза тутиш ҳам бундан осонмас!  Вужудингизни емоқ-ичмоқдан, лаззатлардан қайтарасиз, тиясиз. Дилингизни, тилингизни, танингизни фақат эзгуликка буюрасиз. Ёки ҳажни олиб кўринг: ҳам пулингиз кетади, ҳам танангиз қийналади, ҳам Арабистоннинг чидаб бўлмас иссиғига, ҳаж машаққатларига бардош беришингиз керак. Закот бериш ҳам осонмас. Аммо мўмин киши Аллоҳнинг буюрганига сўзсиз итоат қилади. Унинг буйруқларини бажаради. Мўминлик осон эмас, жаннатга кириш осон эмас. Чунки инсон фитрати, табиати ҳамиша роҳат, фароғат, ором истайди. Нафси минг кўйга солади. Ана шуни енга олган чинакам мўминдир. Роҳатидан кечиб, нафсини қон қақшатиб қийнаган, меҳнат, машаққат, ибодатларга чидаган кишигина мумтоз банда бўлади. Аллоҳ Ўз ҳикматига кўра куфрни, имонсизликни осон, мўминликни қийин қилиб қўйган. Шунинг учун дунёда кофир, осий кўп, мўмин ва солиҳ инсон оз.
Дунё ҳаётида эса, ҳар қандай олийжаноблик нафсга оғирдир. Талабанинг телевизорни ташлаб дарсга ўтириши оғир. Олимнинг истироҳатни тарк этиб, ўқиш ва ўқитиш билан шуғулланиши қийин. Обиднинг иссиқ тўшакни ташлаб бомдод намозига туриши малол. Эрнинг хотини ва бола-чақасини ташлаб, нафақа илинжида олис сафарга кетиши машаққат. Худди шу каби Қуръони карим оятлари, улардаги амр-фармонларга иқрор бўлган ҳолда оғишмай бажариш ҳам инсонга катта машаққат ва чуқур масъулият юклайди. Бу синовдан ўтганларгина Аллоҳнинг улуғ мукофотларига сазовор бўлишади.
6. Ҳақиқатан тунда туриш нафсга қийин, аммо қироатга қулайроқдир.
Ҳақиқатда бироз ухлаб олгач, тун ўртасида ибодатга туриш инсон нафсига бироз малол келади. Аммо тунги ибодат кеча сокинлиги ва бутун борлиқ уйқудалиги туфайли Аллоҳга боғланишни, Унинг сифатлари ва азамати ҳақида фикр юритишга, Унга ихлос ва самимият билан ибодат қилишга қулайдир. Чунки бу пайтда намоз ўқишга, Қуръон тиловат ва илм таҳсил қилишга халал берадиган нарсалар, ўй-фикрлар чекинади. Ояти каримадаги «нашиаҳ» бироз ухлагач, туннинг ярмида ибодатга туришни англатади. Тун ўртасида бедор бўлиб, ибодатга: таҳажжуд намози ва бошқа нафл намозларни ўқиш, Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлиш, Қуръони карим  оятларини тиловат қилиш, ҳеч бўлмаганда Аллоҳнинг ваҳдонияти ва азамати ҳақида тафаккур қилиб ўтириш энг яхши солиҳ амаллардан саналади. Чунки тунги ибодатларда ихлос ва самимият, хушуъ ва хузуъ кўпроқ бўлади. Туннинг бу осуда вақтида фикрлар тиниқ, кўп нарсалар ойдинлашгани учун Қуръони каримнинг мазмуни ва моҳиятини, Аллоҳ таоло сифатларини тушуниш осонроқ бўлади. Бу пайтдаги ибодатлар яна шу билан мақбулки, улар бериё, фақат Аллоҳ розилиги учун бўлади. Чунки бу пайтда сизнинг ибодатингиздан хабардор бўлувчи бошқа одамлар уйқуда, сиз фақат Парвардигорингиз учун холис намоз ўқийсиз. Аммо Аллоҳ азза ва жалла кундузни, куннинг ёруғ қисмини тирикчилик, ризқ ахтариш, бола-чақа, аҳли-аёлнинг нафақаси таъминоти (яъни уларни боқиш) учун белгилаб қўйган.
7. Чунки кундузи турмуш ташвишларингиз кўп.
Кундузлари эса ўз эҳтиёжларингиз ва ҳаёт манфаатлари ила машғул бўлинг. Чунки бу пайтда оила, иш, бола-чақа ташвишидан бўшаб, хотиржам, фикрингизни бир жойга жамлаб, кўнгилдагидек ибодат қилолмайсиз. Шунинг учун нафл намозларингизни тунда ўқиганингиз қулайроқ. (Ушбу ояти карима мусулмонларга намоз ҳали фарз бўлмаган, яъни буюрилмаган пайтда содир бўлган, Меърож кечасида Пайғамбаримизга намоз фарз бўлгани хабари билдирилгач, кундузлари Аллоҳ таоло буюрган беш вақт намозни ўқиш жорий бўлди, тунда эса фақат таҳажжуд каби нафл, яъни ихтиёрий намозлар адо этиладиган бўлди). Лекин кечасими, кундузими – барибир Аллоҳ таолони эсдан чиқарманг.
8. Парвардигорингиз номини ёд қилинг ва Унга бутунлай ўзни бағишланг.
Қайси пайтда, қай ҳолатда бўлмасин, Аллоҳ зикрини кўпайтиринг, куну тун бу ишда давомли бўлинг. Дунё ташвишларидан ажралиб чиқиб, ўзингизни Унга бағишланг. Ояти каримадаги «табаттул» «ўзни бағишлаш, бошқа нарсалардан узилиш» маъноларини англатади. Банда бутун ғам-ташвишини, барча ишларини Аллоҳнинг Ўзига ҳавола қилиши, Унинг розилигига уйғунлаштириши лозим. Аммо бу, насронийликдаги роҳибларга ўхшаб ҳалол касб орқали бўладиган тирикчилигини ташлаб, бутунлай ибодатга берилиш, дегани эмас. Тирикчилик давомида тил ва дил Аллоҳ зикри билан банд бўлсин, дегани. Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари айтганларидай: «Қўлинг ишда, дилинг Аллоҳда бўлсин!» Ибодат ва зикрларни Парвардигорингизнинг Ўзи учун холис қилинг, унга шерик топманг. Ҳар бир ишда, ҳар бир ҳолатингизда фақат Унинг Ўзига юкунинг, суянинг. Ҳожатларингизни Унинг ўзидан сўранг, илтижоларингизни фақат Унга қилинг.
Лекин кўпларимиз бошимизга бирор иш ё мусибат тушса, одамлардан умид қиламиз, кимлардандир ёрдам сўраб борамиз, кимларгадир кўз тикамиз. Барча неъматларнинг эгаси, барча иш ва сабабларнинг Бош яратувчиси Холиқимизни унутиб қўямиз. Ибн Ато бундай деган: «Аллоҳ Ўзини авом халққа махлуқлари воситасида танитади», дейди. Валийларга (дўстларига) эса калом ва сифатлари билан танитади. Шунинг учун тилларимизни кўпроқ Аллоҳнинг зикрига ўргатайлик! Қалбларимизга тасбиҳни («Субҳаналлоҳ»), таҳмидни («Алҳамдулиллаҳ»), таҳлилни («Ла илаҳа иллаллоҳ»), такбирни («Аллоҳу акбар») кўпроқ муҳрлайлик!  Фахри Коинот соллаллоҳу алайҳи ва саллам бежизга умматларини зикруллоҳни кўпайтиришга чақирмаганлар: Абу Саид Худрий ва Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳумо) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бир қавм ўтириб Аллоҳни зикр қилса, уларни малоикалар ўраб олади ва раҳмат қоплайди. Устларига хотиржамлик-сакинат туширади. Аллоҳ уларни Ўзининг ҳузуридагилар билан эслайди», деганлар (Имом Муслим); Абу Мусо Ашъарийдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Аллоҳни зикр қиладиган киши билан зикр қилмайдиган кишининг мисоли худди тирик билан ўлик мисоли кабидир» (Имом Бухорий). «Вақт тополмаяпман ёки тоқатим етмайди», деган баҳоналар билан умримизнинг энг яхши дамларини ғафлатда ўтказмайлик! Аллоҳ ҳузурида қандай савоб-мукофотлар кутаётганини билганимизда бирор нафасни зикрсиз олиб, зикрсиз чиқармас эдик.
9. У шарқу ғарбнинг Парвардигоридир, Ундан ўзга илоҳ йўқдир! Унинг паноҳига киринг.
Охирги замон пайғамбари ва у зотга эргашган мусулмон уммати бежизга Аллоҳ таоло зикрини кўпайтириш ва бунда бардавом бўлишга чақирилмаяпти. Чунки Аллоҳ азза ва жалла бутун оламларнинг ҳам, шарқу ғарбнинг, яъни кунчиқар ва кунботар томонларнинг ҳам Парвардигоридир. Оятдаги «Ла илаҳа илла ҳу» ибораси Аллоҳ таолонинг сифатида мутлоқ мукаммалликка ишора этади. Ибодат қилишга, бандаликка, сиғиниш ва суянишга Аллоҳдан ўзга бирор илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир! Насронийларнинг Аллоҳнинг ўғли бор, У муқаддас учликнинг бири, деган даъволари таги пуч! Бошқа дин ё эътиқоддагиларнинг унга хотин, фарзанд нисбат беришлари ёлғон! Унга қандайдир жонсиз бут-санамларни шерик қилиш инсонларнинг энг катта, чидаб бўлмас катта хатоси! Чунки Аллоҳ таоло бундай «шерик»лардан устун ва пок, У ҳеч қандай шерикка муҳтож эмас! Дунёда фақат мусулмонларгина ягона Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилишади, фақат уларгина Аллоҳ таолога бошқа ҳеч нарсани шерик қилишмайди. Мусулмонларгина Аллоҳни қўйиб, баъзилари баъзиларини «робб», «илоҳ» қилиб олишмайди. Ислом бандаларни бандага сиғинишдан Аллоҳга сиғинишга олиб чиққан ягона дин ва таълимотдир! Ҳақиқат шундай бўлгач, фақат Аллоҳ таолога сиғининг, Унга қуллик қилинг, барча ишларингизни, муаммоларингизни Унинг Ўзига ҳавола этинг!
 10. Уларнинг гапларига бардошли бўлинг ва муносиб ҳолда улардан чиройли четланинг.
Эй Пайғамбарим, ношукр ва нодон қавмингизнинг сизга етказаётган озор-азиятларига, сўкиш-масхаралашларига, устингиздан кулишларига, ҳатто жисман азоб беришларига сабр-бардош кўрсатинг. Бу ишлари учун улар билан тортишиб юрманг, уларга тенг келишга уринманг. Пайғамбарга муносиб тарзда уларга чиройли муомала қилинг. Аллоҳнинг элчисига муносиб ҳолда улардан ўзингизни четга олинг. Қатода (розийаллоҳу анҳу): «Ушбу ояти карима «қитол» ояти тушганидан сўнг мансух (бекор) бўлган, қитол ояти тушгач, Пайғамбар алайҳиссалом кофирларга қарши жанг қилишга буюрилганлар», дейди.
11. Ҳузур-ҳаловатда бўлишса-да инкор этувчиларни Менга топширинг, уларга бироз муҳлат беринг.
Яъни, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарини, у олиб келган Қуръони карим оятларини ёлғонга чиқарувчиларни, бойлиги, обрўси, бола-чақасининг кўплиги Бизнинг ваҳийларимизни тан олишдан тўсиб қўяётган жоҳил кимсаларни нима қилишни Ўзимга қўйиб беринг. Уларни озгина муддатга ўз ҳолларига қўйинг. Улар ишини шундай ҳал қиламанки, ўшанда Ҳақни инкор қилишнинг оқибати нима бўлишини кўриб, афсус-надоматларда қолишади. Ҳазрати Оиша (розийаллоҳу анҳо) айтадилар: «Ушбу оят тушганидан кўп ўтмай (саноқли йилдан кейин), Бадр воқеаси бўлиб ўтди. Мана шу машҳур жангда Макка мушрикларининг аксар улуғлари ер билан яксон бўлди».
Инсон ҳолига бир боқинг: барча замон ва маконларда ҳам унинг вазифаси Аллоҳ таоло ато этган дунё ҳаётига нимага келганини англаб, буюк Парвардигори розилиги йўлида ҳаёт кечиришдан иборат бўлган. Уни Аллоҳ азза ва жалла имтиҳон қилиш учун яратган. Аммо инсон барча замон ва жамиятларда ҳам ана шу буюк ҳақиқатни англашга қодир бўлавермади. Аллоҳ таоло бунчалик кўп ва сархил неъматларни нега унга ато қилганини тушунмади. Буни пайғамбарлари ва ваҳийлари орқали тушунтирмоқчи бўлса, тан олишни, бўйсунишни истамади. Иш шунга бориб етдики, энди унинг атрофга боқишга, ҳаётининг моҳияти ҳақида ўйлаб кўришга, ўзи яшаётган оламни ва махлуқотни ким яратгани, ўзининг дунёга нега келганию ва қаёққа кетиши ҳақида фикр юритишга имкони йўқ, иложи йўқ. Аллоҳ таолога тоат ва ибодат қилиш, Унинг амр-фармонларини бажариш, қайтарган нарсаларини тарк этиш унга тоғни жойидан кўчиришдан ҳам машаққатли ишга айланган. Охират ҳақида ўйлаш умуман хаёлининг кўчасига келмайди, келса ҳам хаёлларини нари қувади.
Аксинча жилвагар дунёнинг лаззату исёнлари уни гирдобига ғарқ қилган. Шайтони лаъин икки бурнидан сим ўтказиб жиловлаб олган. Илм олиш, ибодат қилиш ва шу йўл билан Аллоҳ розилигини топиш учун яратилган инсон имтиҳон дунёсини нафсини хурсанд қилиш, ҳайвоний истакларию шаҳвоний майлларини қондириш, ҳавойи орзуларига эришиш йўлида қурбон қилиб бўлган. Бу йўлда ҳеч қандай жиноятдан, ёвузликдан қайтмайди. Инсофу диёнат, ҳалоллик-поклик каби тушунчалардан узоқлашган. Энди у ҳаётининг мазмунини лаззатларга кўпроқ ғарқ бўлишда, ҳаммадан кўпроқ ейиш-кийишда, ҳаммадан тўкинроқ ва фаровонроқ яшашда деб тушунади. У шоҳона зиёфатларда бўғзига келгунча овқат ейишни, тошиб чиққунча ичкилик ичишни ҳаёт лаззати деб билади. Умрининг энг яхши дамларини томошахоналарда ёки ғийбат қайнаган базмларда ёки қимор қизиган  давраларда совуриб юборади.
Тўхта, ўзи дунёга нимага келгансан? Ер юзини банд қилиб нима учун яшаяпсан? Умринг тугагач, қаёққа кетасан? Охират камонидан узилган ажал ўқи кўксингга келиб санчилмагунча ҳам дунё васвасаларидан қутула олмадингми? Аллоҳ динидан сўзлаганлар, яхшиликка чақирганларнинг сўзига нега беэътиборсан? Ҳақ йўлга даъват қилишса, нега «жоҳиллар эркимни бўғишяпти», деб дод соласан? Назарингда ичкиликка ғарқ бўлиб, фаҳшга ботиб, ўзгаларга зулм қилсанг ҳам ҳеч ким мушугингни «пишт» демаслиги эркинликми? Азиз умрингни ғафлатда, ғурбатда, ишратда совуриб юбориш яхши яшашга кирадими? Ахир, Аллоҳ таоло ушбу оятда ваъда қилганидай, қилмишларинг жазоси бериладиган фурсат жуда яқин қолган-ку! Нега кўзингни очмайсан, Аллоҳга қуллик қилишга киришмайсан?
12. Бизда албатта кишанлар ва дўзах мавжуд.
Гуноҳкор ва итоатсиз кимсалар учун Аллоҳ азза ва жалла ҳузурида шундай азоб-қийноқ воситалари борки, буларнинг азиятига унча-бунча одамнинг тоқати ва бардоши етмайди. Аллоҳ бундан хабар бериб айтяптики, Бизнинг ҳузуримизда бундай осийлар танасини азоблаш учун «юмшоққина» кишанларимиз, уларнинг жисмига сал тегиб кетса куйдириб, абадий қийнаш учун ловуллаб ёнувчи дўзахлар бор. Булардан асло қутулиб бўлмайди.
13. Томоққа тиқилувчи таом ва қаттиқ азоб ҳам бор.
Ва халқумларида тикан ёки балиқ суяги каби тиқилиб қийинчилик билан ўтадиган, ҳаргиз ҳазм бўлмайдиган «таом»лар ҳам бор. Муфассирлар дўзахийларнинг таоми заққум деган дарахтнинг заҳардай меваси, гуноҳкорларнинг яраларидан ва фаржларидан оқиб турувчи йиринг-зардоблардан иборат эканини ёзишган. Буларни еб, ютиш у ёқда турсин, ҳатто унинг яқинида туриш азоб устига азобдир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади: «Унинг олдида дўзах бордир. Унга йирингли сувдан берилганида уни ютмоқчи бўладию, ўтказа олмайди. Унга ҳар томондан ўлим келадию ўлолмайди» (Иброҳим, 16-17). Абдуллоҳ ибн Аббос (розийаллоҳу анҳумо) Пайғамбарнинг (алайҳиссалом) бундай деганларини ривоят қилади: «Агар дунё денгизларига «заққум»нинг бир томчиси тўкилса, дунё аҳлининг бутун ҳаётини бузади» (Имом Термизий ривояти). Абу Дардо (розийаллоҳу анҳу) эса Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ушбу сўзларини келтиради: «Дўзах аҳли азоблардан ташқари очликка ҳам дучор этилади. Улар таом сўрашганида қорин тўйдирмайдиган, очликни кучайтирадиган «зарийъ» (заҳарли ва бадбўй тикансимон ўсимлик)дан бўлган «таом» берилади. Улар тўймай, «овқат, овқат» деб бақиради, шунда уларга томоғларини бўғадиган таом берилади».
Аммо булардан ташқари дўзахда кучли оғриқ берувчи азоблар ҳам бор, бу азобнинг қандайлигини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди. Оятдаги «азаб» калимаси накра, яъни ноаниқ шаклда келиши бу азоб олдин баён этилган, инсонлар тасаввуридаги азобдан ҳам қаттиқ эканига далолатдир.   Кофирларга дўзахда тайёрлаб қўйилган қийноқ-жазоларни тавсифлаб бўлганидан кейин Аллоҳ таоло бунинг вақти қачон келиши ҳақида хабар беради:
14. Ер ва тоғлар ларзага келиб, тоғлар қумтепалар каби сочилган бир Кунда;
Оятдаги «таржуфу» сўзи «қаттиқ титраш, ҳаракатга тушиш» маъноларини, «маҳил» эса «сирғалувчи, ўрнида турмайдиган» маъноларини англатади. Жазо куни бўлмиш қиёмат Ер ва тоғлар титраб, ларзага келган, тоғлар худди қум барханлари каби сочилиб-сузиб юрган бир кунда содир бўлади. Қиёмат келганида Еримиз ҳам, пурвиқор тоғлар ҳам парчаланиб кетади, доимий вазифасидан озод қилинади. У кунда тоғларнинг худди қумтепалар каби барча жонзотлар устида учиб юрганини кўрасиз. Қадам босмоқчи бўлсангиз, илож топилмайди, оёқ сирпаниб ё ерга ботиб кетаверади. Дунёдаги ҳамма нарса остин-устун бўлиб, Коинот тизими ҳам издан чиқиб кетади. Ана шу кунда кофир ва мушрикларга ваъда қилинган жазо соатлари бошланади.
15. (эй маккаликлар), худди фиръавнга юборилган пайғамбар каби сизларга ҳам гувоҳликка ўтувчи Пайғамбарни юбордик.
Эй маккалик мушриклар, худди қадимда Миср фиръавнига Мусо алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборганимиз каби сизларга ҳам орангиздан танлаб олган Пайғамбаримиз Муҳаммадни (алайҳиссалом) ваҳий билан юбордик. Нега унга итоатсизлик қиляпсизлар? Сўзларига ишонмай, уни мажнун ёки шоирга чиқаряпсизлар, ёлғонда айблаяпсизлар? Ахир Фиръавн ва унинг қавми ҳам Мусони (алайҳиссалом) сизлар каби инкор қилганида бошига не кулфат-балоларимизни юборганимизни бир эсланглар!
Фиръавн Миср ҳукмдорларининг умумий номи, ушбу оятда зикр этилаётган «фиръавн Волий ал-Валид ибн Мусъаб (тарихий номи Рамзес Иккинчи) ўта золим, Бани Исроил қавмига душманлиги кучли, ҳатто «Олий Роббингизман» деб, худолик даъвосигача борган разил кимса эди» («Тарихи Табарий», 2-жилд, 272-бет). Бани Исроилнинг ўн икки қавми Мисрда яшар, фиръавндан жуда қаттиқ зулм кўрган эди. У коҳинлар башоратига кўра, ҳатто Бани Исроилда туғилган ўғил болаларни қириб ташлашга қарор қилган эди. Шунда Аллоҳ таоло иродаси билан ёш Мусо фиръавннинг қатл қилишидан қутқарилди ва унинг хонадонида тарбияланди. «Мусо (алайҳиссалом) улғайгач, уни пайғамбар этиб тайинлаб, мўъжизалар билан қувватлади ва Фиръавн олдига юборишни ирода қилди. Мусо алайҳиссалом иниси Ҳорун алайҳиссалом билан Миср фиръавни ва унинг қавмини ҳидоятга чорлашди. Аммо нодон ва жоҳил фиръавн ва қавми Аллоҳ элчисининг сўзига ишонмади, кўрсатган мўъжизаларини сеҳр деб ўйлади. Ҳатто у ёллаган сеҳргарлар имонга келгани ҳолда куфри қаттиқ қавм Аллоҳ ва Унинг пайғамбарини инкор қилаверди. Бунинг устига золим фиръавн Бани Исроилни иккинчи бор қатағон қилишни бошлади. Шунда Аллоҳ таоло золим фиръавн ва унинг қавмини турли синовларга сола бошлади. Аммо шунда ҳам уларнинг кўзи очилмади, ҳақни топмади. Мусога бас келолмаслигини англаган фиръавн уни жисман йўқ қилиш ҳақида ўйлай бошлайди. Мусо ва Ҳорун (алайҳимуссалом) қанча тиришиб ҳаракат қилишмасин, фиръавн қавмида фақат уч киши: унинг хотини Осиё, амакиваччаси Шамъон ва Мусони фиръавн ғазабидан огоҳлантириб, кўчиб кетишга кўндирган шаҳарлик киши имонга келди, холос» (Ибн Касир. «Қисасул-анбиё», Қоҳира, 231-264-бетлар). Мисрликлар ўзлари билан ўзлари овора бўлиб туришганида Бани Исроил Шом тарафга қараб йўлга чиқди. Уларнинг қочиб кетаётгани хабарини эшитган фиръавн тезда аскар тўплаб, қувишга тушди. Шунда Аллоҳ таоло иродаси билан денгиз иккига ажради ва Бани Исроил ундан эсон-омон ўтиб кетди, фиръавн ва унинг лашкарлари улар изидан денгизга тушганида устларини сув ёпиб, барчалари денгиз қаърида қолиб кетди. Ҳалок бўлаётганини сезган фиръавн имон келтирди, аммо Аллоҳ итоатсиз ва золимнинг ўлим ёқасидаги тавбасини қабул қилмади.
16. Фиръавн пайғамбарга итоат этмади ва Биз уни қаттиқ жазоладик.
Пайғамбарлар Мусо ва Ҳорунга (алайҳимуссалом) итоат этмаган фиръавн шу тариқа Аллоҳ азза ва жалланинг қаттиқ ғазабига ва азобига гирифтор бўлди. Саид ибн Жубайр Ибн Аббосдан (розийаллоҳу анҳумо) ривоят қилади: «Аллоҳ таоло фиръавнни сувга ғарқ қилган пайтда у бармоқлари билан ишора қилиб баланд овозда: «Мен Исроил авлодлари имон келтирган ягона Аллоҳга имон келтирдим!» деди. Жаброил алайҳиссалом фиръавнга Аллоҳ ғазабидан олдин раҳмати етиб қолишидан қўрқиб, унинг юзига қанотлари билан уриб ҳушидан кетказдилар». Заҳҳок ибн Қайс одамларга қилган мавъизасида ушбу ривоятни келтирган: «Жаброил алайҳиссалом: «Дунёда ҳеч кимни «Мен Олий Раббингизман» деган фиръавнчалик ёмон кўрмаганман. Шунинг учун ҳам у ғарқ бўлишини билиб, Аллоҳга имон келтирган вақтда унинг оғзига лой билан уриб-тўлдирганман» (Ибн Касир. «Қисасул-анбиё», Қоҳира, 266-бет).
Абдуллоҳ ибн Аббос ва бошқа олимлар айтишича, Бани Исроил фиръавннинг ўлимига ишонмай, ҳатто баъзилари: «у мутлақо ўлмайди» дейишгача борган эди. Аллоҳ таоло ишонмаганларга ҳужжат, Ўзининг қудратига далил, келажакдаги қавмларга ибрат бўлиши учун денгизга фиръавн жасадини устидаги жанг либоси билан сув юзига чиқаришни буюрди ва бу жасаднинг қиёматгача бузилмай туришини ирода қилди. Маҳмуд аз-Замахшарий ёзади: «Сени денгиз қирғоғининг бир бурчагига чиқариб  ташлаймиз. Жасадингни бутунлай нуқсонсиз, бузилмаган ва кийимсиз ҳолатда, сендан кейин келадиганлар (ибрат олишлари) учун сақлаймиз» («Кашшоф» тафсири, 2-жилд, 68-бет). (Дарвоқе, уч минг йил олдин ўлган фиръавннинг жасади сира бузилмай, ҳатто эти, териси, сочларию тирноқларигача сақланган жасади ҳозир Лондандаги Британия музейида сақланмоқда).
17. Куфр келтирсангиз, болаларни ҳам қаритиб юборадиган Кундан қандай қутуласиз?
Эй мушриклар, Аллоҳга ва Унинг ваҳийларига куфр келтириб юрибсизлару бугун-эрта бошингизга келадиган даҳшатли Кундан нега хотиржам юрибсизлар? Ёки у куннинг азоби ва жазосидан қутилишга имконингиз борми? Ахир қиёмат шунчалик қаттиқ ҳодисаки, ҳатто ёш болалар қўрққанларидан бир лаҳзада сочлари оппоқ оқариб, қариб кетишади. Аллоҳ таоло айтади: «Улардан ҳар бирига у кунда етарли ташвиш бўлади» (Абаса, 37). Ҳазрати Оишадан (розийаллоҳу анҳо) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Инсонлар қиёмат куни ялангоёқ, яланғоч ва суннатсиз ҳолда Аллоҳ ҳузурига тўпланишади», дедилар. Шунда: «Эй Аллоҳнинг элчиси, аёллар ва эркаклар бирга тўплангач, бир-бирларига қарашмайдими?» деб сўрадим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Эй Оиша, у куннинг даҳшатидан улар буни хаёлларига ҳам келтира олмайдиган даражада бўлишади», дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
18. Ўша куни осмон ҳам ёрилади, Аллоҳнинг ваъдаси амалга ошади.
Қиёмат куни Қуёш қаттиқ қизийди, осмонлар ёрилиб, худди қорамой ёки маъдан каби оқиб тушади. Дунё ҳаётида Аллоҳ таоло ваъда қилган, пайғамбарлари томонидан тинмай огоҳлантирилган даҳшатли кун келиб, Парвардигор ваъдаси амалга ошади. «Аллоҳ таоло илоҳийлик мақомида тажаллий этиб, етти қават осмонни ўнг ядига («қўли»га), етти қават ерни чап ядига олиб дейди: «Эй ҳақир дунё, сенда илоҳлик даъвсини қилганлар, аҳмоқлар, ўзини худо деб билган ожизлар қаерда? Сенинг гўзаллигинг ва шаҳватларингга алданган ва охиратини унутганлар қаерда?». Шундан кейин қаҳр ва йўқ қилувчи қуввати ва ҳикмати билан ифтихор этади, «Мулк кимникидир?» деб сўрайди. Ҳеч ким жавоб бермайди. Қаҳҳор сифатли Аллоҳ таолонинг Ўзи: «Бутун мулк Воҳид ва Қаҳҳор Аллоҳникидир!» деб жавоб беради» (Имом Ғаззолий. «Қиёмат ва охират», Тошкент, 2004, 34-бет).
19. Булар сизларга Эслатмадир, ким хоҳласа, Парвардигори йўлига ўтади.
Қуръони каримнинг огоҳлантирувчи, қўрқитувчи  оятлари барчангиз учун эслатмадир, йўлланмадир. Ким буларга амал қилса, Аллоҳ таолонинг ҳақ йўлига кирган бўлади. Ким инкор қилса, ишонмаса, ҳидоят йўлидан чекиниб, залолатга юз бурган бўлади. Аллоҳ таолонинг бундай ваъдаси бор: «Ким Менинг Эслатмамдан юз ўгирса, унинг учун танг турмуш бўлиши муқаррар ва Биз уни Қиёмат куни кўр ҳолда тирилтирамиз. У: «Парвардигорим, нега мени кўр ҳолда тирилтирдинг?» дейди. Айтилади: «Сенга Бизнинг оятларимиз келганида уларни унутдинг. Бугун сен ҳам шундай «унутиласан» (Тоҳа, 125-126). Ушбу суранинг илк оятлари туширилганидан кейин Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом уйқуни бутунлай тарк этдилар, кечаларни фақат ибодат билан, намоз ўқиб, Аллоҳ таолонинг зикрини қилиб ўтказадиган бўлдилар. Бирмунча вақтдан кейин Аллоҳ таоло у кишига, у зот орқали бутун Ислом умматига катта енгиллик берди.
20. (Эй Муҳаммад), Парвардигорингиз сизнинг ва сизга эргашган гуруҳнинг туннинг учдан икки қисмидан озроғини ёки ярмини ё учдан бирини ибодатда ўтказаётганингизни албатта билади. Аллоҳ кеча ва кундузни Ўзи тақсимлаб қўйган. У тоқатингиз етмаслигини билиб, сизларга раҳм қилди. Энди Қуръондан имкон қадар ўқийверинглар. У баъзиларингизнинг бемор бўлишини, бошқаларингизнинг Аллоҳ розилигини излаб сафарга чиқишини, айримларингизнинг Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилишини ҳам билади. Энди муяссар бўлганича ўқинглар, намозни адо этинглар, закотни ато қилинглар ва Аллоҳга «қарзи ҳасана» беринглар. Ўзингизга қандай яхшиликни тайёрлаган бўлсангиз, Аллоҳ ҳузурида ундан яхшироғини ва улкан мукофотни топасизлар. Аллоҳдан кечиришини сўранглар, Аллоҳ ҳақиқатан кечирувчи ва раҳмлидир.
Аллоҳ таоло суюкли ҳабиби Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб айтяпти: «Сиз ва сизга эргашганларнинг Парвардигорингиз амрига бўйсуниб. гоҳида кечанинг учдан иккисида, баъзан эса ярмида, гоҳо учдан бирида туриб намоз ўқиётганингизни ҳам, бедор ҳолда турли зикр ва дуолар билан машғул бўлаётганингизни ҳам Биз яхши билиб турибмиз. Чунки кеча ва кундузларнинг, замон ва вақтнинг ягона яратувчиси ҳам фақат Ўзимиздир». Ояти каримада «Аллоҳ кеча ва кундузни Ўзи тақсимлаб қўйган» дейиляпти. Вақтнинг ҳақиқий эгаси Аллоҳ таолодир. Вақт зиммамиздаги улкан ғанимат, улуғ неъмат ва йўқотилганда қайтиб келмайдиган бемисл бойликдир. Динимизда вақтни қадрлаш, уни исроф қилмаслик буюрилган. Вақтнинг «баракасизлиги»дан, унинг етишмай қолишидан шикоят қилувчилар, бирор фойдали, яхши иш қилишга вақт тополмаётганлар арзу додида фақат бир нарсани: ғафлат ва залолатни кузатиш мумкин. Бундай кимсаларнинг умри, вақти гуноҳлар, зулмлар, ёмонликлар учун етиб ортгани ҳолда савобли амалларга, яхши ишларга етмай қоляпти. Улуғ шоир Юнус Эмро: «Ҳар кун янгидан туғиламиз», деб ёзган. Ўтаётган кунлар гуноҳларимиз ортиши, барака камайиши учун эмас, балки хато-камчиликларни йўқотиш, гуноҳларга тавба қилиш, эзгу ишларни кўпайтиришга хизмат қилсин!
Оят давомида Аллоҳ таоло айтяптики, сизларни ҳам Ўзимиз яратганимиз учун тоқат, сабрингиз етмай қолишини ҳам биламиз. Шу боис Аллоҳ азза ва жалла бандаларини қийинчиликдан енгилликка қайтарди, олдин фарз қилган тундаги нафл намозларни адо этмасликка, кечанинг катта қисмида бедор бўлмасликка рухсат берди. Мана шу ояти карима билан тунги намознинг фарзлиги бекор бўлди. Буни Имом Муслим Анас ибн Моликдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилган ушбу ҳадис тасдиқлайди: «Бир киши Расули акрамдан: «Зиммамда бундан (беш вақт намоздан) бошқаси борми?» деб сўради. У зот: «Йўқ» (қолгани фақат нафл) дедилар». Энди мусулмонлар кечалари имконлари бўлганда таҳажжуд каби нафл (ихтиёрий) намозларни ўқиш, Қуръон тиловати, зикруллоҳ билан машғул бўлишлари мумкин.
Шундан кейин оят давомида Аллоҳ таоло бундай енгиллик берилиши сабабларини ҳам баён этади: айримларнинг кечаси туриб ибодат қилишга имкон бермайдиган узрлари бўлиши, яъни касалланишлари мумкин; баъзилар эса ризқ ахтариб, тижорат мақсадида ёки илм талабида сафарга чиқишлари мумкин; бошқалари эса Аллоҳ розилиги йўлида жидду-жаҳд ёки душманга қарши урушгани отланган бўлишлари мумкин. Алқамадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинишча, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи ва саллам: «Бир шаҳардан бошқасига зарур мол етказиб берувчи бўлса ва олиб келган нарсасини ўша кун нархида сотса, унинг ўрни Аллоҳ ҳузурида шаҳидлар мақомида бўлади», деганлар ва «Ъалима ан саякуна минкум марзо ва ахоруна язрибуна фил арзи ябтағуна мин фазлиллаҳ ва ахоруна юқотилуна фи сабилиллаҳ» оятини ўқидилар». Бундай кишиларнинг кечаси туриб ибодат қилишлари маҳол иш. Энди кучингиз ва тоқатингиз етганича ибодат қилаверинглар, Қуръондан ҳам муяссар бўлгунча ўқинглар (бундан кўзланган мурод намоз ўқишдир). Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозини нотўғри бажарган бир кишига «Ўзингга Қуръондан муяссар бўлганини ўқи», деганлар (Имом Бухорий ва Муслим); Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) қилинган ривоятда: «Намоз фақат Қуръон биландир, гарчи Фотиҳа сураси билан бўлса ҳам», деганлар (Абу Довуд). Аммо фарз намозларини барча рукнларига риоя қилган ҳолда вақтида адо этинглар, закотни ҳақдорларга беринглар ва Аллоҳга «қарзи ҳасана» (чиройли қарз) беринглар. Уламолар «қарзи ҳасана»ни ҳалол молдан холис Аллоҳ розилигини истаб, муҳтожларга нафақа беришдир, деб шарҳ қилишган. Банда бу дунёда қандай яхши амал, савобли иш қилмасин, унинг манфаатини, фойдасини, мукофотини охиратда топади. Бу яхши иши чиройли ибодатлар бўладими ёки муҳтож кишиларга молиявий ёрдам кўрсатиш бўладими ёхуд бировнинг қийинчлик-машаққатини аритатдими, барибир, албатта бунинг савобини олади.
Сура мусулмонларни Аллоҳдан ҳамиша мағфират сўрашга чақириш билан якунланмоқда. Инсон нафси табиатан гуноҳ қилишга мойил, ҳар бир инсон хатокор. Барча гуноҳу исёнлар асосан шаҳватларга берилиш ва моддапарастликдандир. Аммо «Одам боласи хатокор экан-да» деб хатолар, гуноҳлар давом эттирилмайди, тавба-тазарру қилинади. гуноҳга қайтмаслик чоралари кўрилади. Аллоҳ таоло айтади: «Модимики, сиз (эй Муҳаммад) улар орасида экансиз, Аллоҳ уларни ҳаргиз азобламайди ва улар мағфират сўраб турган ҳолларида ҳам Аллоҳ уларни азобловчи эмас» (Анфол, 33). Баъзи саҳобалар: «Бизга икки омонлик бор эди: бири – Аллоҳ Расулининг орамизда бўлиши. Бу омонлик кетди. Лекин иккинчи омонлик – истиғфор биз билан биргадир. Агар у кетса, ҳалок бўламиз», дейишган (Имом Термизий ривояти).

Орқага Олдинга