loader

АБДУЛБОСИТ ҚОРИ

Фазилатли шайх Абдулбосит Абдуссамад, дунёга машҳур қори, Қуръон қироати устозларидан. Ҳижрий 1346 (милодий 1927) йили Мисрнинг Армант шаҳрида туғилган. Ўн ёшга етмасдан шайх Муҳаммад Салим қўлида Қуръони каримни тўла ҳифз қилди ва етти қироатни ўрганди. Миср радиоси орқали бериладиган  шайх Муҳаммад Рифъат, Абдулфаттоҳ Шаишаъ, Мустафо Исмоил кабиларнинг қироатини соатлаб тинглар, уларга ўхшашни Аллоҳдан сўраб дуо қилар эди. 1950 йили  хуш савт билан қилаётган қироатини эшитган уламолар уни Қоҳирага таклиф этишади. У чиройли қироат, мукаммал тажвид орқали машҳур Қуръон ҳофизи бўлиб танилди, довруғи оламга ёйилди. 1951 йилдан Миср қорилари шайхи Заббоънинг таклифига биноан радио орқали тиловат қила бошлади. 1952 йилдан Имом Шофеъий масжиди қориси, 1985 йилдан эса шайх Маҳмуд Али Банно ўрнига Ҳусайний масжиди қориси бўлиб ишлади. 1984 йилдан вафотига қадар Миср қорилари касаба уюшмаси раҳбари эди. Шундан кейин у Саудия Арабистонидаги Масжидул-Ҳаром, Масжидун-Набийда, Марокаш, Покистон, Индонезия, Америка ва бошқа ўлкаларда ҳам қироат қилиб, барчани Қуръон мўъжизаси ва фасоҳати ила ошно қилди. Франсия пойтахти Парижда Қуръони карим сураларини ёқимли овозда, маромига етказиб ўқиганида фаранглар узоқ муддат қарсаклар билан олқишлашди. Мамлакат газеталари унинг маҳоратига тан бериб, «афсонавий овоз соҳиби» дея атади. Бундан таъсирланган ўндан ортиқ киши мусулмон бўлди. Унинг беш нафар ўғли ҳам мураттаб қори бўлиб етишган. 1988 йили  олтмиш бир ёшида Қоҳирада вафот этган.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР