loader
Foto

Жунайд Бағдодий

Шаркда «Тож ул-орифийн», «Султон ул-муҳаққиқийн», «Устод ул-тариқат» номи билан машҳур бўлган жунайдия тариқати асосчиси Абул Қосим Жунайд ибн Муҳаммад ал-Қаворирий ал-Хаззоз ал-Бағдодий 207/822 йилда Бағдодда туғилган. Гўдаклигида отадан етим қолиб, тоғаси Сарий Сақатий қўлида тарбия топган. Бағдод мадрасаларида таълим олган.

Ислом ҳуқуқи ва ҳадис илмини ўз даврининг машҳур фақиҳи Иброҳим Бағдодийдан ўрганган. Тасаввуф илмидан тоғаси Сақатий ва Ҳорис Муҳосибий устозлик қилган. Жунайд руҳий покланишга алоҳида эътибор қаратиб, тасаввуф амалиётини исломга мослаштирган. Абу Наср Саррож, Абу Али Даққоқ, Абулқосим Қушайрий Жунайднинг ҳаммаслаклари бўлишган.

Бағдод ахди Жунайдни «саййид ут-тоифа» деб атаган. Шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқат илмида бениҳоят олий даража ва мақом соҳиби бўлган. Суфён Саврийнинг қарашларини маъқуллаган. Бағдод машойихининг барчаси Жунайд йўлини тутишган.

Жунайд Бағдодий ислом тарихи, назарияси ҳамда тасаввуфга доир кўплаб рисолалар ёзган бўлса ҳам, ҳозиргача етиб келмаган. Алишер Навоий унинг «Тафсир» номли асари ҳақида эслатган. Шунингдек, Жунайднинг «Расоил» номли асарида Жунайднинг замондошлари билан ёзишмалари, мактублари, сўфийликка доир мақолалари ҳамда Қуръоннинг айрим оятларига шарҳлар жамлангани таъкидланган.

Жунайднинг сўзлари тариқатда ҳужжат, тасаввуф ичида қутб даражасига эришган бўлса ҳам, ақидапараст ва мазҳабпараст мунофиқлар томонидан кўп ранж чеккан. Ҳаттоки, Жунайдни «зиндиқ» деб жонига қасд этмоқчи бўлишган. Душманларнинг қўли калталик қилиб, Жунайдга ҳеч бир ёмонлик қила олишмаган, аксинча, руҳий хасталик, кўр ва тузалмас беморликка учраганлар. Бунинг далили шундаки, ҳар ким авлиёларни синаса ва бежо дахл қилса, икки дунёда ҳам зарарга учрайди. Авлиёлар нимаики иш қилсалар ҳам, гарчи шариатга хилоф деб билсалар ҳам, бу ҳақда сўраш ёки танбеҳ бериш раво эмас. Қанчалик узрхоҳлик қилмасин, авлиё сўзи ўқдир.

Жунайд 91 йил умр кўриб, 298/910 йилда Бағдодда вафот этган.



Шайх Шиблий деди:

- Агар ақл киши суратига кирса эди, Жунайд суратида бўлар эди.



Сарий Сақатий деди:

- Жунайднинг шавқ, маърифат, кашф ва ишқ бобидаги мартабаси бағоят олийдир.



Жунайд доим рўза тутар, ёронлари зиёратга келса, меҳмон ҳурмати рўзасини очар эди. Жунайд дейди:

- Рўза тутганнинг фазилати дўстларнинг кўнглини обод қилишдан зиёда эмасдир.

Жунайд Бағдодий ва Абу Бакр Каттоний суҳбатдош бўлишган. Уларнинг ўртасида маърифат ва ҳақиқат борасидаги минг масала яширин эди. Абу Бакр Каттоний вафотидан олдин Жунайдга улар ўртасидаги сирлар зоҳир бўлмаслигини васият қилди. Жунайд сирни халққа ошкор қилмади.



Жунайд уламолар тўнини кияр эди.

Сўрадилар:

- Нима учун хирқа киймайсиз?

Жунайд деди:

- Хирқа кийиш билан мурод ҳосил бўлганда, темирдан жанда кияр эдим. Аллоҳ даргоҳида хирқаю жандага эътибор йўқ, балки эътибор кўнгил даргоҳигадир. Кишининг кўнглида Аллоҳ дарди бўлмаса, хоҳ хирқа кийсин, хоҳ жанда кийсин - фойдаси йўкдир.



Жунайднинг сўзлари бағоят таъсирли эди. Сарий Сақатий деди:

- Халққа панд-насиҳат қилар вақтинг келди, минбарга чиқ.

Жунайд деди:

- Сиздек муршидим ҳузурида сўз айтишга менга йўл бўлсин?

Жунайд кечаси Муҳаммад (с.а.в.)ни туш кўрди. Сарвари коинот (с.а.в.) Жунайдга умматларга ваъз қилишга изн берди. Жунайд уйғонди. Тушини айтиш учуи пири Сарий Сақатийнинг ҳузурига йўл олди.

Сарий деди:

- Сарвари олам (с.а.в.)нинг ўзлари изн бердилар, энди халққа сўз айтарсан?!

Жунайд минбарга йўл олди.

Жунайднинг кўзи оғриди. Табиб келди. Дори бериб деди:

- Кўзингга сув тегмасин, яллиғланиб кетади.

Табиб кетди. Жунайд таҳорат олиб, намоз ўқиди. Эртасига табиб келди. Жунайднинг кўзи тузалганини кўрди.

Табиб сўради:

- Нима даво қилдинг?

Жунайд деди:

- Таҳорат олиб, намоз ўқидим.

Табиб Жунайднинг қўлидан тутиб, иқрорини айтди:

- Бу даво Холиқнинг давосидир, халқнинг давоси эмасдир. Чин табиб У (Аллоҳ)нинг ўзидир.



Амалларнинг яхшироғи нафсни сақлашдир. Ким нафсини сақласа, динини ҳам сақлайди.



Жунайд деди:

- Ҳиммат Аллоҳнинг ишоратидир. Иродат фаришталарнинг ишоратидир. Миннат султонларнинг ишоратидир. Шаҳват нафснинг ишоратидир. Ҳаво куфрнинг ишоратидир.



Сўрадилар:

- Футувват нима?

Жунайд деди:

- Фақирлардан ор қилмасанг ва бойларга фахр билан қарамасанг футувват шудир.



Сенга тақдир этилган нарса, албатта, сенга етади.



Тавбанинг уч маъноси бор: пушаймон бўлиш, золимлар зулмидан ўзини сақлаш, ёмон жойларга оёқ босмаслик.

Тафаккур тўрт қисмдир. Биринчиси, Аллоҳнинг оятларини тафаккур қилиш. Бундан маърифат ҳосил бўлади. Иккинчиси, Аллоҳ неъматларини тафаккур қилиш. Бундан муҳаббат ҳосил бўлади. Учинчиси, Аллоҳнинг ваъдаларини тафаккур қилиш. Бундан хавф ва умид ҳосил бўлади. Тўртинчиси, Аллоҳнинг раҳматини тафаккур қилиш. Бундан ғайрат ҳосил бўлади.



Аллоҳ ўттиз йил Жунайд тили билан халойиққа сўзлади. Жунайд орада йўқ бўлгач, халқнинг ҳам ундан хабари йўқ бўлди.



Аллоҳ ёмонликни кўзлаган кишига муҳаббатни ҳаром қилди.



Мажлисларнинг энг шарафлиси ва энг олийси тавҳид соҳасида тафаккур қилиш, маърифат шамоли билан елпиниш, муҳаббат косасида дўстлик дарёсидан сув ичиш ва Аллоҳга ҳусни зан (яхши хаёл билан) назар айлашдир.



Ҳар кимнинг тириклиги Аллоҳ билан бўлса, унинг ўлими мажозий тирикликдан ҳақиқат тириклигига ўтишдир. Ҳар кимнинг тириклиги нафси билан бўлса, унинг ўлими жондан айрилишдир.



Кўнгил тўрт турлидир. Бир кўнгил Аллохдандир, бандани бандаликка даъват этади. Иккинчиси фаришталардандир, бандани тоатга даъват этади. Учинчиси нафсдандир, бандани дунёга даъват этади. Тўртинчиси шайтондандир, бандани бахиллик, ҳасад, адоват ва жаҳолатга даъват этади.

Агар мен билан Аллоҳ ўртасида оловдан денгиз бўлса, Аллоҳга бўлган иштиёқим боис, кечиб ўтмоқ учун ўзимни оловга ташлар эдим.



Ҳар бир амалнинг ўзи Аллоҳнинг лутфу иноятидандир.



Ихлос - банданинг ҳар бир амали ва феълида Аллоҳни хохдашидир.



Тасаввуф хулкдир, яъни кимки сендан хулқда устун бўлса, тасаввуфда устундир.



Ориф - ўз вақти (ҳоли)нинг боласидир. Орифни икки вақтда бир ҳолатда кўриб бўлмайди.



Маърифат банда кўнглида Аллоҳнинг омонатидир. Унинг йўлида жон нисор этмагунча, банда маърифат лаззатига эришмайди.



Муҳаббатга яқинлашиш - бирлашиш, халқнинг ғийбатида бўлиш тарқалишдир.

Ҳамиджон Ҳомидийнинг

"Тасаввуф аломатлари" китобидан

 

 

 

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР