loader

АБДУЛЛОҲ ибн МАСЪУД


Абдуллоҳ ибн Масъуд ибн Ғофил ибн Ҳабиб ал-Ҳузалий (р.а.), кунялари Абу Абдураҳмон, саҳобийларнинг улуғларидан. Милодий 592 йили Маккада туғилганлар. Исломга олтинчи бўлиб кирганлар. Расулуллоҳга (с.а.в.) энг яқин зотлардан ва ходимларидан. Ҳабашистон ва Мадинага ҳижрат қилганлар, Бадр, Уҳуд ва бошқа барча ғазотларда қатнашганлар. Ҳузури Рисолатда доимий бўлиб, Қуръони каримни жаноби Расулуллоҳнинг оғизларидан эшитган, ҳаммадан яхши ёдлаган ва тафсир илмининг пешқадами бўлиб танилганлар. Асҳоби киромнинг энг улуғ фақиҳ ва мужтаҳидларидан эдилар. Жисмонан заифроқ бўлганлар, аммо Пайғамбар алайҳиссалом: «Сиз Ибн Масъуднинг вужуди заифлигига қараманг, мезонда у ҳаммадан оғирдир», деб марҳамат қилганлар. Аллоҳнинг Китоби хусусида илмлари шунчалик эдики, бу ҳақда ўзлари: «Аллоҳ таолога қасамки, Қуръондаги оятларнинг қаерда ва нима ҳақда нозил бўлганини билар эдим ва истардимки, Аллоҳнинг Китобини мендан ҳам яхши билувчироқ бир киши  бўлсаю ахтариб топиб, ундан таълим олсам», деганлар. Расулуллоҳ (с.а.в.) вафотларидан кейин Куфа хазинаси бошлиғи бўлдилар. Ҳазрати Усмоннинг халифалиги даврида Мадинага келдилар. Абдуллоҳ ибн Масъуддан 848 та ҳадис ривоят қилинган, шундан 120 тасини Имом Бухорий ва Муслим муштарак ҳолда нақл қилишган. Бутун умри Пайғамбар алайҳиссаломга хизматда ва Ислом таълимоти йўлида ўтган бу киши  ҳижратнинг 32 (милодий 652) йилида олтмиш ёшда Мадинада вафот этганлар. Жанозаларини Ҳазрати Усмон ўқиганлар. Қабрлари Бақиъда.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР