loader

АҚОИД

«Ақида» сўзининг кўплик шакли бўлиб, уни «Ислом динининг асос қоидалари, ишонилиши зарурий ҳукмлари» деб таърифласа бўлади. Бу асос қоидаларни ичига олган илм эса «ақоид илми» дейилади. Ислом ақоидини ташкил қилган асослар Қуръони карим ва ҳадисларда очиқ белгилаб қўйилган. Ақоид ҳукмлари замон, макон, шахс ва жамият ҳаётига кўра ўзгармайди. Улар яхлит бўлиб, бир қисмига ишониш, бошқа қисмига ишонмаслик мумкин эмас. Ақоид илми Ислом динининг эътиқодий ҳукмлари ҳақида баҳс юритади. У Ислом динининг мунозарасиз иймон асосларини лўнда ўрганувчи илмдир. Бу илмда диннинг аслий ҳукмлари ўрганилгани учун «Усулуд-дин» (Дин усули), энг муҳим мавзуи Аллоҳнинг бирлиги ва сифатлари бўлгани учун эса  «Илмут-тавҳид вас-сифат» (Тавҳид ва сифат илми) ҳам дейилган. Ақидага доир илк асар ёзган зот мазҳаббошимиз Абу Ҳанифадир. У кишининг «Ал-Фиқҳул-акбар», «Ал-Фиқҳул-абсат», «Ар-Рисола», «Ал-олим вал-мутаъаллим», «Ал-Васиййа» каби бш асари ақоид масалаларидан баҳс юритади. Имом Шофеъийнинг ҳам бири нубувватнинг сиҳати ва Бароҳиманинг раддига, иккинчиси аҳли бидъатнинг танқидига доир иккита китоб ёзгани маълум. Аҳмад ибн Ҳанбал, Табарий, Таҳовий каби олимлар, Имом Бухорий, Доримий, Абу Довуд, Ибн Можа ҳам Аҳли суннат вал жамоа ақидасига доир рисолалар ёзишган.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР