loader

БАНГЛАДЕШ ХАЛҚ РЕСПУБЛИКАСИ

Майдони: 143 998 кв. км., аҳолиси:    133, 5 миилион киши, пойтахти: Дакка шаҳри, тузуми: Буюк Британия бошчилигидаги Миллатлар ҳамдўстлигига кирувчи парламент республикаси, давлат бошлиғи: президент, маъмурий тузилиши: 19 округни бирлаштирган 4 вилоят, йирик шаҳарлари: Читтагонг, Кхулна, Ражахи, пул бирлиги: така. Осиёнинг жанубий қисмида жойлашган бу мамлакат  аҳолиси ва ҳудуди жиҳатидан қитъанинг йирик давлатларидан саналади. Бенгал қабилалари Қуйи Ганг водийида милоддан аввалги 1000 йиллар атрофида пайдо бўлишган. Кейинчалик Ванга (Бенгалия) давлати ташкил топди. Саккизинчи-ўн иккинчи асрларда ягона Бенгал давлати мавжуд эди. Ўн олтинчи асрга келиб Бангладеш Бобурийлар сулоласи қўл остида бўлди ва мамлакатда Ислом динининг кенг тарқалиши айни шу даврларга тўғри келди. Бобурийлар даврида мамлакатда илм-фан, маданият ривожланди, ҳаммани лол қолдирувчи муҳташам меъморий обидалар барпо қилинди, аҳолининг турмуши фаровонлашди. Аммо ўн саккизинчи асрга келиб Англия мустамлакачилари кўз олайтира бошлади ва 1757 йилдаги Плесси яқинидаги жанглардан кейин мамлакат инглиз босқинчилари тасарруфига ўтишга мажбур бўлди. 1947 йилда Ҳиндистоннинг мустақил бўлиши ва унинг икки давлатга бўлиниб кетиши натижасида Шимолий Бенгалия ҳудуди Покистонга ўтиб кетди. «Бенгаллар замини» (Бангладеш) 1971 йилда мустақил Халқ Республикаси деб эълон қилинди. Мамлакат аҳолисининг 98 фоизи бенгаллардан иборат. Булардан ташқари ассам-бирма халқлари таркибига кирувчи оз сонли майда миллатлар ҳам яшайди. Бангладешнинг ҳозирги ҳудуди ўн иккинчи асрнинг охирида Деҳли султонлигига қўшиб олинганидан сўнг бу ерда Ислом дини тарқала бошлаган. Ҳозирги вақтда мусулмонлар мамлакат аҳолисининг салкам 87 фоизини ташкил этади. Уларнинг мутлоқ кўпчилиги суннийликнинг ҳанафия мазҳабига мансубдир. Аҳолининг озгинагина қисми (20 мингга яқин киши) шиаликнинг имомийлар, исмоилийлар ва аҳмадия оқимларига киради. Бундан ташқари аҳолининг 12 фоизи ҳиндикийлик ва тўрт юз мингдан ортиқ киши буддавийлик тарафдоридир. Мусулмонлар лигаси ва Ислом демократик лигаси каби сиёсий партиялар мамлакат сиёсий ҳаётида сезиларли мавқега эга ва мусулмонлар манфаатини ҳимоя қилишга вазифаланган. Мамлакатда минглаб масжидлар, Ислом университети ва кўплаб мадрасалар фаолият олиб бормоқда. Биргина республика пойтахти Даккада 700 дан ортиқ масжид бор. Бангладеш Ислом Конференсияси ташкилотининг аъзоси ҳамдир.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР