loader

АБУ БАКР СИДДИҚ. Абу Бакр (р.а.)

Макканинг Қурайш қабиласи Тамим уруғидан, милодий 573 йили туғилганлар. Исмлари Абдуллоҳ, оталарининг исми Усмон (куняси Абу Куҳофа), оналариники Уммул Хойр. Ота-она томонидан сулолалари Муррада Расулуллоҳ алайҳиссалом сулолалари билан бирлашади. Абу Бакр куняси билан танилган бу зот илк саккиз мусулмоннинг ҳам, Ашараи Мубашшаранинг ҳам, Хулафои рошидиннинг ҳам биринчиси бўлдилар. Халифаликлари  пайтида Қуръони  карим оятларини биринчи бўлиб тўплатганлари учун «Жомиъул Қуръон» унвонига сазовор бўлганлар. Ҳамма ишда адолатни биринчи ўринга қўйдилар. Халифаликлари икки йилу уч ой давом этди. Расулуллоҳдан 142 та ҳадис ривоят қилганлар. Абу Бакр билимдон, бадавлат киши бўлганлар, тижорат билан шуғулланганлар.  Бойликларининг катта қисмини Аллоҳ йўлида сарфлаганлар. Ҳеч қачон бутга сиғинмаганлар, ичкиликни оғизларига олмаганлар. Исломни ҳеч иккиланмай қабул қилганлари ва Расулуллоҳнинг (с.а.в.) меърожларини эшитган заҳоти тасдиқлаганлари учун «Сиддиқ» унвони берилган. Қизлари Оишани (р.а.) Расули акрамга никоҳлаб бериб, ақраболик ришталарини боғланганлар. Барча ғазотларда Сарвари олам билан ёнма-ён турдилар, у зотга халифа эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хасталаниб қолганларида у зотнинг ўринларига ўн етти вақт намозга имомлик қилганлар. Расули акрамнинг вафотлари муносабати билан мушриклар фитнаси кучайган, асҳоб саросимага тушган буҳронли кунда биргина Абу Бакр ақл билан иш юритдилар. Ўзларининг машҳур хутбалари билан саҳобийларни тинчитиб, тасалли бердилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом вафотларидан кейин мусулмонларга халифа этиб сайландилар. Ниҳоятда камтарона, оддий ҳаёт кечирдилар, давлат бошлиғи бўлганларида икки дирҳам (кумуш) маош билан кун кечирганлар. Вафот этганларида ёнларидан ҳеч пул чиқмаган. Ҳижрий 13 (милодий 634) йили олтмиш уч ёшда Мадинада вафот этдилар. Расули акрамнинг «Ҳужраи саодат»ларида у зотнинг ёнларига дафн қилинганлар.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР