loader

ЗАМАХШАРИЙ, АБУЛҚОСИМ

Абулқосим Маҳмуд ибн Умар ибн Аҳмад аз-Замахшарий, Мовароуннаҳрнинг атоқли олимларидан. Ҳижрий 467 (милодий 1075) йили қадим Хоразмнинг Замахшар қишлоғида (ҳозирда Туркманистоннинг Тошҳовуз вилояти) туғилган. Бухоро ва бошқа кўпгина юртларда таҳсил олган. Беш йил Маккаи мукаррамада яшаб, кўп вақтини Байтуллоҳ ёнида ўтказгани учун Жоруллоҳ (Аллоҳнинг қўшниси) лақабини олган. Ақидада мўътазилий бўлса-да фиқҳда ҳанафий мазҳабида эди. Тафсир, ҳадис, тилшунослик, луғатшунослик, фиқҳ, нотиқлик каби илмларда етук бўлган. Унинг элликдан ортиқ асар ёзгани маълум. «Муқаддамат ул-адаб», «Кашшоф» (тафсир), «Эзгулар баҳори ва яхшилар баёни», «Нозик иборалар» каби асарлари машҳур. Араб тилшунослиги ва сарфу наҳвига доир «Ал-муфассал» асари айниқса катта шуҳрат қозонган. Олимлар «шу чўлоқ бўлмаганида араблар ўз тилини билмай ўтарди», дейишган. Олимлар уни улуғлаб, «Устоз ул-араб вал ажам» (Араблар ва ажамлар устози), «Фахру Хоразм» деб аташган. Ҳижрий 538 (милодий 1144) йили вафот этган, қабри Урганч шаҳри ташқарисида.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР