loader

АҲЛИ БАЙТ

Луғатда «хонадон аҳли, уй аҳли» деган маъноларни билдиради. «Оли-байт», «Оли ан-Набий» (Пайғамбар оиласи) ҳам дейилади. Бу истилоҳ Қуръони каримда зикр этилган бўлиб, шариатда Пайғамбаримиз Муҳаммад адайҳиссаломнинг хонадонларига, оила аъзоларига, ақраболарига нисбатан ишлатилади. «Аҳли байт» дейилганда кимлар назарда тутилиши ҳақида турлича фикр бор. Олимлардан Ато, Икрима, Ибн Аббос: «Аҳли байт Пайғамбарнинг (с.а.в.) завжаларидир, эркаклар аҳли байт ҳисобланмайди», дейишган. Баъзилар Аллоҳ таолонинг: «Уйларингизда Аллоҳнинг оятлари ва ҳикматдан иборат тиловат қилинадиган нарсаларни зикр-тиловат қилинглар» (Аҳзоб, 34) оятига кўра «байт» деганда Пайғамбаримизнинг маконлари ирода қилинади, дейишган. Абу Саид Худрий, Мужоҳид, Қатода, Замахшарий ва бошқаларнинг хабарига биноан фақат Ҳазрати Али, Фотимаи Заҳро, Ҳасан ва Ҳусайнгина аҳли байтга киради. Имом Фахриддин Розий, Қасталоний ва бошқа олимларнинг келтиришича, Пайғамбар алайҳиссаломнинг фарзандлари ва завжалари, Ҳасан ва Ҳусайн, Ҳазрати Али, шунингдек, Расули акрамнинг мулозимлари аҳли байт саналади. Зайд ибн Арқам эса: «Садақа олиши ман этилган Али, Уқайл, Жаъфар, Аббос хонадонлари аҳли байт ҳисобланади», дейди.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР