loader

ДАББАТ УЛ-АРЗ

Луғатда «ер ҳайвони» деган маънода. Қиёмат яқинлашганида Аллоҳ таолонинг иродаси билан ердан чиқадиган махлуқ шундай аталади. Даббат ул-арз ҳақида Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда хабар берилган. Жумладан, Қуръони каримда бундай мазмундаги оят нозил бўлган: «Қачон (кофирларнинг) устига сўз-азоб тушганида (яъни қиёмат яқинлашганида) Биз улар учун ердан бир жонивор чиқарурмиз. У уларга одамлар Бизнинг оятларимизга ишонмайдиган бўлиб қолганлари ҳақида сўзлар» (Намл, 82). Даббат ул-арзнинг чиқиши ҳақида кўпгина ҳадислар ҳам ворид бўлган. Ер ҳайвонининг чиқиши Қиёмат аломатларидан биридир. Тавба қабул бўлиши учун инсониятга берилган муддат тугаганида Аллоҳ таоло уларга сўзловчи Ер ҳайвонини чиқаради. У мўминга ҳам, кофирга ҳам таниш бўлади. Гарчи инсонлар ҳайвонот сўзлашини билмасалар-да, барча нарсага қодир Аллоҳ таоло буни мумкин қилади. Ва инсонлар олдин Аллоҳ таолонинг оятларига ва Қиёмат кунига ишонмаган бўлишса-да, бу ғайритабиий ҳол Қиёматдан ва унинг яқинлашганидан хабарчи эканини яхши билишади ва ишонишади, аммо олдин ишонмаганларга бу иймон фойда бермайди.