СССРнинг тарқатилиши "ноқонуний" эди, унинг юридик мақоми кўриб чиқишни талаб қилади ва депутатлар бу масалани кўтаришга тайёрлар. Бу ҳақда ТАССга КПРФ Марказий Қўмитаси аъзоси, Давлат Думасининг Оила, оталик, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш қўмитаси раҳбари Нина Останина маълум қилди.
У бу сўзларни РФ президенти маслаҳатчиси Антон Кобяковнинг Совет Иттифоқи "юридик жиҳатдан ҳали ҳам мавжуд", чунки уни тарқатиш тартиби бузилган деган сўзларига изоҳ бераркан айтди.
Останинанинг сўзларига кўра, 1991 йилги референдумда фуқароларнинг аксарияти СССРни сақлаб қолиш учун овоз беришган.
"Яъни, ҳам юридик, ҳам сиёсий, ҳам инсоний нуқтаи назардан, аслида, Совет Иттифоқининг мавжудлигини тугатиш ноқонуний эди, чунки ҳеч ким [Станислав] Шушкевичга ҳам, [Борис] Ельцинга ҳам, [Леонид] Кравчукга ҳам Беловеж келишувлари деб номланувчи ҳужжатларни имзолаш ваколатини бермаган. Ва бугунги кунга қадар бу юридик жиҳатдан баҳсли ҳужжатдир", - дейди коммунист Останина.
У "президент маслаҳатчиси билан бутунлай рози" эканлигини билдирди.
Останинанинг фикрича, "биз бугун барибир терговни ташкил қилишимиз керак. Ва агар бу позицияни президент маслаҳатчиси билдирган бўлса, менимча, бу иш бизда қолмайди. Ва биз сиёсий қарор қабул қилишга тайёрмиз, Давлат Думасида бу ҳақда гаплашамиз".
Бир кун олдин Россия президенти маслаҳатчиси Антон Кобяков Петербург халқаро юридик форумининг якуний матбуот анжуманида сўзга чиқиб, Совет Иттифоқи парчаланганда "юридик тартиб бузилган" ва бу СССРнинг "ҳали ҳам мавжудлигини" англатишини айтган эди. Кобяковнинг сўзларига кўра, СССР Халқ депутатлари съезди қарори билан тузилган, шунинг учун уни худди шу органнинг қарори билан тарқатиш керак эди. "Агар юридик тартиб бузилган бўлса, демак – юридик жиҳатдан СССР мавжуд. Конституциявий ҳуқуқ мутахассислари шундай дейишади. Аммо агар СССР тарқатилмаган бўлса, унда ҳуқуқий нуқтаи назардан Украина инқирози ички жараён бўлиб чиқади", — деб таъкидлаган Путин маслаҳатчиси.