loader
Foto

Исломият ва маданият

Дунёда яшамоқ ва маишат этмоқ учун инсонларга айрим ишлар, ҳаракатлар керак. Баъзи ишга дин рухсат беради, баъзисига бермайди. Бас, маълум бўляптики, диннинг маданият билан теран алоқа-муносабати бор.   Бир дин маданиятга рухсат бериши, иккинчиси рухсат бермаслиги мумкин. Ислом маданиятга мусоидми, йўқми? Бу масала бизда кундек қанчалар равшан бўлмасин, Оврупо газеталарида гоҳ-гоҳ босилиб турган айрим фикрлар исломиятга иснод келтираётганлиги, «Ислом маданиятга тўсиқ, номусоид» деган гаплар айтилаётганлиги, баъзи басиратсиз, нодон мусулмонларимизнинг бадавийлик ва жоҳилликни ша-риат қоидалари билан қориштириб, бирини иккинчисидан фарқламай, «Бу мусулмонга керакми?», «Бу иш мусулмонликдан эмас», «Мусулмонга бу ҳунар, бу билим керакми?», «Бу — кофирлик!» каби қанчадан-қанча ботил фикрлари томир отиб, овруполиларнинг ҳафсаласини пир қилаётганлигидан шу ўринда беш-ўн сўз айтмоққа зарурат туғилди. Исломият маданиятга мусоидми, йўқми? Албатга, мусоиддир. Бунга далилимиз ҳам кўп. Ҳар бир фаннинг ҳақиқатини билишда икки йўл бор. Бири фаннинг асосини ва қоидаларини ўқиб билмоқ, иккинчиси, у динда бўлган халқнинг аҳволини атрофлича ўрганиб билмоқ.

Хоҳ биринчи, хоҳ иккинчи йўл билан текшириб кўрсак, мубаййини исломнинг мукаммал бир маданият манбаи эканлигига гувоҳ бўламиз. Қуръони азимуш-шон шундай бир китобдирки, ҳар нуқгаси маданиятга воситадир.

Пайғамбаримизнинг хадислари, улуғ саҳобаларимиз, азизларимизнинг сўз ва ҳукмлари зироат ва маданият қонунидир. Дунёда шариати Муҳаммадия сингари ҳаққонийлик ва тенглик асосига қурилган мукаммал қонун йўқдир.

Маданиятнинг боши ва таянчлари бўлган маориф, саъй ва бирлик, тенглик, ҳуррият, ватан муҳаббати каби гўзал фазилатлар ислом фанининг биринчи даражали аҳамиятга эга амрва ҳукмларидандир. Илм ва маориф ҳақидаги оятларнинг сермазмун маънолари етарли тафсир қилинса, бутун бир китоб бўлади. «Билганлар билан билмаганлар тенг бўладими?» маъносидаги ояти карима билан «Бешикдан қабрга қадар илм олишга ҳаракат қил» ва «Чин (Хитой)да бўлса ҳам илмни эгалланг» заминидаги Пайғамбаримиз ҳадислари ва ҳазрати Абу Бакр ас-Сиддиқ «Ҳар бир мўъмин ва мўъминага илм фарздур» ва ҳазрат Алининг «Илм мусулмон молидир, қайда бўлса, бориб олур» каби фойдали сўзлари исломнинг маданиятга мусоидлигига далил эмасми?

Илмга, маорифга, уламо-ҳукамога мусулмонлардек риоят ва ҳурмат кўрсатган иккинчи бир халқ кўрилмайди.

Ўзга миллатлар уламо ва ҳукамосини қамоқхоналарда, зиндонларда чиритганида бизда юксак мақомлар берилиб, подшоҳ саройларида, шоҳона дастурхонларда умр кечирар эдилар.

Исломият маданиятга мусоидми саволига жавобни иккинчи йўл билан излагудай бўлсак, яъни ислом динининг моҳиятини мусулмонларнинг аҳволи орқали текшириб кўрсак, улар фожиасининг сабаби маданиятдан эканлиги-ни кўрамиз. Муовия тарихини очиб, беш-ўн саҳифа ўқисак, бунинг исботи дарров маълум бўлади. Араб қавми ислом билан мушарраф бўлмасдан олдин кичкина бир қавм эди. На уларнинг дунёдан, на дунёнинг улардан хабари йўқ эди. Маорифдан, ҳунардан, сиёсатдан, фан ва санъатдан бехабар, ёлғиз саҳройи шеър-қўшиқдари билан кун кечириб келган қабилалар эди. На тартиб, на низом, на ахлоқ, на адаб, на давлат, на миллат бор эди. Ислом дини қабул этилиши билан арабларнинг ҳар бири оламга баҳодир бўлиб кўринди. Шеърларига, фасоҳатларига ҳикмат ва илмни қўшдилар. Адолат ва ҳаққоният билан дунёга намуна-тимсол бўлдилар. Юз йил тўлар-тўлмас, шундай бир халифалик майдонга келтирдиларки, бир учи Самарқандда бўлса, иккинчи учи Африка ўрталарида эди. Бир чети Ҳиндистонда, иккинчиси Франция ҳудудидаги Пириней тоғларида эди. Мингларча турли-туман халқлар, миллатлар арабларнинг ахлоқига, тилига, низомларига, одатларига, билим-ҳунарига суқланиб, мафтун бўлиб, ўз миллатларини, динларини, одатларини ташлаб «араблашиб», мусулмон миллатига қўшилдилар.

Бағдодда, Шомда, Мисрда, Андалусда, Исфаҳонда, Хуросонда, Бухорода дорулфунунлар очдилар. Кўкдан ёққан раҳмат мисоли ислом сарҳадларининг ҳар тарафида олимлар, фақиҳлар, фан арбоблари, табиблар, табиатшунослар, математиклар, меъморлар, наққошлар, кашфиётчилар юз кўрсатди. Мусулмонларнинг ифтихори бўлган бу азиз сиймолар мингларча китобларни ва обидаларни намойиш этдилар...

Араблар бундай даражага нима учун исломдан олдин эришмадилар? Арабларни бадавийлик ва бойқушлик ҳолидан чиқарган, илм-ҳунар ўргатган, тижорат ва саноат йўлига туширган, иш, касб, адаб бериб, адолат соясида дунёда роҳатда яшамоғига сабабчи, жумла дунёнинг рағбатига сазовор этгувчи ислом дини эмасми?

Оврупо халқларининг ҳозирдаги ҳунар ва маданиятларига асос ислом уламоси ғайратларининг самараси бўлганлигини инкор этиб бўлмайди. Зотан баъзи Оврупо уламоси ҳам буни тасдиқ этади. Ислом юзага чиққанидан юз эллик йил ўтмай, мусулмонлар маданият ва маърифатни шу даражада эгалладиларки, дунёда роҳат ва фароғатда яшаган бошқа улардек халқ бўлган эмас! Бир мусулмон ҳукмдорнинг давлати жумла Оврупо давлатларининг молидан ва қувватидан зиёда эди! Мусулмонлар ҳунар, ҳикмат, ҳисоб кучи билан денгизларни ўлчаб, бор дунёни кезиб, кўкда юлдузларни санар эдилар! Ислом тужжорлари ерда ва сувда, карвон ва кемада молу матоларини дунёнинг бир чеккасидан иккинчи чеккасига етказар эдилар. Мусулмон ясаган ашёларни, тайёрлаган емакларни бошқалар эплай олмас эди. Бунёд этган шаҳар ва биноларига ҳали-ҳануз таажжуб этадилар. Шаҳарга тош ётқизишни, йўл, кўприк, меҳмонхона, ҳаммом, қудуқ, мактаб, кутубхона, боғ, боғча, бўстон, минг бир ҳунарлар, сувсиз ерларга сув чиқариб, саҳроларни обод қилиш ва бошқа-бошқа, кўпчилик фойдаси учун яратилган ва жорий этилган нарсалар ҳаммаси мусулмонлардан қолган.

Исмоилбек Гаспринскийнинг

"Ҳаёт ва мамот масаласи" китобидан

 

 

 

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР