loader
Foto

Исёнчиларни огоҳлантириш

Эй мўминлар амири, сен мендан аҳли қиблалар (яъни мусулмонлар) кўлида қурол билан исён қилса, улар билан қуролларини ташлаш ҳақида огоҳлантирмасдан жанг қилинадими ёки бу ҳақца огоҳлантириб, кейин жанг қилинадими, шунингдек, уларнинг моллари, аёллари, болалари ва ҳарбий ҳаракатларда фойдаланган анжомлари борасида нима қилиниши ҳақида сўраган эдинг.

Бизнинг наздимизда бу борадаги хабарларнинг энг тўғриси Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган. Яъни Али розияллоҳу анҳу ўзига қарши исён қилган аҳли қиблаларни таслим бўлиш ҳақида огоҳлантирмай туриб, улар билан жанг қилмаган. Улар билан жанг қилиб, ғалаба қилса ҳам, уларнинг меросларидан ҳеч нарсага, аёллари ва болаларига тажовуз қилмаган, улардан асир олинганлар ва жароҳатланганларни ўлдирмаган, қочоқларни таъқиб қилмаган.

Исёнчилар ҳарбий ҳаракатларида фойдаланган ва жанг майдонига олиб келган анжомлар ҳақида эса турли фикрлар билдирилган. Баъзилар: “Али розияллоҳу анҳу исёнчиларнинг ҳарбий ҳаракатларда фойдаланган анжомларидан бешдан бир улуш ажратиб олиб, қолганини жангчиларга тақсимлаб берган”, дейди. Яна баъзилар: “Али розияллоҳу анҳу исёнчилар ҳарбий ҳаракатларида фойдаланган анжомларни эгаларига мерос сифатида қайтариб берган. Жанг майдонига келтирилмаган мол-мулклари ҳамда ерларини эса ўз аҳлига қолдириб, уларга тегмаган. Али розияллоҳу анҳу ўз эгаларида қолдирган мол-мулкларга Куфа шаҳридаги Талҳага қарашли Нашастиж номли жой, Мадинадаги Талҳа ва Зубайр(Улар Али розияллоҳу анҳу билан ўрталарида бўлиб ўтган Басра, яъни Жамал (туя) жангида халок бўлганлар.)га қарашли мол-мулклар, басраликларнинг ерлари, яшаш жойлари ва мол-мулкларини мисол келтириш мумкин”, дейдилар.

Баъзи дўстларимиз эса: “Али розияллоҳу анҳу агар исёнчиларнинг ҳарбий қароргоҳи бўлса, улардан асир олинганлар ва ярадорларни ўлдирган ҳамда қочганларни таъқиб қилган. Агар уларнинг ҳарбий қароргоҳлари ва яширинадиган бошпаналари бўлмаса, қочоқлари таъқиб қилинмаган, ярадорлари ва асир олинганлари ўлдирилмаган.

Агар асир олинганлар қўйиб юборилса, уларга бошпана берадиган тарафдорлари кўп бўлиши хавфи бўлса, Али розияллоҳу анҳу уларни тавба қилмагунларича қамоқда сақлаган”, дейдилар.

Қатл қилинган исёнчиларга жаноза намози ўқилмайди. Исёнчини ўлдирган ҳақ йўлдаги киши, уни ҳақли равишда ўлдиргани сабабли у қолдирган меросга шерик бўлади, худди исёнчининг ўлдирилишига дахли йўқ кишилар каби. Лекин ҳақ йўлдаги кишини ўз қўли билан ўлдирган исёнчи, унинг меросига шерик бўла олмайди, чунки уни ноҳақ ўлдирган ҳисобланади.

Ҳақ йўлдаги кишилар ўлдирилса уларга жаноза намози ўқилади, жаноза намози ўқилиши ва дафн қилиниши борасида улар шаҳидлар қаторида бўлиб, жасадлари ювилмайди ва кафанланмасдан эгнидаги кийимларида дафн қилинади. Агар эгниларида темир ёки теридан бўлган кийим бўлса, ечиб олинади. Улар хушбўйланмайди, яъни (бир сўз билан айтганда) уларга шаҳидларга қилинадиган ишлар қилинади. Жанг майдонида ҳалок бўлганлар билан шундай йўл тутилади. Лекин одамлар улардан бирини чалажон ҳолида чодирга олиб кетаётганларида, уларнинг қўлида жон берса, унинг жасади ювилади, кафанланади ва хушбўйланади. Яъни у билан бошқа маййитлар билан қилинадиган ишлар қилиниб, унга жаноза намози ўқилади.

Исёнчилардан бири тавба қилиб, имомга эргашса, унга қулоқ солиб, бўйсунса, у урушда кимнидир ўлдиргани, бировга етказган жароҳати ва йўқ қилган бирор нарсаси учун жавобгар бўлмайди. Агар унинг қўлида ҳақ йўлдаги кишининг бирор нарсаси бўлса, ўша нарса ундан олиниб, эгасига қайтарилади.

Ҳақ йўлдагилар билан уруш ҳолатида бўлганлардан бири йўлтўсарлик қилиб, одамларни ўлдириб, уларнинг молини талон-тарож қилса, сўнгра қўлга тушмасидан аввал омонлик талабида келиб тавба қилса ва бўйсунса, уруш ҳолатида у тортиб олган мол-мулк, етказган жароҳати ёки йўқ қилган бирор нарсаси учун жавобгар бўлмайди. Агар унинг қўлида бирор кишига тегишли бўлган нарса топилса, ундан олиниб, эгасига қайтарилади, лекин у йўқ қилиб юборган нарсаси учун жавобгар бўлмайди.

Ҳақ йўлидагиларнинг қўлига тушган исёнчиларнинг қуроллари ва миниладиган ҳайвонлари ҳарбий ўлжа ҳисобланиб, имом унинг

бешдан бир улушини олиб қолиб, бешдан тўрт улушини жангчиларга тақсимлаб беради.

Муҳаммад ибн Исҳоқ Абу Жаъфардан ривоят қилади: “Али розияллоҳу анҳу Сиффин(Сиффин - Фрот дарёсининг ўнг қирғоғидаги жой номи. У ерда 657 йил Али розияллоҳу анҳу ва Муовия ибн Абу Суфён тарафдорлари ўртасида жанг бўлиб ўтган.) куни асир олинган киши олиб келинганда, унинг от-улови ва қуролини олиб қолади ҳамда ундан қайтиб келмаслик ваъдасини олиб, уни қўйиб юборган”.

Ашъас Ҳасандан: “Али розияллоҳу анҳу асирларни қатл қилишни ёқламас эди”, деб ривоят қилади.

Баъзи машойихларимиз Жаъфар ибн Муҳаммаддан, у отасидан ривоят қилади: “Али розияллоҳу анҳу жарчисига Басра жанги(Басра жанги - Али розияллоҳу анҳу билан Талҳа, Зубайр ўрталарида 656 йил декабрь ойида бўлиб ўтган. Бу жангда Али розияллоҳу анҳуга қарши Оиша розияллоҳу анҳу ҳам қатнашган. Жанг Оиша розияллоҳу анҳу ўтирган туя атрофида бўлгани учун Жамал (туя) жанги деб ном олган.) куни “Қочоқ таъқиб қилинмайди, ярадор ва асирлар қатл қилинмайди. Ким эшигини ёпиб олса, у омондадир. Ким қуролини ташласа, у омондадир”, деб жар солишни буюрди ва уларнинг ҳеч нарсалари олиб қўйилмади”.

Муғира Ҳаммоддан, у Иброҳимдан ҳад белгиланган, кейин исён қилиб, сўнгра омонлик талаб қилган, натижада унга омонлик берилган киши ҳақида шундай ривоят қилади: “Унга белгиланган ҳад қўлланилади”.

Ҳажжож Ҳакамдан ривоят қилади: “Аҳли илмлар: “Агар исёнчига омонлик берилса, у уруш ҳолатида қўлга киритган нарсалар ундан олинмайди. Агар у нарсаларни урушдан олдин қўлга киритган бўлса, ундан олиб қўйилади”, дейдилар”.

Абу Юсуф айтади: “Биз бу борада эшитганларимизнинг энг афзали мана шудир, албатта, Аллоҳ билгувчироқ”.

Имом Абу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим Куфийнинг

"Китоб ал-Харож" китобидан

А. Маннапова таржимаси

 

 

 

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР