loader

ДАЖЖОЛ

Луғатда «ашаддий ёлғончи, алдамчи, фирибгар» маъноларини билдиради. Ёлғончи кас Дажжолнинг чиқиши қиёмат кунининг энг катта аломатларидандир. Аллоҳ таоло Дажжол билан ҳам бандаларини имтиҳон қилади. Дажжол илоҳликни даъво қилувчи, Аллоҳ таолонинг изни билан ғайритабиий ишлар ва ғаройиб ҳодисалар содир қилувчи ёлғончидир. Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган баъзи ишларга уни қодир қилиб қўяди: у ўзи ўлдирганни тирилтиради, дунёни гулга буркайди, ерни ҳосилдор қилиб қўяди. Унинг жаннати, дўзахи, икки дарёси бўлади. Ер хазиналари унга бўйсунади, буюрса осмондан ёмғир ёғади, ерда ўсимликлар унади. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг хоҳиши ва қудрати билан бўлади. Баъзи одамлар унга алданишади, мўминлар эса Аллоҳ таолонинг динида собит қолишади. Маълум вақт ўтиб Аллоҳ Дажжолнинг фитналарини тўхтатади. Кўкдан Исо алайҳиссалом тушиб, уни ўлдирадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Мен Дажжолда бор нарсани ундан яхши биламан. Унинг икки оқар дарёси бор, кўзга биттасида сутдек оқ сув, кейингисида олов кўринади. Ўша кунга етган киши олов кўринган дарёнинг олдига борсин. Кўзини юмиб, бошини эгсин ва ундан ичсин. У олов совуқ сув бўлади.  «Дажжолнинг кўзи кўр, пешонасида ортиқча эти бор. Икки кўзининг ўртасида «кофир» деган ёзув бор. Ўқишни билган-билмаган мўмин у ёзувни ўқий олади» (Муслим ривояти).