loader

ЖАМРАТ УЛ-АҚОБА

Ҳожилар Минода шайтонга лаънат тоши отадиган маконлар «Жамрат ул-ақоба» деб аталади. Улар шайтоннинг рамзи сифатида тикланган тимсолга ёнғоқдан катта бўлмаган тошлардан биринчи куни еттита, кейин уч кун мобайнида уч мартадан ва ҳар гал еттитадан, жами етмишта тош отишади. Бу маросимдан сўнггина қурбонлик қилинади. Тош отиладиган маносиклар ўрни Минода жойлашган: кичик тош отиш жойи, ўрта тош отиш жойи ва Ақаба (Қомусил муҳит). Ҳаж амалларидан бири тош отишдир. Бундай амалдан мақсад Аллоҳнинг буйруқларига бўйин эгиш ҳамда отамиз Иброҳим алайҳиссаломга иқтидо қилишдир. Тош отишдан яна бир мақсад Набиййимиз Муҳаммад алайҳиссаломга иқтидо қилиш ва шайтонга адоватни изҳор қилиб қўйиш ҳамдир. Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан келтирилишича, Иброҳим алайҳиссаломга ҳаж амалларини адо этиш буюрилганида Жаброил алайҳиссалом билан бирга Жамратул ақобага бордилар. Ушбу ерда шайтон кўринган эди, еттита майда тош отдилар, у қайтиб кетди. Жамратул вусто, яъни ўрта тош отиладиган ўринда ҳам кўринган эди, еттита майда тош отдилар («Мажмаъуз-завоид»). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонлик куни чошгоҳ маҳалида тош отдилар. Кейингисини эса қуёш заволга кетганидан кейин отдилар (Термизий). У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тош отиш ва Сафо-Марванинг орасида саъй қилиш Аллоҳ зикрини қоим қилиш учун амалга киритилди», деганлар (Термизий).

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР