loader

БОБОХОНОВ, ЗИЁВУДДИНХОН

Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон, йирик дин арбоби, муфтий. 1908 йилда Тошкент шаҳрида ўз даврининг улуғ алломаси Эшон Бобохон хонадонида туғилган. Ҳаким қори домла, Баҳодирхон махдум, Шайх Алоуддин, Жамол ҳожи каби устозлардан таълим олган. Ўн икки ёшида Қуръон ҳофизи бўлган. 1920 йили Тошкентдаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган, ҳадис ва фиқҳ илмини ўрганган. 1943 йили ташкил этилган Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратига оталари Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон раис, Зиёвуддинхон эса масъул котиб ва Ўзбекистон қозиси қилиб сайланишади. 1947-1948 йилларда Қоҳирадаги Ал-Азҳар дорилфунунида, сўнгра Макка ва Мадина шаҳарларида таҳсил олиб, ҳадис илмини чуқурлаштиради. 1948 йили минтақа мусулмонлари диний бошқармаси раиси ноиби, оталари вафотидан сўнг (1957 йил) эса раис этиб сайланади ва умрининг охирига қадар ана шу вазифада самарали ишлади. У кишининг раҳбарлиги даврида бир неча марта Қуръони карим ва бошқа диний китоб ва дарсликлар чоп этилди, Тошкент Ислом маъҳади очилди, мусулмонлар учун журнал, тақвим нашр этила бошлади. У СССР, Иордания, Марокаш, Ливан мамлакатлари мукофотларини олган, бир неча асарлари бор. 1982 йили вафот этган, қабри Тошкентнинг Ҳасти Имом мавзеида.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР