loader

ГВИНЕЯ РЕСПУБЛИКАСИ

Майдони: 245 857 кв.км., аҳолиси: 7,6 миллион киши, пойтахти: Конакри, тузуми: республика, давлат бошлиғи: президент, маъмурий тузилиши: 8 та вилоятдан иборат, йирик шаҳарлари: Канкан, Лабе, Нзерекоре, Маму, пул бирлиги: Гвинея франки. Милоднинг ўнинчи-ўн биринчи асрларида ҳозирги Гвинеянинг каттагина қисми Гана давлати таркибига кирган. Кейинги асрда Гана империяси парчаланиб кетди ва   орадан юз йил ўтиб унинг ўрнида малинка халқи ташкил этган Мали империяси пайдо бўлди. Империя аъёнлари ва шаҳарликлар орасида Ислом дини кенг тарқалди. Ўн олтинчи аср бошларигача Мали ўша минтақадаги қудратли давлатлардан бўлиб турди. Кейинчалик унинг ўрнида Яна бир қудратли Фулбе давлати ташкил топди. Ўша пайтда Ислом давлат дини бўлгани учун бу ерда мусулмонлар сони кун сайин кўпая борди. Сўнгра узоқ йиллик франсуз мустамлакаси даври бошланди. 1958 йилнинг 2 октябрига келибгина Гвинея тўла мустақилликка эришди. Гвинея кўпмиллатли мамлакат, унда 24 та турли миллат ва элатлар бор. Аҳолининг 85 фоизи мусулмонлар, қолгани насроний ва мажусийлардир. Мусулмонлар асосан Аҳли сунна вал жамоанинг моликия мазҳабига мансуб, шунингдек сўфийлик ҳам катта таъсирга эга. Гвинея Ислом Конференсияси Ташкилоти аъзоси.