loader

АРАФОТ

Луғатда «билиш, таниш» маъноларини билдиради. Макканинг жануби-шарқий қисмидаги, ундан йигирма икки чақирим узоқликдаги тоғ ва водий Арафот деб аталади. Арафот тоғи денгиз сатҳидан 750 метр баландликда, умумий саҳни 10,4 кв. км. Ҳожилар Зул-ҳижжанинг тўққизинчи куни шу ерда туриб ҳажнинг асосий арконларидан бирини адо этишади. Арафотда маълум муддат турмаган кишининг ҳажи ҳаж ҳисобланмайди. Арафот шимолида Раҳмат тоғи бўлиб, унда Пайғамбар алайҳиссалом сўнгги ҳажларида машҳур вадоъ (видолашув) хутбасини қилганлар. Арафотда дуолар ижобат бўлиши таъкидлангани учун унда Раҳмат тоғига юзланиб Аллоҳ таолога ёлбориш, тавба-тазаррулар қилиш, раҳмат-мағфират сўраш суннат амаллардандир. Одам алайҳиссалом билан Ҳавво онамиз бир-бирларини топишишгани учун Арафот деб номланди. Ёки Жаброил алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломга ушбу маконда ҳаж амалларини ўргатганлари учундир. У зот: «Арофта?» («Ўрганиб бўлдингми?») деганларида, «Ҳа», деганлар. Мана шундан кейин Арафот деб номланиб қолди, деб Ибн Аббос айтганлар. Ушбу макон ҳарам ҳудудидан ташқаридаги маросим ўрнидир. Арафотда қуйидаги оят нозил бўлган: «Бугун Мен сизлар учун дининигизни комил қилдим, Мен сизларга неъматимни тўкис қилиб бердим ва сизлар учун Исломни дин қилиб танладим» (Моида, 3). Умар розийаллоҳу анҳу: «Мен тушсам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Арафотда турган эканлар. Арафа куни Жабалур роҳма ва тошлар олдида туриб Аллоҳ азза ва жаллага дуо қилаётган эканлар», деб айтганлар.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР