loader

ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМ

Қуръонда номи келган расуллардан, пайғамбарлар отаси, ҳам дейишади. Тўрт улуғ пайғамбарнинг бири. Дунё яратилганидан кейин 3337 йилда ёки Нуҳ тўфонидан сўнг 1263 йилда ҳозирги Ироқнинг ўрнидаги Бобилда туғилган. Бобил аҳолиси юлдуз ва бутларга сиғинар, худолик даъвосидаги подшоҳи Намруднинг сўзига ишонарди. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни ўша замондаги қавмини ҳақ йўлга бошлаш учун юборди ва бу зотга ўнта саҳифа нозил қилди, у даъватни шу асосда олиб борди. Халилуллоҳ, Халилурраҳмон (Аллоҳнинг, Раҳмоннинг дўсти) деган номлари ҳам бор. Подшоҳ Намруд ягона Илоҳга сиғинишга даъвати учун Иброҳим алайҳиссаломни ўтда ёқмоқчи бўлади, аммо Аллоҳ таолонинг амри ила гулхан гул-бўстонга айланади, Иброҳимни куйдирмайди. Кейин у Миср ва Канъон элига кетади. Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳнинг амрига биноан ўғли Исмоилни қурбон қилмоқчи бўлади, Аллоҳ унинг эътиқодда собитлигини кўриб, бир қўчқорни қурбонлик учун юборган ва бу ибодат Ҳазрати Иброҳимдан суннат бўлиб қолган. Ўғли Исмоил билан Каъбани иншо қилишган. Иброҳимнинг хотини Ҳожардан туғилган ўғли Исмоил алайҳиссалом Журҳум қабиласидан уйланиб, Бани Исмоил номи билан кўпайишди, араблар шу зотнинг авлодларидир. Хотинлари Сорадан туғилган ўғиллари Исҳоқ алайҳиссаломдан Исроил қавми тарқалди, улар Бани Исроил деган ном олди. Ҳазрати Иброҳимнинг қабри Қуддус яқинидаги Халил қасабасида. Бу зот ҳақида Қуръони каримда Иброҳим сураси ва бир неча ояти карима бор.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР