loader

ЖАННАТ

Луғатда «боғ, учмох» маъноларида келади. Аҳли суннат вал жамоа ақидасининг муҳим қисми жаннат ва жаҳаннамнинг ҳақлигига, уларнинг яратиб қўйилганига, ҳозирда мавжудлигига, уларнинг боқийлигига, улар ва аҳлларининг фоний (йўқ) бўлмаслигига ишонишдир. Қуръони карим ва ҳадиси шарифда келган хабарларга кўра, яхши амаллари учун Аллоҳ таолонинг мукофотига сазовор бандалар учун яратилган таърифи йўқ боғ «жаннат» дейилади. Жаннат мўминларнинг абадий қоладиган жойларидир. Унда фақат роҳат-фароғат, анвойи нозу неъмат, айшу тараб бўлади, унда ўлим, касаллик, уйқу, ғам-ташвиш деган нарсалар йўқ. Жаннатда ҳар бир инсоннинг ўз даражаси бор, дунё ҳаётида қилган риёсиз амалларига қараб мақоми белгиланади. Ундаги энг паст мақом бу дунёдаги энг баланд мартабадан ортиқ бўлади. Жаннатдаги ҳамма неъматдан ҳам устун турадиган энг олий насиба Аллоҳ таолонинг дийдорига мушарраф бўлишдир. Жаннатнинг саккиз дарвозаси бўлиб, улардан тартиби билан қуйидаги фазлга эга кишилар киришади: пайғамбарлар, шаҳидлар, сиддиқлар, сахийлар дарвозаси; намозхонлар кирадиган дарвоза; закот берувчилар дарвозаси; амри маъруф ва наҳйи мункар қилган мўминлар дарвозаси; нафсу шаҳватини жиловлаганлар дарвозаси; ҳаж ва умра қилганлар дарвозаси; мужоҳидлар дарвозаси; тақводорлар ва ота-онасини рози қилганлар дарвозаси, Жаннат ва унинг таърифи Қуръони каримнинг бир неча суралари ва ҳадиси шарифларда зикр этилган. Қоф сурасининг 31-35 оятлари мазмуни бундай: «Жаннат тақводор зотларга йироқ бўлмаган (бир маконга) келтирилади (ва уларга дейилади): Мана шу (неъматлар) сизларга + тавба қилганларга, Аллоҳ таолонинг шариатини сақлаганларга, Аллоҳ таолодан, Уни кўрмаса-да, қўрққанларга ва Аллоҳ таолога холис тоат қилиб келганларгадир». Жаннат ва жаҳаннамнинг ўринлари аниқ баён қилинган оят ва ҳадислар ворид бўлмаган. Уларнинг қаердалигини танҳо Аллоҳ таоло билади.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР