loader

104. Ҳумаза (Ғийбатчи) сураси

Маккада тушган, 9 оятдан иборат
Суранинг номи унинг биринчи оятидаги сўздан олинган. «Ҳумаза» луғатда «бўҳтончи, бировларни ғийбат қилувчи, камситиб айбловчи» маъноларини билдиради. Сурада тўплаган мол-дунёси билан қувониб, ўша моли ўзларини ҳар қандай бало-офатдан сақлайди, деб ўйлайдиган ва ҳадларидан ошиб бировларнинг обрўсини тўкиб юрадиган ғийбатчи-бўҳтончи кимсалар албатта дўзах азобига дучор қилиниши ҳақида сўз юритилади.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.

1. Ҳар бир ғийбатчи ва маломатчининг ҳолига вой;
Ушбу оятдаги «ҳумаза» одамларни ғийбат қилиб, сўз, амал ёки ишора билан таҳқирлаш маъносида, «лумаза» эса одамларни кўз-қош ёрдамида имо-ишора билан айблаш маъносидадир. Муқотил: «Ҳумаза – ўзи йўқ одамни орқасидан ғийбат қилиш, лумаза – юзга солиб айблашдир», деган бўлса, Ибн Аббос: «Ҳумаза ва лумаза кишини ҳақорат қилиб айблашдир», деган. Одамларни ана шундай камситиб, айблаб юрадиган ғийбатчи ва масхарачилар ҳолига вой бўлсин! Одамларни улар йўқлигида ғийбат-ҳақорат қилиб, олдида айблайдиганларга қаттиқ азоб ва хўрликлар бўлсин! Ато, Калбий ва Суддийлар: «Бу сура Аҳнас ибн Шурайк ҳақида нозил бўлган, чунки у одамларни, хусусан Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айблаб, ғийбат қилиб юрарди», дейишган. Муқотил, Муҳаммад ибн Исҳоқ Суҳайлий ва Абу Ҳайён сурани бошқа одам ҳақида нозил бўлганини айтишади. Сура ким ҳақида тушган бўлмасин, унда баён этилган қайтариқлар умумийдир, ҳаммага тааллуқлидир. Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳ бандаларининг энг ёмони чақимчилар, дўстлар орасини бузиб, айбсиз одамларга тажовуз қилувчилардир», деган ҳадислари бор.  
2. мол-дунё тўплаб ҳисоблайверадиган!
Яъни, одамларни ҳақорат қилиб, айблаб, улардан ўзини баланд тутувчи кимсанинг бундай қилишига мол-дунёсининг кўплиги сабабдир. Мана шу сабаб туфайли у ўзини бошқалардан устун, «фазилатли» деб гумон қилади. Йиққан молим абадий яшашга кафолат қилади, деб ўйлайди. Ўлмайман, мангу тирик юраман, деган хаёлга боради. У мол-дунёсининг ҳисоб-китобидан бўшамайди, тинимсиз уни кўпайтириш йўлида елиб-югуради. Оқибатда Аллоҳни унутади, Унга тоатда, ибодатда бўлиш бурчи эсига ҳам келмайди. Мол-дунёсини керакли ўринларга сарфламай, ғурур ва туғёнга кетади.
3. У мол-дунёим вафо қилади, деб ўйлайди.
Бу адашган кимса мол-дунёларим охиратда асқотади, деб ўйлайди. У ғафлатда қолиб, бу бойликларим дунё ҳаётида мангу яшашимга асқотади, деб гумон қилади. Кимга бойлиги вафо қилибдики, унга вафо қилсин. Умр бўйи мол-дунё тўплашга интилган,  охиратни унутиб, фақат йиққан молининг ҳисоби билан машғул бўлган қанча-қанча бой-бадавлат кишиларнинг тўплагани кимларга қолди? Улар қабрларига битта гугурт чўпини ҳам олиб кетишолгани йўқ-ку! Ҳазрати Алининг (розийаллоҳу анҳу) бундай гаплари бор: «Мол-дунё хазиначилари тирик бўлишса ҳам ўлик ҳолидадир, уламолар эса, замон қолгунича боқийдирлар». Ҳатто дунёнинг ярмини эгаллаб, улкан салтанатга ҳукмронлик қилган Македонияли Искандар ҳам ўлими олдидан қабрга қуп-қуруқ кетаётганини халққа билдириш учун қўлларини тобутдан чиқариб қўйишларини васият қилган экан.  
4. Йўқ, у албатта «ҳутома»га ташланади.
«Ҳутома» дўзах номларидан бири. Мол-дунёсига ғурурланиб, кибрга бориб, одамларни боридаю йўғида ғийбат ва масхара қиладиганларнинг жойи албатта дўзахдадир.
5. (Эй инсон), «ҳутома»нинг нималигини қаердан билардинг?
Эй инсон, «ҳутома»нинг, яъни дўзахнинг нималигини, қандайлигини қаеқдан ҳам билардинг? У нима нарса ўзи? Бу таъкид билан инсон дўзахни идрок эта олмаслиги айтиляпти. Ҳақиқатан, жаннат ва дўзах, қиёмат куни, охират дунёси, азоб фаришталари каби ғайбий (яширин) нарсаларнинг сифати, моҳияти ва ҳикматини инсон англашга қодир эмас, буларнинг барини ёлғиз Аллоҳ азза ва жалла билади.
6. У Аллоҳнинг ёндирган оловидир;
«Ҳутома» Аллоҳ таоло ёндириб қўйган мангу оловдир, у Қодиру Зулжалол амри билан ёқиб қўйилган, асло ўчмайди. Оятда «Аллоҳнинг олови» дейилишидан мурод, у оловнинг жуда буюк ва бошқа оловлар каби эмаслигини таъкидлашдир. Бундан кейинги оятларда дўзахнинг учта сифати баён этилади:
7. юракларгача етиб борадиган.
Яъни, олов юракларни ўраб, тириклайин куйдириб юборади. Юрак бадандаги энг оғриқ сезувчи аъзодир. Юракни хослаб зикр этилишига сабаб, азоб тортувчи юрак ботил ақида, ёмон ният, кибр ва одамларни паст санашга ундайдиган аъзо ҳамдир. Шунинг учун «ҳутома» оловлари юракларни ўраб-чирмаб азоблайди. Холид ибн Имрон ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Дўзах ўз аҳлини ейди, юрагига етиб келганда тўхтайди. Сўнгра (жасад) янгидан пайдо бўлади, уни олов яна қайтадан куйдира бошлайди», деганлар.
8. Уларнинг устидан ўраб олади.
Олов дўзахийларни шунчалик ўраб оладики, улар ундан қочишга, чиқиб кетишга асло қодир бўлолмайди. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилган: «Уларни қамраб олувчи олов муқаррардир» (Балад, 20); «Ҳар гал ғам туфайли ундан (дўзахдан қочиб) чиқмоқчи бўлишса, яна унга қайтарилишади ва «Ўт азобини тотингиз!» (дейилади)» (Ҳаж, 22).
9. Узун устунларга боғлаб қўйилади.
Мол-дунёсига ғурурланиб, бошқаларни камситадиганлар охиратда дўзахнинг узун устунларига узун-узун занжирлар билан боғлаб қўйиб азобланади. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй дўзах қўриқчилари), уни ушлаб кишанланглар, сўнга уни оловда куйдиринглар, сўнгра узунлиги етмиш газ бўлган занжирга солинглар!» (Ал-Ҳоққа, 30-32).

Орқага Олдинга

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР