loader
Foto

Уч нарса билан иймонини заифлаштирганларга оид тўртинчи сабабнинг муолажаси

Одамларнинг нубувватга бўлган иймон-лари заифлигининг тўртинчи сабаби - олимларнинг гуноҳ ва ёмонликлардан холи эмаслигига оид баҳоналари иллатини даволаш уч нарса билан бўлади:

Айрим ҳолларда шаҳватнинг ғолиб қолиши уламолардан содир бўлувчи тойилишларнинг сабабидир

Биринчиси - авваламбор шуни билишинг керакки, сен ҳаром ейишини даъво қилаётган олимнинг муҳаррамотларнинг ҳаром эканига оид илми сенинг хамр, тўнғиз гўшти ёки зинонинг ҳаромлигига доир илминг кабидир. Аслида эса сен ҳам ғийбат, ёлғон ва чақимчиликнинг ҳаром эканини билган ҳолда ушбу маъсиятларни қиласан. Бироқ, сен бу гуноҳларга уларнинг маъсият эканига иймонинг йўқлиги учун эмас, балки сенга ғолиб келган шаҳватинг боис қўл урасан. Олим ҳам худди сен сингари башар бўлиб, сенда бор шаҳват унда ҳам бор, сени мағлуб қилган шаҳват гоҳида уни ҳам мағлуб қилиши мумкин. Бироқ у сендан фарқли ўлароқ мазкур гуноҳлардан бошқа масалаларга оид илмларни ҳам билади. Шундай экан кишини муйян тақиқланган ишдан зажр қилишда ҳаддан ошмаслик лозим.

Қанчадан қанча одамлар борки, табиб уларга ширинлик, бирор нав мева ёки совуқ сувни тақиқлашига қарамай, улар сабр қила олмай ўша нарсаларни истеъмол қилиб қўядилар. Бу эса ўзига тақиқланган нарсаларни еб-ичиб қўйган сабрсиз беморнинг табибнинг айтганларига ишонмаслигини ёки ўша тақиқланган маҳсулотларнинг унга зарар келтирмаслигини англатмайди.

Олимлардан содир бўладиган айрим тойилишларнинг таъвили ҳам мана шу йўсинда бўлур.



Баъзида илмига алданиб қолган олимдан тарки амал содир бўлиши мумкин

Иккинчиси - оми кишига шундай танбеҳ бериш лозим бўлади: “Шуни яхши билиб олгинки, олимнинг илми охирати учун захирадир. Илми қиёмат куни унга нажот ва шафоат бўлади. Гарчи олим илмига амал қилишда сусткашликка йўл қўйсада, бу иши унинг зарарига бўлган ҳужжат бўлиши мумкин бўлганидек, оқибатда илмнинг фазли ғолиб келиб, қиёмат куни даражасининг ортишига ҳам сабаб бўлиши мумкиндир. Чунки, олимнинг айрим ўринларда илмига амал қилишни тарк этиши уни илм тарқатувчи деган олий рутбадан мосуво қилмайди.

Шундай экан, эй оми, агар илмига амал қилмаган олимни кўриб, ўзинг илмсиз бўлсанг ҳам амални тарк қилсанг, у ҳолда сен илмдан ҳам, амалдан ҳам қуруқ қолиб, бадбахтлардан бўлиб қолишинг муқаррардир!”



Ҳақиқий олим бошқаларга ўрнакдир

Учинчиси - ҳақиқат шуки, асл олим адашибгина маъсият қилиб қўйиши мумкин. Аммо у ўша маъсиятда зинҳор бардавом бўлмайди. Чунки ҳақиқий илм ўз соҳибида гуноҳнинг ҳалок қилувчи оғу экани ва охират диёрининг дунёдан афзаллигига оид маърифатни пайдо қилади. Буни билган олим эса тубан нарса учун олий нарсани сотиб юбормайди.

Бироқ, бу нарсага ҳозирда кўпчилик одамлар шуғулланиб юрган илмлар орқали етишиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам синчиклаб қараган одам бугунги илм аксарият одамларда Аллоҳтаолога маъсият қилишга бўлган журъатни зиёда қилаётганига гувоҳ бўлади.



Ҳақиқий илмнинг асари

Ҳақиқий илм эса соҳибининг хушуъ ва хавфини орттиради. Натижада банда билан маъсиятлар орасида тўсиқ пайдо бўлиб, айрим башарий тойилиш ва камчиликлар бўлиб турсада, ундан Аллоҳнинг ғазабилга сабаб бўлувчи маъсиятлар содир бўлмайди. Мазкур кичик тойилиш ва хатолар эса иймон заифлигига далолат этмайди. Чунки мўмин кўп фитналарга учраб, кўп тавба қилувчи, гуноҳга муккасидан кетиш ва ундан бардавом бўлишдан узоқ бўлувчидир.

Абу Ҳомид Ғаззолийнинг

"Залолатдан кутулиш" китобидан