loader
Foto

Ўн тўққизинчи суҳбат: Дўстларингизни таниб олинг

Аллоҳ бу икки оятда мўминлар ўртасидаги чинакам дўстлик қандай асосга кўра барпо бўлишини кўрсатади. Бу оятни яна ҳам тўлиқроқ тушуниш учун Моида сурасининг бундан олдинги ояти (54-оят) билан танишиш фойдалидир. Моида сурасининг 54-оятида Аллоҳ мана бундай деган эди:

“Эй иймон келтирган инсонлар, сизлардан кимки динидан қайтса, Аллоҳ яқинда шундай бир қавмни олиб келадики, уларни Аллоҳ яхши кўрадиган, улар ҳам Аллоҳни яхши кўрадиган, кофирларга қаттиқ турадиган, мўминларга меҳрибон бўладиган зотлар бўладилар...”

Муфассирлар бу оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан сўнг диндан қайтиб кетган айрим араб қабилалари ҳақида нозил бўлганлигини айтишади ва унинг ҳукми ҳамма учун баробар эканини баён қилишади. Ибн Касир ёзадилар: “Аллоҳ Ўзининг буюк қудрати ҳақида хабар берадики, кимки Унинг динига ёрдам беришдан, шариатини қоим қилишдан юз ўгирса, Аллоҳ уни бу иш учун ундан кўра яхшироқ бўлган инсонга алмаштиради”. Демак, мусулмон одам Аллоҳнинг динига ўзи хоҳлаб ва интилиб ёрдам беради, Унинг шариати кўрсатган ишларни амалга ошириш учун чин юракдан ҳаракат қилади. Агар бу ишларга ҳиссасини қўшишдан ўзини олиб қочадиган бўлса, Аллоҳ унинг кучига ва ёрдамига муҳтож бўлмайди. Ундан кўра яхшироқ инсонларни чиқаради. Шундай қилиб, Аллоҳнинг динидан кўзланган мақсад барибир амалга ошади.

Оят давомида Аллоҳ мўминларнинг бир-бирларини дўст тутишлари, динда ўзаро ака-ука бўлиб амал қилишларини мақтайди: “Кофирларга қаттиқ турадилар, мўминларга меҳрибон бўладилар”. Чунки Аллоҳнинг динига ёрдам беришда дўстларга суянилади. Бунинг учун инсон дўст ким эканини яхши ажратиб олиши лозим. Дўстларини таниб олгандан кейин уларни қадрлаши, уларга меҳрибон бўлиши даркор бўлади. Аллоҳ “мўминларга меҳрибон бўладилар” деган сифат орқали мусулмонларнинг бир-бирлари билан қандай муносабатда бўлишлари кераклигини ўргатди. Бу мазмунни муфассир Саъдий мана бундай тафсир қиладилар: “Улар мўминларни яхши кўрганларидан, уларга нисбатан холис, мулойим, шафқатли, меҳрибон бўлганларидан, хушмуомалаликларидан... улар олдида хокисор бўладилар. Аллоҳга кофир бўлган, Унинг оятларига қарши чиққан, пайғамбарларини ёлғончига чиқарганлар олдида эса азиз бўлиб турадилар. Уларнинг ҳиммат-ғайратлари кофирларга душманлик руҳида жамланган бўлади. Душманлардан ғолиб бўлишга олиб келадиган барча омилларни ҳосил қилиш учун кучларини сарфлайдилар”.

Аллоҳ иймонсиз кимсалар ва мунофиқларнинг мўминларга асло дўст бўлмаслигини Қуръоннинг бир неча оятида таъкидлаб ўтган. Шунингдек, динни мукаммал ушламайдиган иймони суст ва фосиқ кимсаларни ҳам танқид қилган. Яна мусулмон бўла туриб, амалда кофир ва золимларга мойил бўлганларни ҳам огоҳлантирган:

“Золим бўлган кимсаларга мойил бўлмангизким, жаҳаннам олови сизларни ўз домига олур ва сизларга Аллоҳдан бошқа бирор дўст топилмас. Сўнг ёрдамсиз қолиб кетасизлар”. (Ҳуд сураси, 112-оят).

Аллоҳ мана шу таълимотлардан сўнг кейинги икки оятни мўминлар зикрига, уларнинг сифатларига, ҳамда улар учун ваъда қилинган нусрат ва мукофтлар баёнига бағишлади.

“Сизларнинг дўстларингиз фақат Аллоҳ, Унинг расули ва иймон келтирган зотлардирким, улар намозни тўкис бажо қиладилар, закотни адо этадилар, ўзларини хокисор тутадилар. Кимки Аллоҳу расулни ва иймон келтирган инсонларни дўст тутадиган бўлса, бас Аллоҳнинг ҳизбида бўлганлар, ана ўшалар ғолиб бўлгувчилардир!”

Саъдий: “Аллоҳ яҳуду насоро ва бошқа турдаги кофирларни дўст тутишдан қайтариб, бу ишнинг оқибати аниқ зиён билан ниҳояланишини зикр этгандан сўнг кимларни дўст тутиш вожиб эканлиги ҳақида хабар берди, ҳамда бунинг фойдаларини ҳам баён қилди. У: “Сизларнинг дўстларингиз фақат Аллоҳ ва Унинг расулидир...” деди. Аллоҳнинг дўстлиги иймон ва тақво билан қўлга киритилади. Мўмин ва тақводор бўлган ҳар бир инсон Аллоҳнинг дўсти бўлади. Бас, у Аллоҳ расулининг ҳам дўстидир. Кимки Аллоҳ ва Унинг расулини дўст тутадиган бўлса, бу ишнинг комил бўлиши учун у икковлари дўст тутганларни ҳам дўст тутиши лозимдир. Улар эса ҳам зоҳиран, ҳам ботинан иймон келтирган, намозни шартлари, фарзлари, мукаммал қилувчи қўшимчалари билан адо этиб, Маъбудга холис сиғинган, халққа яхшилик қилган, халқ ичида закотга лойиқ бўлганларга молларидан закот берган мўминлардир.

وَهُمْ رَاكِعُونَ – Бу сўзнинг маъноси улар Аллоҳга итоаткор, Унинг ҳузурида хокисор турадилар деганидир. “Сизларнинг дўстларингиз фақат Аллоҳ, Унинг расули ва иймон келтирган зотлардир” жумласидаги “фақат” деб чегаралаш шунга далолат қиладики, дўстликни мазкур шахслар билан чеклаш ва улардан бошқаларнинг дўстлигидан пок бўлиш вожибдир.

Шундан кейин Аллоҳ Ўзи талаб қилган дўстликнинг фойдаларини зикр қилди. “Кимки Аллоҳу расулни ва иймон келтирган инсонларни дўст тутадиган бўлса, бас Аллоҳнинг ҳизбида бўлганлар, ана ўшалар ғолиб бўлгувчилардир!” Яъни у одам бандалик ва дўстлик жиҳатидан Аллоҳга нисбат бериладиган ҳизбдандир. Аллоҳ ҳизбида бўлганлар ғолибдирлар. Дунёда ҳам Охиратда ҳам хайрли оқибат уларга насиб бўлади...

Бу Аллоҳнинг амрини ушлаган ва Унинг ҳизби ва лашкаридан бўлган инсон учун улкан башоратдир. Гарча баъзи ҳолатларда ишлар унинг зиддига айланиб кетса ҳам, бироқ бу Аллоҳ хоҳлайдиган ҳикмат учун бўлган бўлади ва у банданинг ишларининг охири ғалаба ва нусрат билан тугалланади. Аллоҳдан ҳам кўра рост сўзлайдиган ким бор?!"

Мусулмон одам хоҳ арзийдиган, хоҳ арзимайдиган сабаблар билан ўзининг Аллоҳ буюрган дўстларидан юз ўгириши, улардан кўра фосиқлар билан яқинлашиши гуноҳдир. Агар у мусулмонлардан бирининг зарарига душманлар билан келишишга борса, бу ўзининг иймонига ўзи тажовуз қилганидир.

Мўминлар турли келишмовчиликларни баҳона қилиб бир-бирлари билан душманлик кайфиятида яшашлари Аллоҳнинг мана бу оятига тескари бўлади:

“Фақат мўминларгина бир-бирларига ака-укадирлар. Бас, икки биродарингизнинг орасини ислоҳ қилиб қўйингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шоядки раҳм қилинсангизлар”. (Ҳужурот сураси, 10-оят).

Айрим мусулмонларнинг бир-бирлари билан юз кўрмас бўлиб олишлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу буйруқларига мутлақо тескаридир:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бир-бирингизга адоват, ҳасад қилманглар, бир-бирингиздан юз ўгириб кетманглар. Аллоҳнинг ака-ука бандалари бўлинглар. Ҳеч бир мусулмонга биродари билан уч кундан ортиқ аразлашиб юриши ҳалол бўлмайди”. (Муслим, 2559).

Аллоҳ Ўзига ва Расулига хилоф иш тутишдан огоҳлантирган:

“Аллоҳнинг амрига хилоф иш қилаётганлар уларга бир фитна етиб қолишидан ёки қаттиқ азоб келиб қолишидан эҳтиёт бўлсинлар!” (Нур сураси, 63-оят).

Ибн Касир ёзадилар: “Расулнинг шариатига ё зоҳиран ёки ботинан хилоф йўл тутган одам қўрқсин ва эҳтиёт бўлсинки, ундайларнинг қалбига куфр, ширк ёки бидъатдан “бир фитна етиб қолиши ёки қаттиқ азоб келиб қолиши”, яъни шу дунёда ҳам қатл, ҳад (жазо) ёки ҳибс ё шунга ўхшаш офат етиши мумкин”.

Аллоҳнинг каломидан ҳосил қилинадиган хулосалар:

1. Мўминлар бир-бирлари билан дўст ва биродардирлар. Улар бир-бирларига кибр қилмайдилар. Ҳар бир мўмин бошқа мўминлар билан иймон биродарлигини сақлаш учун ҳаракат қилиши фарздир.

2. Намоз ўқийдиган одам билан тескари бўлиб олиб, бенамоз ва фосиқлар билан иноқлашиб юриш гуноҳ иш. Бир мўминнинг зиёнига золимлар билан тил бириктириш иймонга зарар.

3. Аллоҳу Расулни ва мўминларни сўзда ҳам, амалда ҳам дўст тутган одам албатта ғолиб бўлади.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР