loader

АЖР

Луғатда «мукофот» дегани. Истилоҳда солиҳ бандаларга охиратда бериладиган насиба «ажр» дейилади. Дунё ҳаётида солиҳ амаллар қилган, гуноҳлардан сақланган, Аллоҳдан қўрққан мўмин-мусулмонлар охиратда Аллоҳ таолонинг ажр-мукофотларига мушарраф бўлишади. Ажр-мукофотнинг энг олийи – жаннатга кириш ва унда Аллоҳнинг жамолини кўришга эришмоқдир.
АЗА. Луғатда «қайғу, оғриқ, нохушлик» маъноларини англатади. Истилоҳда бир кишиси вафот этган хонадондагиларнинг мотамсаро бўлиши, қайғу чекиши «аза»дир. Ислом динида аза тутиш, бировга таъзия билдириш бор. Аммо улар шариат кўрсатган маълум тартибда бўлиши керак. Динимизда аза муддати уч кундан ошмаслиги, таъзия билдирадиганлар шу муддат ичида мусибатзада қариндош, яқинлар, дўстлар ва ҳамкасбларга ҳамдардлик билдиришлари, уларнинг кўнглини кўтариб тасалли беришлари савоб экани таъкидланган. Фатво китобларида мусибат етганларга таъзия билдириш имкони топилмаса, буни бошқа вақтда адо этса бўлади, дейилган. Эри вафот этган аёлнинг аза муддати Қуръони каримда тўрт ойу ўн кун деб белгиланган. Бу вақт ичида аёл ясанмайди, хушбўй нарсалардан фойдаланмайди, пардоз қилмайди, «идда»си ичида бошқага турмушга чиқмайди ва бунга ҳаракат ҳам қилмайди. Унинг кийими рангининг аҳамияти йўқ, фақат оддий, камтарона бўлиши тавсия этилади. Ҳозирда халқимиз одатланган етти, йигирма, қирқ, йил оши, қора кийим кийиш, айниқса аёлларнинг овоз чиқариб йиғлашлари, бир йилгача тўй, хурсандчилик қилмаслик каби бидъат ишларнинг Ислом шариатига алоқаси йўқ.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР