loader

085. Буруж сураси

Мехрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

[1]. Қасамёд этаман (ўн иккита) буржларга эга осмон билан,
Аллоҳ таолонинг бу ояти, шунингдек, ундан кейин зикр қилиб ўтган оятлари қасам учун келган. Бу сурада касам нима учун ичилаётгани хусусида турли хил фикрлар илгари сурилган. Бинобарин, муфассирлардан баъзилари бу қасам «Чоҳ эгалари»га - лаънат!»(Шу суранинг 4-ояти.) оятининг аҳамияти учун ичилмоқда, деганлар.
Яна айрим муфассирлар эса бу қасам: «(Эй Муҳаммад!) Шубҳасиз, Раббингизнинг (азобга) тутиши қаттиқдир»,(Шу суранинг 12-ояти.) деган ояти учун ичилган, деганлар. Бу фикр ҳақиқатга яқинроқдир. Чунки бу оят кофирларга қарши далил-ҳужжат ўрнида келган. Агар қасам «Чоҳ эгалари»га - лаънат!» ояти учун ичилган бўлса, у мўминларга қарата айтилган бўлиб чиқади. Ваҳоланки, мусулмонлар Пайғамбар алайҳиссалом олиб келган хабарларнинг ростлигига аниқ ишонганлар. Қасам эса мақсаддаги гумонни кетказишда уни таъкидлаш учун ишлатилади. Модомики, мусулмонлар Пайғамбар алайҳиссалом олиб келган хабардан шубҳаланмаган эканлар, уни қасам билан таъкидлашнинг уларга кераги бўлмаган. Шунинг учун биз бу қасам «(Эй Муҳаммад!) Шубҳасиз, Раббингизнинг (азобга) тутиши қаттиқдир» ояти учун ичилган дейишимиз муносиброқдир, деб айтиб ўтган эдик. Бинобарин, бу оятда Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломни ёлғончига чиқарган кишиларни қаттиқ азобга тутиш билан огохдантирмокда. Улар Од, Самуд, Фиръавн ва бошқаларга етган азоб-уқубатлар ҳақида ўзларига етиб келган хабарлар орқали уни яхши билганлар.
Қасам «Чоҳ эгалари»га - лаънат!» ояти учун ичилган бўлиши ҳам мумкин. Негаки, маккаликлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга имон келтирган зотларни азоблар эдилар. Олдинги замонларда ўтган мусулмонларга фиръавнлар тарафидан етган азоблар, ана шу азобга солинганларнинг ўз динлари учун қилган сабрлари ва фидокорликлари ҳамда Аллоҳ таолонинг уларга айтган мақтовининг зикр қилинишида мусулмонларни сабр қилишга ундаш бор. Ўзларидан олдин яшаб ўтган мусулмонлар ичидан сабр қилганлар эришган Аллоҳ таолонинг мақтовига эришиш йўлида йўлиқаётган азобларни уларга енгил қилиб кўрсатиш бор.
Шунингдек, Аллоҳ таоло (Қуръони Каримда) Фиръавннинг сеҳргарларини ҳам зикр қилган. «Бас, циладиган уукмингни қилавер. Сен фацат мана шу дунёдагина ҳукм қилурсан»,(Тоҳо сураси, 72-оят.) - деб Фиръавннинг азоблашига сабр қилганлари учун уларни олқиш-лаган. Булардан мақсад, кофирлар тарафидан етаётган азобларга сабр қилишда мусулмонларга мадад бўлишидир.
Сўнгра Аллоҳ таоло бу ишни қасам билан таъкидлади. Чунки кофирларнинг азоблашлари билан имтиҳон қилинган ҳар қандай мусулмоннинг кучли ишончи ҳам ҳеч қандай шак-шубҳа аралашмайдиган даражага етавермайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло бу тоифадаги мусулмонлардан шубҳа ва чигалликни кўтариш учун бу ишни қасам билан таъкидлади. Аллоҳ таоло: «Қайси бир пайгамбар (ўтган бўлса), у билан бирга кўп жамоалар жанг ҳилганлар». Баъзи бир қироатларда «у билан бирга кўп жамоалар ўлдирилганлар», - деб ўқилган,(Нофиъ, Ибн Касир, Абу Амр ва Яъқуб: «у билан бирга кўп жамоалар ўлдирилган», деб ўқишган. Ибн Меҳрон, «Ал-мабсут фил қироъотил ъашар», 169-бет.) - (Лекин) Аллоҳ йўлида уларга етган нарсалар сабабли сустлик, заифлик ҳилмаганлар, (ёвга) таслим ҳам бўлмаганлар»,(«...Аллоҳ (эса) сабрлиларни севар». Оли Имрон сураси, 146-оят.) деган. Бу билан У аввалги мусулмонларга кофирлар тарафидан етган азоб-уқубатларни эслатган. Имон келтирган пайғамбарлари қатл қилингани ва улар ўз динларида барқарор қолганларини зикр қилиб ўтган. Токи улар ҳам Аллоҳнинг йўлида ўзларига етган азоб-уқубатларга сабр қилсинлар. Ўзлари имон келтирган Пайғамбар ўлдирилгани ҳақидаги хабарни эшитиб ортларига - куфрга қайтиб кетмасинлар.
Мана шундай хабарларнинг зикр қилинишида Аммор розияллоҳу анҳу тили билан куфр калимасини айтишга мажбур қилинганида қалби (имон билан) хотиржам бўлгани ҳолда ўша куфр сўзни тили билан айтган чоғида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг унга: «Агар яна шу ишни қиладиган бўлсалар, сиз ҳам ўз ишингизни қайтаринг»,(Ҳоким. «Ал-мустадрак ъалас-саҳиҳайн», 2-жилд, 389-бет. Байҳақий. «Сунан ал-кубро», 8-жилд, 362-оят.) деган сўзлари бажарилиши лозим бўлган фарз буйруқ эмаслигига, уни қатъият билан амалга ошириш вожиб эмаслигига, аксинча, у зот алай-ҳиссалом айтган сўзнинг маъноси «агар улар яна шу ишни қиладиган бўлсалар, рухсат тариқасида сизнинг ҳам яна ўз ишингизни қилишга ҳаққингиз бор», дегани эканига далолат бор. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аммор розияллоҳу анҳуга айтган сўзлари буйруқ тарзида бўлганида эди, (Қуръони Каримда) «Чоҳ эгалари» ва Фиръавннинг сеҳргарлари ҳақидаги хабарнинг зикр қилинишида уларга амал қилиш тарк қилинишидан бошқа бирор манфаат мавжуд бўлмас эди.
Маълумки, бу хабарлар улар асосида амал қилиш учун зикр қилинган, уларга асосланиб амал қилишни ташлаб қўйиш учун эмас. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Сиз ҳам ўз ишингизни қайтаринг», - деган сўзлари буйруқ маъносида эмас, балки рухсат тариқасида айтилган, деб тушунилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Кимки бизнинг ҳарорларимизни қабул қилгани каби рухсатларимизни ҳам қабул қилмас экан, биздан эмасдир»,(Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинишича, у зот: «Ким Аллоҳ берган рухсатни қабул қилмаса, унга Арофот тоғичалик гуноҳ бўлади», деганлар. Аҳмад ибн Ҳанбал, «Муснад», 2-жилд, 71 -бет. Шунингдек, у зот алай-ҳиссаломнинг: «Албатта, Аллоҳ Ўзининг фарзлари бажо келтирилишини яхши кўргани сингари Ўзи берган рухсатлари қабул қилинишини ҳам яхши кўради», деганлари ҳам ривоят қилинган. Ибн Абу Шайба. «Мусаннаф», 6-жилд, 234-бет.) деган сўзларидан мақсад ҳам айнан шудир. Яъни шариат берган рухсатга амал қилишни яратиб берилган кенгчилик деб билмаган, балки такаббурлик қилиб, уни қабул қилишдан бош тортган киши биздан эмас. Бу ҳадисда азимат (шариат қарори) ни тарк этишга буюриш ҳам, рухсатга амал қилишни вожиб қилиб қўйиш ҳам йўкдир. Яна Аллоҳ билувчироқдир!
Энди «Қасамёд этаман (ўн иккита) буржларга эга осмон билан» оятига қайтадиган бўлсак, баъзи муфассирлар: «Буржлар - ҳаммага маълум нарса, яъни бинонинг бурчакларидир. Одамлар уй қурадиган бўлса, мустаҳкам бўлиши учун унинг бир бурчагида бурж ҳам қуриб олган», деганлар.
Айрим муфассирлар: «Буруж»дан мурод, қасрлардир»,(Ибн Жарир бу гапни Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган. Ибн Жарир. «Жомиъул баён ан таъвили ойил Қуръон», 36-жилд, 826-бет.) деганлар.
Яна айримлари эса: «Буруж»дан мурод, юлдузлардир. Бунинг далили Аллоҳ таолонинг «(Биз) осмонда буржлар яратдик ва кузатувчилар учун уни (юлдузлар билан) безаб кўйдик»(Ҳижр сураси, 16-оят.) деган сўзидир. Аслида ҳам осмоннинг зийнати - юлдузлардир. Бунинг далили: «... юлдузлар билан зийнатладик. Ва (уни) ҳар бир итоатсиз шайтондан - жиндан сакушдик»(«Дарҳақиқат, Биз энг яқин осмонни юлдузлар билан зийнатладик. Ва (уни) ҳар бир итоатсиз шайтондан - жиндан сақладик». (Соффот сураси, 6-7-оятлар).), оятидир»,(Ибн Жарир бу гапни Мужоҳид розияллоҳу анҳудан ривоят қилган. Шунингдек, «Ад-дур ал-мансур», 6-жилд, 552-бетида келганидек, бу гапни Абд ибн Ҳумайд ва Ибн Мунзир ҳам Мужоҳид розияллоҳу анҳудан ривоят қилган. Бу Қатода розияллоҳу анҳунинг ҳам гапидир.) - деганлар.
Муфассирлар орасида: «Буржлар - қуёш, ой ва юлдузлар юрадиган йўл бўлиб, уларнинг фазодаги борар жойлари бурж-лардир», деганлари ҳам бор.
Бу оятда Аллоҳ таоло осмонни буржлар билан қўшиб зикр қилди. Токи унинг яратилган экани ва бошқанинг тадбири остига дохил экани маълум бўлсин. Чунки Аллоҳ таоло уларни ўзларида яратиб қўйилган манфаатларга қўшиб зикр қилдики, халойиқлар осмоннинг инсонлар манфаати учун мусаххар қилиб қўйилган экани ва бу орқали унинг ҳам яратилмиш эканини яхши билиб қўйсинлар. Чунки бошқаларнинг манфаати учун мусаххар қилиб қўйилган нарса уни мусаххар қилиб қўйган зотнинг қудрати остига дохилдир. Бошқанинг қудрати остига дохил бўлган нарса муҳдас - яратилмишдир. Инсонлар унинг дастлабки яратилиш жараёнига шоҳид бўлмаганларки, бу орқали унинг яратилмиш эканини билиб олсалар. Агар бандалар унинг дастлабки яратилишига шоҳид бўлмасалар, нарсанинг яратилмиш эканини ҳеч ким ҳам билмайди. Чунки у ўз зотида чегараланган бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло уларни зикр қилган ўринда халойиқлар учун тайин қилиб қўйилган манфаатларини қўшиб зикр қилди. Чунки одамлар улар орқали нарсаларнинг яратилмиш эканини билиб олишлари учун ана шу манфаатлар уларнинг яратилмиш эканига далолат қиладиган жиҳатларни намоён қилиб берди. Кўрмайсизми, Иброҳим алайҳиссалом ўз қавмига юлдузларнинг илоҳ эмаслигини уларнинг ботиб кетишини далил-ҳужжат қилган ҳолда исботлаб берган эди. Чунки ана шу ҳолат улардаги яратилмиш жиҳатларини кўрсатиб берган эди. Иброҳим алайҳисса-лом уларга юлдузларнинг бир жойдан бошқасига кўчиб юриши ва уларнинг ўз зотида чегараланган эканини далил-ҳужжат қилиб келтирмади. Аксинча, уларга биз ҳозиргина айтиб ўтган жиҳатларни далил қилиб келтирди. Бундан мақсад - улар ҳам юлдузларнинг яратилмиш эканини, улар ҳам бошқанинг ҳукми остига дохил бўлишини аниқ билиб олишларидир.

[2]. ваъда қилинмиш кун (қиёмат) билан,
Айтишларича,(Бу гапни Абд ибн Ҳумайд, Термизий, Ибн Абу Дунё («Ал-усул» номли китобида), Ибн Жарир, Ибн Мунзир, Ибн Абу Ҳотим, Ибн Мардавайҳ, Байҳақий (ўзининг «Сунан»ида) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳолда ривоят қилган. Ҳатто Ибн Жарир мавқуф ҳолда ҳам ривоят қилган бўлиб, Ҳоким уни саҳиҳ деган. Шунингдек, «Ад-дур ал-мансур», 6-жуз, 552-бетида зикр қилингани каби Ибн Мардавайҳ ва Байҳақий (ўзининг «Сунан»ида) ҳам ривоят қилган. Бу гап Ибн Аббос, Ҳасан Басрий, Мужоҳид ва бошқаларнинг ҳам сўзларидир.) ушбу оятдаги «ваъда қилинмиш кун» қиёмат кунидир. Уша кунда аввалгилар ва охиргиларни жамлаш ваъда қилингани(Аллоҳ таоло: «(Эй Муҳаммад! Уларга) айтинг: «Албатта, аввалгилар ҳам, кейингилар ҳам маълум кундаги белгиланган вақтда (қиёматда), албатта, тўпланувчидирлар», деган. (Воқиъа сураси, 49-50-оятлари).) учун ҳам уни «ваъда қилинмиш кун» деб аталди. Сўнгра кофирлар қиёматни инкор қилувчи бўлсалар ҳам, Аллоҳ таоло ўша кун билан қасам ичди. Чунки У (қиёмат бўлишини исботлайдиган) ҳужжатлар билан уни таъкидлаб, қиёмат бўлади, деб эътиқод қилишга уларни мажбур қилиб қўйгандир.
Бир таъвилда оятдаги «ваъда қилинмиш кун»дан мурод, келадиган ҳар бир кундир, зеро, у ўзида ваъда қилинган ризқ ва ундан бошқа неъматларни олиб келади, дейилган. Яна Аллоҳ билувчироқдир!

[3]. (ўша кунда) гувоҳ ва гувоҳлик берилувчи биланки («Чоҳ эгалари» қиссаси ҳақиқатдир)!
Ушбу оятнинг таъвилида муфассирлар турли хил фикрларни билдиришган. Бинобарин, уларнинг айримлари: «Гувоҳ» - Аллоҳ таоло, «гувоҳлик берилувчи» эса халойиқлардир», - деган. Бу фикр эгаси ўзининг таъвилига «...Сенинг Ўзинг уларнинг устидан кузатувчи бўлдинг. Сен ҳар нарсага гувоҳдирсан»,(«Улар орасида бўлган онларимда, уларга гувоҳ бўлиб турдим. Мени «вафот эттирганингда» эса, Сенинг Узинг улар устидан кузатувчи бўлдинг. Сен ҳар нарсага гувохдирсан» (Моида сураси, 117-оят).) оятини далил қилиб келтирган.
Бошқа бир таъвилда айтилишича: «Гувоҳ» - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, «гувоҳлик берилувчи» эса у зотнинг умматларидир. Аллоҳ таоло: «Ҳар бир уммат ичидан ўзлари учун ўзларидан бир гувоҳни (яъни пайгамбарни) келтирадиган кунимизни эсланг! Сизни эса (Эй Муҳаммад!) Ана улар (ўз умматингиз)га гувоҳ ҳилиб келтирурмиз»,(Наҳл сураси, 89-оят.) - деган».
Баъзи муфассирлар шундай дейдилар: «Гувоҳ» бу - Одам болаларининг амалларини ёзиш учун бириктириб қўйилган иккита фаришта, «гувоҳлик берилувчи» амаллари ёзиб бориладиган инсоннинг ўзидир».
Яна айрим муфассирлар шундай деганлар: «Гувоҳ» ҳам, «гувоҳлик берилувчи» ҳам инсоннинг ўзидир. Яъни Аллоҳ таоло инсонга унинг ўзидан бўлган гувоҳларни яратиб қўйган. Бунинг далили: «(У кун) уларнинг қилиб ўтган иш (бўҳтон)лари билан тиллари, кул ва оёҳлари уларга гувоҳлик берадиган кундир ў оятидир.
Яна баъзи муфассирларнинг айтишларича: «Гувоҳ» - жума куни, «гувоҳлик берилувчи» эса Арафа кунидир. Жума куни гувоҳ деб аталганига сабаб инсонлар унинг шоҳиди бўлишлари ва у инсонларнинг бошига келишидир. Арафа эса «гувоҳлик берилувчи» деб аталди. Чунки Арафа жойнинг номи бўлиб, инсонлар у ерга келадилар, унинг шоҳиди бўладилар. Аммо у одамларнинг олдига келмайди. Барча дин вакиллари Арафани улуғ деб билганлари боис Аллоҳ таоло унинг шаънини юксалтирди. Мусулмонларнинг байрам куни бўлгани туфайли жума кунини ҳам улуғлаб қўйди. Ҳар қандай дин вакилларининг ўзларига хос кунлари бўлиб, улар ўша кунни улуғлайдилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло мўминларни ана шу кун билан мукаррам қилиб қўйди. Токи улар бошқа дин вакиллари улуғлайдиган куннинг ўрнига жума кунини улуғласинлар. Аллоҳ таоло (ана шу жиҳатлар туфайли) бу иккиси билан қасам ичди».

[4]. «Чоҳ эгалари»га - лаънат!
Бу оятнинг таъвили юзасидан муфассирлар турли хил фикрларни билдирганлар. Жумладан, улардан айримлари бу оятни азобловчи инсонларга қарата айтилган, деган бўлсалар, айримлари азобланувчи инсонлар ҳақида айтилган, деганлар. Бу оят азоб берувчи инсонларга қарата айтилган, деб таъвил қилган муфассирлар [қутилал хорросун],(Яъни «Ёлғончиларга лаънат бўлсин!» (Зориёт сураси, 10-оят).) яъни лаънат
бўлсин, оятини мисол келтирганлар ва бу оятдаги [қутила] калимасига ҳам лаънат маъносини бериб, «уларга лаънат бўлсин» деб таржима қилганлар.
Бу оят азобланувчи инсонлар ҳақида айтилган, деган муфассирлар оятдаги [қутила] калимасига ҳаммага маълум ўлдириш маъносини берганлар.(Ва унга «Чоҳ эгалари» ўлдирилдилар», маъносини берганлар.)
Ана шу азобланганлар қиссаси борасида ҳам турлича фикрлар мавжуд. Зеро, (Аллоҳ таолонинг бу) қасами кофирлар ҳақи-да бўлса, у ҳолда Мустафо алайҳиссаломдан бу борада мутавотир(Санадининг ҳар бир табақасида ровийлари ўн кишидан кам бўлмаган ҳадис.) хабар келмас экан, уни юқорида зикр қилиб ўтилган маъ-нолардан бирортаси билан тафсир қилиш жоиз эмас. Аксинча, у Қуръонда қандай келган бўлса, шундайлигича қолдирилиши лозим. Чунки бу каби хабарлар у зот алайҳиссаломнинг пайғамбар эканликларининг ҳужжатидир. Чунки аҳли китоблар бу хабарларни ўз китобларида зикр қилинган хабарларга мувофиқ келганини кўрдилар. Улар Пайғамбар алайҳиссаломнинг бу хабарларни Аллоҳ таолонинг изни билангина қўлга киритганларини яхши билганлар. Чунки улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни мазкур хабарларни билиш учун, уларни биладиган кишилар олдига бориб-келиб юрганини кўрмаганлар. Шундай бўлгач, бу оятни Қуръонда зикр қилинган ҳолатига зиёдалик ёки нуқсон тушиб қоладиган шаклда тафсир қилинадиган бўлса, улар унда таъна қилиш ва айблаш мумкин бўладиган ўринларни учратган бўлар эдилар. Шунинг учун Қуръонда зикр қилинган миқдордан ошириб юборилишига изн берилмаган. Аммо биз юқорида айтиб ўтган жиҳат бундан мустаснодир.
Агар қасам мўминлар ҳақида ичилган бўлса, муфассирлар зикр қилиб ўтган барча таъвилларни олиб унга маъно бериш мумкин бўлади. Чунки кофирлар ҳақида (ичилган қасам борасида) биз айтиб ўтган маъно ўртадан кўтарилиши лозим. Яна ҳам Аллоҳ билувчироқдир!
Сўнгра бу хабарларнинг (Қуръонда) зикр қилиниши замирида у зот алайҳиссаломнинг Расул ва Пайғамбарликлари кофирлар наздида ҳам аниқ бўлганини кўрсатиб бериш бордир. Чунки биз юқорида айтиб ўтдикки, бу каби хабарларни билиб олиш учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан бохабар бўлган кишилар олдига бориб-келиб юрмаганлар. Шундай экан, у зот кофирларга уларни қандай бўлса, шундайлигича айтиб берган эканлар, бу хабарларни Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг изни билан билиб олганига уларнинг ишончлари комил бўлган.
Бу оятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сабр қилишга ундаш бор, зиммаларига юклатилган ишни енгил қилиб кўрсатиш бор. Чунки Аллоҳ таоло у зот алайҳиссаломга хабар бериб: «Сизга озор бераётган ва саркашлик қилаётган кимсалар (шундай ишларни) қилган биринчи инсонлар эмас, балки уларнинг анави ота-боболарининг одати ҳам мусулмонларга озор бериш бўлиб келган», -демоқда.
Яна бир фойда - биз юқорида айтиб ўтганимиздек, (Қуръони Каримда) бу каби хабарларнинг зикр қилинишида кофирлардан озор-азият чеккан мўминларга мадад бўладиган айрим маънолар бордир.
(Қуръони Каримда бу каби хабарларнинг) зикр қилинишида анави кофирларнинг ўз динларига бўлган қизғанчиқликлари дин борасида уларга қарши фикрда бўлган кишилар билан уруш қиладиган даражага етган, деган маъно бор. Бундан мақсад шуки, мусулмонлар диннинг обрўси учун уруш қилиш инсоннинг табиати кўтара олмайдиган машаққатли иш эмаслигини, балки инсонларнинг табиати дин масаласида ўзига қарши адоватда бўлган кишилар билан уруш қиладиган қилиб яратилганини билиб қўйсинлар. Яна ҳам Аллоҳ билувчироҳдир!

[5]. Қайсики, у (чоҳ) ёқилғили олов эди.
Баъзи муфассирлар ушбу оятдаги «ёқилғи»ни чоҳнинг ичига ташланган мўминлар эди, деганлар. Яна айримлари эса «ёқил-ғи» мўминлар у билан азобланган ўша оловнинг сифати эди, деганлар.

[6]. Ўшанда улар ўша (чоҳ)нинг устида ўтирувчи
Яъни кофирларнинг улуғлари ва бошлиқлари чоҳ атрофида ўтирувчи эдилар. Бундан келиб чиқадики, мўминларни олов ичига ташлаш ишларига бевосита бошқош бўлганлар айнан уларнинг тобелари бўлган. Уларнинг катталари эса ўша ерда (чоҳнинг атрофида) ўтиришган.

[7]. ва мўминларга нисбатан қилаётган ишларига ўзлари гувоҳ эдилар.
Бу оятни икки хил тушуниш мумкин: биринчиси, «гувоҳ бўлиб турган» кишилар фиръавнлар ва қавмнинг катталари бўлишган. Иккинчиси, уларнинг тобелари бўлишган, деб ҳам тушуниш мумкин. Яъни мўминларни оловга ўша тобелар ташлаб юборар, уларнинг адашганликларига, ўзлари ва бошлиқлари эса тўғри ва ҳақ йўл устида эканликларига гувоҳлик беришар эди. Бу ҳам Аллоҳ таоло Қуръондаги бошқа бир ўринда: «Китоб (Таврот)дан насибадор бўлганларнинг «Жибт» ва «Тогут»га(«Жибт» - уларнинг сиғинадиган сохта маъбудлари. «Тоғут» эса, шайтондир.) сигинишларини ва кофирларга «Шулар мўминлардан кўра тўгрироҳ йўлдадир», дейишларини кўрмадингизми?»(Нисо сураси, 51-оят.) деб айтиб ўтган ҳолат кабидир.
«Китобдан насибадор бўлган кимсаларнинг бут ва санамларга сигинаётганларини уамда кофир кимсалар уақида: «Ушалар имон эгалари бўлган мусулмонлардан кўра тўгрирок, йўлдалар», - деяётганларини кўрмадингизми?»(Нисо сураси, 51 -оят.)

[8]. Улар (мўминлар)дан фақат Азиз (қудратли) ва Ҳамид (ҳамд эгаси) бўлмиш Аллоҳга имон келтирганлари учунги-на ўч олдилар.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло (Ўзининг исмларидан иккитаси) «Азиз» ва «Ҳамид»ни зикр қилмоқда. Бундан мақсад шуки, Аллоҳнинг дўстлари ва Унга итоат қилганларга етган хорлик туфайли Унга ҳам хорлик етмаслигини, Аллоҳнинг дўстлари мағлуб бўлгани билан Унинг мақтовига нуқсон вужудга келмас-лигини одамлар билиб қўйсинлар. Яъни Аллоҳнинг иши дунё подшоҳларининг ишига ўхшамайди. Чунки улардан бирортаси-нинг дўстларига қандайдир хорлик етадиган бўлса, одатда бу хорлик унга ҳам етган ҳисобланади. Унинг қўл остидагилардан айримлари мағлуб бўлиб қолса-ю, қодир бўла туриб уларга ёрдам бермай қўядиган ва уларни қутқариб қолмайдиган бўлса, унинг бу иши мақтов олиб келмайди, аксинча, қораланади. Бундай бўлишининг сабаби шуки, подшоҳ ўзидаги азизликни қўли остидагилар ва тарафдорлари орқали қўлга киритган. Шундай бўлгач, унинг қўл остидагилар хор бўладиган бўлса, унинг азиз бўлишига сабаб бўлган нарса йўқ бўлади ва пировардида унга хорлик етади. Шунингдек, подшоҳ ўзи бошқариб турган давлатга яхшилик қиладиган бўлса, олқишлар олади. Борди-ю, имкони бўла туриб уларга ёрдам бермаса, уларга яхшилик қилмай қўйган бўлиб чиқади. Натижада у ана шу иши билан мақталмайдиган ва олқишланмайдиган шахсга айланиб қолади.
Аллоҳ таоло эса азизлик ва мақтовга ўзининг зоти билан (яъни Аллоҳ бўлгани учун) сазовор, яратганларидан бирортаси сабабли эмас. Бинобарин, Аллоҳ таолонинг дўстларининг хорланишида Унинг «Ҳамид»лигига нуқсон пайдо қиладиган сабаб ҳам, унинг «Азиз»лигига халал етказадиган сабаб ҳам мавжуд эмас.
Иккинчидан, дунё ва унинг ичидагилар ҳалок қилиниш учун яратилган. Эҳтимол, айтиб ўтилгани каби, ҳалок қилиниш мўминлар учун ажаллари етиб ўлишларидан кўра енгилрокдир. Аллоҳ таоло ана шу даража хусусида шундай марҳамат қилган: «Аллоҳ йўлида ўлдирилганларни асло ўликлар деб ҳисобламанг! Аслида (улар) тирикдир - Парвардигорлари ҳузурида (жаннат неъматларидан) ризкраниб турурлар».(Оли Имрон сураси, 169-оят.) Агар улар ўз ажаллари билан вафот этганларида ана шу даражага етмаган бўлар эдилар. Бинобарин, бу Аллоҳнинг ўз дўстларига қилган энг катта ёрдамидир.
Қолаверса, жазо ва мукофот учун бошқа бир дунё мавжуд. Дўстларни қўллаб-қуватлаш ҳам, душманларни оёқ ости қилиш ҳам ўша ерда намоён бўлади. Шундай экан, Аллоҳ таолонинг бу дунёда Уз дўстларини ёрдамсиз қолдиришида хорлик ва ҳақирликка сабаб бўладиган маъно йўқдир.
Аммо бу дунёдаги подшоҳлар подшоҳ бўлиб турган вақтларида ўз дўстларига ёрдам бермай қўйсалар, подшоҳликдан кейин ёрдам беришларини кутиб бўлмайди. Чунки уларнинг қўлларида бори подшоҳ бўлиб турган вақтларида мавжуд бўлган манфаатлардир. Шунинг учун ҳам ўз дўстларига ёрдам бермай қўйганларида уларнинг бу ишлари қораланади. Яна ҳам Аллоҳ билувчироҳдир!
Имон келтирган ўша қавмнинг ҳалок қилиниши ва улар устидан кофирларнинг ғолиб келишлари, улар ҳақ ва тўғри йўлда бўлишган, мўминлар эса хато йўлда бўлишган, деган тасаввурга олиб бормайди. Чунки ҳалок қилиш одатдаги ҳолатдан ўзгача услубда бўлган такдирдагина мўъжизага айланади. Уларнинг мўминларни ҳалок қилишлари эса ундай бўлмаган. Чунки ўша пайтда мўминларнинг сонлари оз бўлгани ҳолда кофирлар жуда кўпчиликни ташкил қилганлар. Кўпчиликнинг озчиликни ҳалок қилиши ғаройиб иш ҳисобланмайди, балки у одатий бир ишдир. Озчиликнинг кўпчилик устидан ғалаба қозониши - ана шу иш ғайриоддий ҳисобланади. Шунинг учун ҳам унда озчиликнинг ҳақ йўлда экани ва бошқаларнинг ботил йўлда эканига далолат қиладиган мўъжиза бордир. Бунга мисол қилиб, Бадр жангги кунида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оз сонли ва кучсиз мусулмонлар билан биргаликда кўп сонли ва куч-қувватга тўла кофирлар устидан ғалаба қозонганларини келтириш мумкин. Яна ҳам Аллоҳ билувчироқдир!
Сўнгра оятда келган «Улар... учунгина ўч олдилар» ибора-сидан тушуниладики, мўминларнинг Аллоҳ таолога имон келтиришдан бошқа «гуноҳ»лари мавжуд бўлмаганки, мўминлар уни деб оловда куйдирилиш билан жазолансалар.
Баъзи бир таъвилларда оятдаги: [ва маа нақому] иборасига: «Улар мўминларни Аллоҳ таолога имон келтиришдан бошқа нарса билан айбламадилар ва қораламадилар», - деб маъно берилган. Бунда уларнинг эсипаст ва димоғдор инсонлар бўлишгани ёритиб берилмоқда. Чунки ўзларидаги неъматларнинг барчасини Аллоҳ таоло берганлигини улар яхши билганлар. Шундай бўлгач, улар имон келтирган зотларни азоблаш ёки ўлдириш ўрнига, Аллоҳ таолога имон келтирсалар, ўзларини сийлаб қўйган неъматлар эвазига Унга шукр қилсалар ва бошқаларни ҳам Унга имон келтиришга чақирсалар, тўғрироқ бўлар эди.
Энди ушбу оятда зикр қилинган «ал-Азиз» ва «ал-Ҳамид» сўзларига келсак, «Азиз» - излаб топиб бўлмайдиган(Арабларда бир нарса топилмайдиган даражада камёб бўлса, «азза, яъиззу, иззан, иззатан, азозатан» дейилади. Жавҳарий, «Ас-сиҳоҳ», «азз» моддаси.) нарса ёки хорлик етмайдиган азиз маъносида бўлиб, азизлик хорликнинг муқобилидир. Муфассирлар: «Ал-азиз» - ҳимояланган маъно-сида бўлиб, «ал-Азиз» исми ҳам Уни ҳеч нарса ожиз қолдирмайдиган Зот деганидир», - дейдилар.
«Ал-Ҳамид» эса барча инсонлар тарафидан ўз зоти туфайли(Яъни Аллоҳ таоло Аллоҳ бўлгани учун ҳам мақтовларга лойикдир, бошқа сабаблар туфайли эмас.) мақталишга ҳақли бўлган зот маъносидадир.

[9]. Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Унга хосдир. Аллоҳ барча нарсага гувохдир.
Аллоҳ таолонинг бу сўзларни айтишдан мақсади Узининг дўстлари ва динига ёрдам берувчилари ўлдирилиши билан Унинг мулкига ҳеч қандай қусур етмаслигини билдириб қўйишдир. Чунки халойиқларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг қуллари ва чўриларидир. Агар бир хожанинг қулларидан баъзилари баъзиларини ўлдирадиган бўлса, бу иш сабабли ўша хожага хорлик ҳам, нуқсон ҳам етмайди. Уларни ўзининг қўл остида бўлмаган қуллар ўлдирсагина, унга хорлик етади. Шундай бўлгач, халойиқларнинг барчалари Аллоҳнинг қуллари эканми, уларнинг бир-бирларини ўлдиришлари Унинг мулкига нуқсон етказмайди.
Аллоҳ таолонинг «Аллоҳ барча нарсага гувоҳдир» деган сўзининг маъноси шуки, У бандаларнинг амалларини сақлаб қўяди, бас, уларга қараб жазо ёки мукофот беради ва бирор нарса Унинг илмидан четда қолиб кетмайди.

[10]. Албатта, мўмин ва мўминаларни фитнага солиб, сўнгра тавба қилмаган кимсаларга жаҳаннам азоби ва улар учун ўт азоби бордир.
Оятда(зикр қилинган [фатану] феълининг масдари бўлмиш) [фитна]дан мурод, имтиҳондир. Бу сўз (араб-лар) олтинни эритган вақтда (ишлатадиган) [фатаназ заҳабу] дан олинган. Чунки тоза бўлмаган олтинни соф олтиндан ажратиб олиш ва олтин ёки олтин эмаслигини билиб олиш мақсадида у оловда эритилади. Ана шу ибора имтиҳон қили-надиган ўринда ҳам қўлланилди. Чунки имтиҳон ёлғончидан ростгўйни, ҳақдан ноҳақни ажратиб олиш учун қилинадиган синовдир. Бу иш бирор нарсага амр қилиш ёки ундан қайтариш билан бўлади. Агарчи ҳеч нарса Аллоҳ таолога махфий қолмас бўлсада, У зот тарафидан бўладиган амр ва тақиқ ана шунинг учун ҳам имтиҳон деб аталди. Энди кофирларнинг мўминларга қандай азоб берганлари ҳақида гапирадиган бўлсак, улар чоҳлар қазидилар ва имонда мустаҳкам туриб олган, унда бардавом бўлганларни унинг ичига улоқтириш мақсадида олов ёқдилар. Динидан қайтган инсонларни эса оловга ташламасдан, тек қўйдилар. Худди шу нарса туфайли (ушбу оятда)[фатану](Яъни «фитнага солдилар».) ибораси ишлатилди.
Оятнинг «сўнгра тавба қилмаган кимсаларга» деган қисмида шу нарса борки, агар улар тавба қилганларида, албатта афв қилинган бўлар, Раббиларига нисбатан Аллоҳ таолонинг зоти масаласида қилган жиноятлари қанчалар катта бўлишига қарамай, азобга тутилмаган бўлар эдилар. Демак, унда Аллоҳ таолонинг Уз бандаларига карамли ва меҳрибон эканини намоён қилиш бордир.
«... кимсаларга жаҳаннам азоби ва улар учун ўт азоби бордир» ояти ичида келган «улар учун ўт азоби бордир» деган иборасини баъзи муфассирлар шу дунёга хослаб: «Кофирлар мўминларни азоблаш учун ёққан ўтлари ўзларининг устига ёпирилиб, уларни куйдириб юборди», - деганлар. Шунингдек, бу «ўт азоби» жаҳаннамда бўлиши ҳам мумкин. Бинобарин, бу сўзларда жаҳаннамнинг олови уларни мудом куйдириб ётиши, бир лаҳзага ҳам тўхтамаслиги хабар берилмоқда.

[11]. Албатта, имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотларга остидан анҳорлар оқиб турадиган боғлар бордир. Бу эса катта ютуқдир.
Баъзи муфассирлар бу оят (кофирлар тарафидан) азобланган ўша мўминлар ҳақида айтилган, деганлар. Яна айрим муфассирлар эса уни мўминларга азоб берувчи кофирларга қарата айтилган, яъни қилган гуноҳлари ва Аллоҳ таолонинг дўстларига қилган ёмонликлари қанчалик катта бўлмасин, агар имон келтирадиган бўлсалар, У зот, албатта, уларни кечириб юборган, уларни Ўзининг раҳматига олган бўлар эди, деганлар. Ушбу оят Аллоҳ таолога имон келтирган ҳар бир мўминга қарата айтилган, деб тушуниш ҳам жоиздир.
«...остидан анҳорлар оқиб турадиган боғлар бордир» оятидаги «остидан анҳорлар оқиб турадиган...» деган иборасини икки хил - биринчиси, анҳорлар жаннатга кирган мўминларнинг тагларида оқиб туради, деб, иккинчиси, анҳорлар жаннатдаги дарахтларнинг тагларидан оқиб туради, деб тушуниш мумкин. Жаннат - унда қалин дарахтлар бор бўлган жойнинг номидир. Демак, Аллоҳ таоло ўша сув ундан ичиб жаннатга айланган дарахтларнинг остларидан оқиб ўтишининг хабарини бермоқда. Оятдаги «остидан» деган иборадан анҳорлар жаннатнинг тупроқлари остидан оқиб ўтиши тушунилмайди. Чунки (анҳорлар жаннатнинг тупроқлари остидан оқиб ўтадиган бўлса,) унинг остида ирмоқлар ёки қудуқлар бор бўлади ва бу иккаласида кўп ҳам хурсандчилик йўқдир.
Оятдаги «Бу эса катта ютуқдир» иборасида зикр қилинаётган ютуқ соҳиби - бу ўзи орзу қилган нарсасига эришган, қўрқиб, хавфсираб юрган нарсасидан нажот топган кишидир. Аллоҳ таоло бу ютуқни «катта» деб сифатлади. Чунки У зот (жаннат аҳлига) инъом қилган нарсалар завол топмас ва тугаб ҳам қолмасдир.

[12]. (Эй Муҳаммад!) Шубҳасиз, Раббингизнинг (азобга) тутиши қаттиқдир.
Яъни Унинг ўч олиши қаттиқ бўлиб, азобланадиган кишига оғир бўлади. Аллоҳ таолонинг «Аҳолиси золим юртларни (азобга) тутганда Раббингизнинг тутиши шундайдир. Албатта, Унинг (азобга) тутиши аламли ва шиддатлидир»,(Ҳуд сураси, 102-оят.) - деган сўзи бунга мисолдир.

[13]. Албатта, Унинг ўзи (яратишни) бошлар ва қайтарур (қайта тирилтирур).
Бу оятда зикр қилинган «Унинг ўзи бошлар» иборасига баъзи муфассирлар «Унинг ўзи азоблашни бошлар, сўнгра уни яна қайтарур»,(Бу гапни Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан Ибн Жарир ривоят қилган. Ибн Жарир. «Жомиъул баён ан таъвили ойил Қуръон», 36-жилд, 887-бет.) - деган маънони берганлар. Яна баъзилари эса: «Унинг ўзи (яратишни) бошлар, сўнгра уни ўлдирганидан кейин яна қай-тарур (қайта тирилтирур)»,(Бу гапни Заҳҳок розияллоҳу анҳудан Ибн Жарир ривоят қилган. Ўша манба, 36-жилд, 885-бет.) - деган маънони берганлар.

[14]. У (мўминларга нисбатан) Ғафур (кечиримли) ва Вадуд (дўст).
«Ғафур» - беркитувчи Зотдир, яъни гуноҳкор бандаси қилган гуноҳига тавба қиладиган бўлса, уни эсга тушмайдиган да-ражада яшириб юборади.
«Вадуд» - ўзининг бандаларига неъматлар бериш ва яхши-ликлар қилиш билан Узини уларга дўст туттирадиган Зотдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қалблар ўз эгасига яхшилик қилган киишни яхши кўрадиган ва ёмонлик қилган кишини ёмон кўрадиган қилиб яратилган»? - деганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сўзлари орқали яхшилик қилишнинг дўст тутилиш ва яхши кўрилишга сабаб бўлишини баён қилмокдалар.
Иккинчидан, биров билан дўстлашган ҳар бир киши уни Аллоҳ таоло учун дўст тутиши лозим. Чунки у ўша инсон билан дўстлашадиган сабабга Аллоҳ таолонинг ёрдами билан эришган бўлади. Аллоҳ таоло: «Албатта, имон келтириб, эзгу (иш) ларни қилган зотлар учун Раумон (уларнинг цалбида Ўзига нисбатан) дўстликни пайдо қилур»,(Марям сураси, 96-оят.) - деган. Аллоҳ таоло бу сўзи билан бандалар тарафидан бўладиган дўстликка сазовор зот айнан Удир, демоқчи бўлаётгандек гўё.

[15]. Арш соҳиби, Мажид (буюк)
Муфассирлар орасида ушбу оятдаги «Мажид»ни Аршга сифат қилиб маъно берганлар ҳам, Аллоҳ таолога сифат қилиб маъно берганлар ҳам бор.(Ҳамза, Кисоий ва кейинги уламолар «Зул Аршил Мажиди» деб «касра» билан ўқиган бўлса, қолган уламолар ва Қутайба: «Зул Аршил Мажиду» деб «раф» билан ўқиган. Ибн Меҳрон. «Ал-мабсут фил қироъотил ашар», 466-бет.) Уни Аршга сифат қилиб маъно берганлар ҳам тўғри иш қилганлар. Зеро, Аллоҳ таоло Аршни бошқа бир оятда: «Ундан ўзга илоҳ йўқдир ва (У) улуг Аршнинг парвардигоридир»,(Муъминун сураси, 116-оят.) - деб «Карим» (улуғ)лик билан сифатлаган. «Мажид»нинг маъноси «Карим»нинг маъносига яқиндир. Чунки «Карим» қадри буюк ва шарафли бўлган Зотдир. Шунингдек «Мажид» ҳам шарафли ва улуғланган Зотдир. Бандаларнинг қалбида Аршнинг қадри улуғ ва олий бўлганидан баъзи инсонлар уни Парвардигорнинг маконидир, деб даъво қилганлар.
Бу дунёда «Карим» деб умид килинадиган нарса унинг ҳузурида мавжуд деб тама қилинадиган, ундан кутиладиган, сақланиш ва эҳтиёт бўлиш керак бўлган ишлар унда топилмагани учун омонда бўлинган кишига айтилади. Набототларда катта-катта манфаатлар мавжуд бўлгани боис Аллоҳ таоло «...(ерда) турли саховатли (ўсимликларни) ундириб қўйдик»,(Луқмон сураси, 10-оят.) - деган сўзи билан уларни ҳам «карим» деб атаган. «Карим» - халойиқларга фойдаси тегадиган кишидир.

[16]. ва истаган нарсасини амалга оширувчидир.
Яъни нимани пайдо қилишни истаса, уни пайдо қилади. Демак, бу оятда бандаларнинг феъллари яратилган, Аллоҳ таоло бандасидан қандай амал содир бўлади, деб билган бўлса, унга шуни истаган, деб эътиқод қилишнинг вожиблиги мавжуд. Чунки Аллоҳ таоло ўзи истаган ишни амалга оширишини айтиш билан мақтанди. Агар бандаларнинг феълларини У яратмаган бўлганида, Аллоҳ таоло бундай мақтаниш билан хосланмаган бўлар, балки ҳар бир киши ҳам ана шу мақтанишга ҳақли бўлиб қолар эди. Бинобарин, нарсаларнинг ҳақиқатлари уларни Аллоҳ таоло яратиши билан вужудга келиши ўз исботини топди. Қолаверса, бошқа бировнинг салтанати ва мамлакатида ўзи истамаган ва хохдамаган бир нарсани пайдо қилиш ожизлик ва мағлублик белгисидир. Мана шундай сифатга эга бўлган зотнинг Рабб бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолони ўша васф билан сифатлаш (ва бандаларнинг амалларини У яратади деб айтиш) лозимдир.
«Истаган нарсасини амалга оширувчидир» - деган оятидан қайта тирилтиришни ҳам тушуниш жоиздир. Яъни Аллоҳ таоло ана шу бандаларни, аслида, натижа учун яратди. Шу сингари ўз ихтиёри билан иш қиладиган ҳар қандай зот ҳам ўзи амалга оширадиган ишдан унинг натижасини мақсад қилади. Аммо жоҳил бўлса, бундан мустаснодир.

[17]. (Эй Муҳаммад!) Сизга «қўшинлар»нинг хабари келдими?

[18]. Фиръавн ва Самуд (қўшинлари)нинг.
Бу каби хабарларнинг (Қуръонда) зикр қилинишида қандай манфаат борлигини юқорида айтиб ўтган эдик. Бунга қадар бир неча марта айтиб ўтилганидек, уларнинг зикр қилинишида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлиги тасдиғи бордир, деб ҳам айтган эдик.(Масалан, шу суранинг 4-оятига қаранг.)

[19]. Йўқ! Кофир бўлган кимсалар (ҳақ динни доимий) инкор қилишдадирлар.
Яъни улар Аллоҳнинг неъматларига куфронаи неъмат қилдилар. Бас, улар Аллоҳ таолонинг неъматларини (доимий равишда) инкор этишдадирлар. Ёки улар Аллоҳ таолонинг неъматларини инкор этганларида Унга имон келтириш учун уларга тавфиқ берилмагани боис инкор қилишни қўлга ки-ритдилар.
[20]. Ҳолбуки, Аллоҳ уларнинг ортида (барча нарсани билиб) иҳота қилиб турувчидир.
Яъни Аллоҳ таоло уларнинг инкорлари ортида уларга тушадиган азобни билиб, иҳота қилиб турувчидир. Аллоҳ таоло бу дунёдаги подшоҳлар каби уларга билиб-билмасдан ёки хаёлдан олиб тахдид қилаётгани йўқ. Зеро, бу дунёдаги подшоҳлар баъзан қодир бўлиш-бўлмасликларини билмай туриб ҳам, азоблаш билан тахдид қилаверадилар. Аллоҳ таоло эса Ўзи тахдид қилгани каби уларга ўзининг азобларини туширади.
Ёки «...ортида иҳота қилиб турувчидир» оятини «Аллоҳ таоло улар халойиқлардан сир тутиб яшириб юрган нарсани билувчидир, ҳеч нарса Унинг илмидан четда қолиб кетмас», деган маънода бўлиши ҳам мумкин.

[21]. Балки у (инкор этилган нарса) улуғ Қуръондирки,
Аллоҳ таоло Қурони каримни Мажид, Карим (Бу гапда Воқиъа сурасининг 77-ояти: «Албатта, у Қуръони Каримдирки»га ишора бор.) ва Ҳаким(Бу гапда Юнус сурасининг 1-2-оятлари: «Алиф, Лом, Ро. Ушбу (зикр этила-жак гап)лар ҳикматли Китоб оятларидир»га ишора бордир.) деб номлади. Воқеликда ҳам ана шу сифатлар билан сифатланган киши бу сифатга ўзида мавжуд бўлган бирор иши сабаблигина сазовор бўлади. Қуръонда уни ана шундай васфга сазовор қиладиган иш мавжуд эмас. Шундай экан, унинг бу васфлар билан сифатланишининг бир неча сабаблари бор. Биринчиси, (Қуръони Карим) «Мажид»дир. Яъни унга эргашган, унинг ичидагиларга амал қилган киши мажид, ҳаким ва карим инсонга айланади. Аллоҳ таолонинг: «ва (иш-ҳаракатингиз учун) ёруглик берадиган қилиб кундузни яратган...»,(«У сизларга ором олишларингиз учун кечани ва (иш-ҳаракатингиз учун) ёруғлик берадиган қилиб кундузни яратган Зотдир». (Юнус сураси, 67-оят).) яъни унда (теварак-атроф) кўриладиган (қилиб қўйдик), деган сўзини бунга мисол қилиб келтириш мумкин. Шу сабабли Қуръоннинг шундай сифатланиши бир неча сабабларни ўз ичига олади. Бири «Мажид» бўлиб, яъни Қуръонга эргашган ва ундаги бор нарсага амал қилган киши «мажид», «карим» ва «ҳаким»га айланиб кетади. Бу Аллоҳ таолонинг: «У сизларга ором олишларингиз учун кечани ва (иш-ҳаракатингиз учун) ёруглик берадиган қилиб кундузни яратган Зотдир», яъни кундузда кўриладиган қилиб, деган сўзига ўхшайди. Ёки оятдаги «Мажид» сўзи «Карим» маъносида, яъни «Аллоҳ таолонинг наздида каримдир», бўлади. Ёки Қуръоннинг қадри юксак бўлгани туфайли Аллоҳ таоло уни «Карим», «Мажид», «Ҳаким» деб номлаган. Ёхуд карим (саховатли), ҳаким (ҳикматли) ва мажид (улуғ) зотларда топиладиган хислатлар Қуръонда ҳам топилгани учун Аллоҳ таоло уни «Карим», «Мажид», «Ҳаким» деб номлаган.

[22]. (унинг асл нусхаси) Лавҳул маҳфуздадир.
Уламолар орасида Лавҳ ва Қалам ҳақиқатдан ҳам мавжуддир, деганлари бор. Яна баъзилари эса Лавҳни кўриниб турадиган, яъни фаришталарга намоён бўлиб турадиган ишлардан иборатдир, аслида Лавҳ деган нарсанинг ўзи йўқдир, деган. Ботинийлар Қаламни илк яратилган нарса, Лавҳни эса ундан кейин яратилган нарса деб атаганлар ва биринчи яратилган нарсани иккинчи яратилган нарса(нинг яратилиши) учун иллат деб ҳисоблаганлар. Улар биринчи яратилган нарсага иккинчи яратилган нарса далолат қилади, демак, у биринчи яратилган нарсанинг яратувчисидир, деб даъво қилганлар. Биринчи яратилган нарсани «Бориъ», иккинчисини эса «Холиқ» ва «Раҳмон» деб атаганлар.
Файласуфлар эса биринчи яратилган нарсани ақл, иккинчисини эса нафс деб атадилар ва сўнгра ана шу нафслардан бошқа яралмишлар вужудга келди, дедилар. Уларнинг биринчи яратилган нарсани ўзлари айтиб ўтган нарсанинг вужудга келиши учун асос ва иллат, асл ва иллат деб ҳисоблашларига келсак, эҳтимол улар биринчи яратилган нарсани иккинчиси учун асос ва иллат деб билганликлари учундир. Бу худди нутфа башариятнинг яратилиши учун асос қилиб қўйилгани кабидир. Бироқ (Лавҳ ва Қаламни) ботинийлар ва файласуфлар зикр қилган ана шу иккала исмдан ҳеч бири билан номлаш мумкин эмас. Чунки бу каби нарсалар учун исмлар ўйлаб топиш мумкин эмас. Аксинча, биз уларни ҳужжатда (шариатда) келган номлар билан атаймиз. Ҳужжатда эса «Лавҳ» ва «Қалам» номлари билан зикр этилган, холос. Шундай экан, биз уларни бошқа номлар билан номламаймиз.
Бу оятда келган «маҳфуз» (сақланган) калимаси «Унинг душманларидан ҳимояланган, бас, улар уни ўзгартириш ва бошқасига алмаштиришга қодир бўлмаслар», деган маънодадир. Аллоҳ таоло хабар бериб, Қуръонни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қувватли Элчининг қўли билан нозил қилганини, шундай экан, ҳеч ким ундан ғолиб келиб, Қуръондаги нарсаларни ўзгартиришга қодир эмаслигини айтмокда. Узи ўзгартириши мумкинлигидан хотиржам қилиш учун: «Шак-шубҳасиз у (Қуръон) бир улуг, қувватли, Аршнинг соҳиби (бўлмиш Аллоҳ) наздида макон-мартабали, у жойда (яъни осмонларда фаришталар томонидан) итоат эпгилгувчи, ишончли элчининг (яъни Жаброил фариштанинг Аллоҳ таоло томонидан келтирган) сўзидир»,(Таквир сураси, 19-21-оятлар.) - деб унинг (Жаброилнинг) ўзини ҳам ишончли деб сифатламоқда. Аллоҳ ҳидоятга бошловчидир!

 

Орқага Олдинга

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР