loader

АЗВОЖИ МУТОҲҲАРОТ

Луғатда «покдомон, покиза аёллар» деган маънони билдиради. Асосан Расулуллоҳнинг (с.а.в.) пок завжалари (хотинлари), мўминлар оналарига нисбатан ишлатилади. Расули акрамнинг олтмиш уч йиллик умрларида никоҳларига олган завжалари ўн икки нафар бўлган: Ҳазрати Хадича, Ҳазрати Савда, Ҳазрати Оиша, Ҳазрати Хафса, Ҳузайма қизи Ҳазрати Зайнаб, Ҳазрати Умму Салама, Жаҳш қизи Ҳазрати Зайнаб, Ҳазрати Умму Ҳабиба, Ҳазрати Жувайрия, Ҳазрати Сафийя, Ҳазрати Мория, Ҳазрати Маймуна розийаллоҳу анҳумолардир. Булардан Сафийя Исроил жинсидан, Мория мисрлик қибтийлардан, қолганлари араб эдилар. Араб завжаларнинг олти нафари Қурайш қабиласидан. Ислом мухолифларининг иддаоларига қарши ўлароқ Пайғамбар алайҳиссаломнинг бунча хотинга уйланишларининг бир неча ғоят муҳим ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, ахлоқий ва диний сабаблари бўлган. Бу зот улар ўйлаганидай ўз ҳузур-ҳаловатларини кўзлаб уйланмаганлар, балки бундан маълум бир мақсад ва дин фойдасини кўзлаганлар. Бу аёлларнинг Ҳазрати Оиша ва Мориядан ташқари ҳаммалари ёши ўтиб қолган тул хотинлар эди. Ҳазрати Хадича жаноби Расулуллоҳга никоҳланганларида турмуш кўрган, эрларидан ўн беш ёш катта аёл бўлганлар. Аммо шунга қарамай, Хадича онамиз Ислом тарихининг энг буюк аёли, Пайғамбаримзга биринчи бўлиб иймон келтириб орқаларида намоз ўқиган эдилар. Расули акрамнинг етти фарзандларидан олтитасини Хадича розийаллоҳу анҳо туққан эдилар. Пайғамбаримиз эллик ёшларигача биргина Ҳазрати Хадича билан никоҳда бўлдилар. Яна бир завжалари Ҳазрати Оиша ёш бўлишларига қарамай Исломнинг улуғ фақиҳи, муҳаддиси ва олимаси бўлиб етишдилар. Ҳазрати Оиша Пайғамбар алайҳиссаломдан 2210 та ҳадис ривоят қилиб бу соҳада пешқадамлардан бўлдилар, шаръий ҳукмларнинг тўртдан бири шу зотнинг ривоятлари асосида тузилган. Мусулмонлар Расулуллоҳнинг (с.а.в.) покиза завжалари номини ҳурматлаб тилга олишади, исмлари ёнига «ҳазрат», «розийаллоҳу анҳо», «уммул-мўминин» (мўминларнинг оналари) деган сифатларни қўшиб айтишади.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР