loader

БЕШИНЧИ САЛИБ ЮРИШИ

Насроний хочпарастларнинг Ислом дунёсига қарши навбатдаги юришларидан бири, у 1218-1221 йилларда бўлди. Юриш учун анча маблағ зарур бўлганидан Папа бу масалада Венетсия ва Генуяга мурожаат қилди. Улар салиб юриши Мисрга қарши қаратилган тақдирдагина бунга  қўшилишларини билдиришди. Бу билан улар ўзларининг майда манфаатларини кўзлаётганлари равшан бўлиб қолганди. Зотан Узоқ Шарқ билан савдо-сотиқ Миср ва Қизил денгиз бандаргоҳлари орқали амалга оширилиши учун ҳам шу мамлакат уларга жуда керак эди. Ўша пайтда Мисрга ҳокимлик қилаётган айюбий Одилнинг ўғли  Султон Комил отаси сингари ўша жумҳуриятлар билан яхши муносабат ўрнатганди. Шунинг учун ҳам ўзининг дўстона муносабатлари бу савдогарлар учун арзимас бир нарса эканидан ажабланди. Салибчиларнинг денгиз кучлари Мисрдаги Димйат (Димиетта) бандаргоҳини эгаллаганида у бунга айниқса жиддий эътибор берди. Мудофаа жангларини уюштирган Султон  юриш қатнашчиларини қуруқликка чиқиб олишларига қўймади. Икки йиллик курашлардан кейин уларни шу бандаргоҳ шаҳардан умуман қувиб ҳайдади. Юриш бошида турганлар бундан ҳайратда қолишди. Чунки улар Комил мутаассибликдан  воз кечиб, иродаси ҳам хойнаҳой бўшашиб кетган бўлса керак, деган хаёлга боришганди. У эса ғоят самимий, яхши ўқимишли ва бошқа динлардан яхши хабардор инсон бўлиб, уламолар ва насроний руҳонийлар билан бўладиган баҳс-мунозараларда қатнашиб турарди. Гувоҳлик беришларича, у ҳатто Мисрга ташриф буюрган авлиё Франсиска Ассиси ҳазратни меҳмон қилган. Кучли ҳарбий арбоб бўлган Комил айюбийларнинг кўпгина анъаналарини ҳам сақлаб қолди.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР