loader

АЛИЙЙУЛ-ҚОРИЙ

Алиййул-Қорий Нуриддин ибн Султон ибн Муҳаммад ал-Ҳиравий ал-Маккий ал-Ҳанафий, ўн биринчи ҳижрий асрнинг буюк мужтаҳидларидан. Ҳирот шаҳрида туғилиб, шу ерда таълим олган. Кейин Маккага кетиб, ўша табаррук заминда яшаб қолган. Тафсир, ҳадис, ақида, фиқҳ, сиярга доир асарлари билан катта шуҳрат қозонган. Ҳанафий мазҳабининг энг кучли ҳимоячиларидан, бунинг эвазига Шофеъий тарафдорларининг шиддатли танқидларига учраган. Мусҳаф ёзиб тирикчилик қилган муттақий зот эди. «Мирқот ул-мафотиҳ шарҳу Мишкот ул-масобиҳ», «Ниҳояту мин-шарҳу Мухтасар ул-виқоя», «Тафсир ул-Қуръон», «Ал-Манасик», «Шарҳ ул-Фиқҳ ул-акбар», «Мушкилат ул-Муватто», «Асма ул-ҳанафия», «Ал-аҳодис ул-қудсия» ва бошқа асарлари бор. Ҳижрий 1014 (милодий 1606) йили Маккада вафот этган, қабри «Ал-Маълот» қабристонида.
АЛ-ИСРО. Луғатда «тунги сайр» маъносини билдиради. Қуръони каримнинг ўн еттинчи сураси номи, Маккада нозил қилинган, бир юз ўн бир оятдан иборат. Бу сурада ҳам аксари маккий суралар каби тавҳид, иймон-эътиқод, қайта тирилиш ҳақида сўз борса-да, ундаги асосий жиҳат Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом шахсиятлари ва у зотга Аллоҳ тарафидан ато этилган мўъжизалар тавсиф қилинади. Аллоҳ таоло сўнгги пайғамбарига кўрсатган «сайр» мўъжизаси ҳақида хабар берилгани учун у «Ал-Исро» (тунги сайр) деб ном олган. Сурада Бани Исроил ҳақида, уларнинг туғён-исёнлари тўғрисида кенгроқ сўз боргани учун уни Бани Исроил сураси деб ҳам аташади.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР