loader
Foto

Зуннун Мисрий

Савбон ибн Иброҳим ибн Абулфайз Зуннун Мисрий IX-X асрларда яшаган улуғ машойих, ўз даврининг қутби, маърифат султони, тариқат акобири, илоҳий сирлар маъданидир.

Зуннун Мисрий Мисрнинг Ихмим мавзесида таваллуд топган. Миср ҳамда Бағдод мадрасаларида таълим олган. Молик ибн Анасдан тариқат илмини ўрганган. Шайх Исрофилдан иршод олган.

Зуннун Мисрий ишоратни иборатга келтириб, биринчи бўлиб тасаввуф илмидан сўз айтган бўлса, Жунайд Бағдодий Зуннуннинг сўзларини баст қилиб, китоб битган. Шиблий уни минбарга олиб чиқиб, ошкор қилган.

Зуннун Миср халқига ўзини беодоб қилиб кўрсатгани учун уни зиндиқ (даҳрий) деб маломат қилишган. Аббосий халифа Мутаваккил уни Бағдодга элтиб, зиндонга ташлаган. Айби йўқлиги учун қирқ кундан кейин зиндондан озод этилган. Зуннунни саройга чақирадилар. Зуннун халифа Мутаваккил ва аркони давлат ҳузурида ваъз айтади. Халифа бошлиқ ҳамма юм-юм йиғлаб, фасоҳат ва балоғат тўла нутқнинг таъсирида унга мурид бўладилар.

Бир куни Зуннун Мисрий кемага чиқади. Савдогарлардан бирининг жавоҳири йўқолиб қолади. Ҳамма жойни қидирадилар. Зуннунни ўғирликда айблайдилар. Кўп ҳақоратлар қилиб, озор берадилар. Шайх Аллоҳ даргоҳига муножот қилиб, денгизга қараса, мингдан зиёд балиқлар оғзида жавоҳир олиб чиқади. Зуннун улардан бирини олиб савдогарга беради. Кема аҳли бу кароматни кўриб, унинг оёғига бош қўядилар. Узр сўраб «Бу Зуннун (балиқ соҳиби) экан» дейишади. Шайхнинг лақаби «Зуннун» бўлиб қолади.

Зуннун уч марта маънавий сафар қилиб, уч илм олиб келди. Биринчи сафарда олиб келган илми (тавба) барчага манзур бўлиб, уни хос ҳам, омма ҳам хушнудлик билан қабул қилишди. Иккинчи сафар илм (маърифат) келтирганда хос қабул қилди, лекин омма қабул қилмади. Учинчи сафар илм (ҳақиқат) келтирганда хос ҳам, омма ҳам қабул қилмади. Ҳеч ким англамади ва бу илмни инкор қилдилар. Зуннун қочоқ, қувғин ва мискин бўлиб қолди.

Зуннун Мисрий 245/859 йилда вафот этган. Қабри Мисрда.

Зуннун Мисрий дейди:

- Тоғда кезар эдим. Бир жамоага дуч келдим. Бирининг кўзи кўр, бирининг оёғи йўқ, бирининг қулоғи кар, бири соқов, бирини яра босган. Улардан сўрадим:

- Бу ерда нима қиляпсиз?

Дедилар:

- Бу ерда ғор бор. Унда тақводор обид яшайди. Йилда бир марта ташқарига чиқади. Дардмандларга назар ташлаб, дуо қилади. Барча касалликдан тузалади. Сўнг яна ғорга кириб кетади.

Зуннун Мисрий бир муддат жамоа билан яшади. Обиднинг ғордан чиқар вақти бўлди. Дардмандларга назар солди, бари тузалди. Зуннун обиднинг этагига ёпишиб, обидга деди:

- Эй обид, менинг пинҳон дардимни ҳам муолажа қил.

Обид деди:

- Эй Зуннун, қўлингни торт, Аллоҳ сенинг ҳолатингни кўриб тургани ҳолда, Уни қўйиб менинг этагимни тутдинг-ки, иккимизни ҳалок қилади.

Шу сўзларни айтиб, обид ғорга кириб кетди.



Сўрадилар:

- Нечуксиз?

Зуннун деди:

- Ҳолим шундайки, хавф бемор қилди, шавқ куйдирди, муҳаббат ўлдирди, Аллоҳ тирилтирди.



Зуннуннинг хизматига бир ўғлон келди ва деди:

- Отамдан мерос қолган юз минг кумуш бор. Уни сизнинг хизматингизда сарф этсам деб ният қилдим.

Зуннун деди:

- Сенинг молингни сарф қилмоқ раво эмас. Балоғатга етгунингча сабр қил.

Ҳалиги ўғлон йигит бўлди. Зуннуннинг хизматига кирди ва барча пулини хонақоҳга харж этди. Пул тугагач, камхаржлик бошланди. Йигит афсус қилиб айтдики:

- Агар яна пулим бўлса, хонақоҳ учун сарфлаб, сўфийларнинг оғирини енгил қилар эдим.

Шайх унинг сўзларини эшитиб, «ҳануз ҳақиқат ишининг фаҳмига етмабди, ҳали ҳам унинг кўнглида дунё молига қизиқиш сўнмабди» деб тафаккур қилди. Иигитни чақириб, буюрди:

- Фалон атторнинг дўконига бориб, айтилган дориларни олиб кел.

Йигит шайхнинг айтганларини бажарди. Шайх дориларни аралаштириб, дуо ўқиди. Дори шодалари ёқутга айланди. Ёқутларни йигитнинг қўлига бериб, нархини билиб келиш учун гавҳарфурушнинг дўконига юборди. Гавҳарфуруш ҳар бир гавҳарни юз минг кумушга баҳолади. Йигит хонақохда қайтиб, нархларни айтди. Шайх деди:

- Энди ёқутларни дарёга ташлаб кел. Билгинки, дарвешлар ош-нон ташвишини қилмайдилар. Очлик риёзатини тортиш, мужоҳада қилиш уларнинг ихтиёридадир.

Йигит шайхнинг сўзларини тинглаб, хатосини англади. Тавба қилиб, ғафлат уйқусидан уйғонди. Кўнглида дунёнинг заррача қадр-қиммати қолмади.



Бир йигит сўфийларни инкор қилди. Зуннун йигитга узугини бериб, иккита нон сотиб олишни айтди. Нонвой нон ҳам бермади, узукни ҳам олмади. Зуннун йигитга узукни жавоҳирфурушга олиб боришни айтди. Узукни минг тиллага баҳоладилар. Йигит деди:

- Нонвой узукни битта нонга ҳам олмади. Жавоҳирфуруш узукни минг тиллага сўради.

Зуннун деди:

- Нонвой узукнинг қадрини қаердан билсин. Сен ҳам сўфийларнинг қадрини шу нонвой каби биласан.

Йигит тавба қилди. Қайтиб сўфийларнинг сўзларини инкор қилмади, мухлис ва эътиқодли бўлди.



Сўрадилар:

-Узлат нима?

Зуннун деди:

- Нафсдан кесилишдир.



Сўрадилар:

- Кўнгил хасталигининг нишонаси нима?

Зуннун деди:

- Тоатда ҳаловат топмаслик, кўнгилда Аллоҳ қўрқуви бўлмаслиги, нарсаларга ибрат кўзи билан боқмаслик, насиҳатни эшитиб, қулоқка олмаслик.



Аллохдан қўрқуви бўлмаган бандаларга Аллоҳ ғазабини йўллайди.



Илгари олим одам молини илм йўлига сарфлар эди. Бугун-чи? Илми орқали мол-дунё тўплайди.



Бир киши Зуннуннинг олдига келиб деди:

- Эй Зуннун, қарздорман, ҳеч нарсам йўқ.

Зуннун ерда ётган тошни олиб, дуо ўқиди ва қарздорнинг қўлига берди. У тошни бозорга олиб бориб, тўрт тиллога сотди ва барча қарзларидан озод бўлди.



Аллоҳ бандасининг нафсини унга хор қилиб кўрсатиши уни улуғ қиладиган ҳар қандай нарсадан азизроқ ва муҳимроқдир.



Тўғри сўз Аллоҳнинг ердаги қиличидир, ниманинг устига тушмасин, албатта, уни кесади.



Аллоҳга яқин бўлиш ёрқин нурдир, халойиққа яқинлик ғамнинг ўзидир.



Қилган амали билан мақтанган кишининг яхшилиги ёмонликка айланади.



Ҳожат сўрасанг ҳоким тили билан эмас, фақир забони билан сўра.



Маърифатнинг ҳақиқати ҳайратдир.



Зоҳидлар охират подшоҳидир ва орифлар зоҳидлар подшоҳидир.



Аллохдинг зикри менинг жонимдир, ҳаё эса менинг либосимдир.



Мурид талаб қилади ва мурод қочади.

Ҳамиджон Ҳомидийнинг

"Тасаввуф аломатлари" китобидан

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР