loader

ИМОМ БУХОРИЙ

Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Абу Ҳасан Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Аҳнаф Яздабиҳ ал-Бухорий, Исломнинг етакчи алломаларидан, ҳадис илми олимларининг устози. Ҳижрий 194 (милодий 810) йили Бухорода туғилганлар. Етимликда ўсиб, тўққиз ёшда Қуръони каримни тўла ҳифз этадилар. Ҳадис эшитишни яхши кўрар, вояга етгунча етмиш минг ҳадисни ёд олган эдилар. Ўн саккизга кирганда она-бола ҳаж сафарига жўнашади, ўзлари Маккада қолиб кетадилар. Кейин илм талабида Бағдод, Куфа, Миср, Хуросон, Шом, Ҳижоз, Басрада бўладилар. Расулуллоҳдан (с.а.в.) ривоят қилинган саҳиҳ ҳадислар жамланган машҳур «Ал-жомеъ ас-саҳиҳ» китобини ўн олти йилда ёзиб тугатадилар. Умуман 600 минг ҳадис тўплаб, шундан 100 минг саҳиҳ, 200 минг заиф ҳадисни ёд олганлар, буларни тўплашда тўқсон минг киши ҳузурида бўлганлар. Етти минг ҳадис жам қилинган «Саҳиҳи Бухорий» Қуръони каримдан кейинги энг ишонарли манба саналади, у «Сиҳоҳи ситта»нинг энг биринчиси. Ана шу ноёб китобга жами саксон иккита шарҳ ёзилган. Даврининг атоқли уламоларидан Ҳоким айтади: «Бу дунё остин-устун қилиб юборилса ҳам Бухорий каби ҳадис билувчи ва уни ёд олувчи одам топилмайди». Маражжа ибн Ражаъ эса: «Имом Бухорий Аллоҳнинг Ерда юрувчи мўъжизаси эди», деган. Имом Муслим, Термизий, Насаий ва бошқаларга устоз бўлганлар. Бундан ташқари Имомнинг «Муснад ул-кабир», «Тарих ул-кабир», «Тафсир ул-кабир», «Ҳадис ун-Набавий», «Китабу асмои саҳоба», «Тарих ус-сағир», «Холқу афъоли ибод». «Зуафо ус-сағир», «Адаб ул-муфрад» ва бошқа асарлари бор. Ҳижрий 256 (милодий 870) йили фитр ҳайити кечаси вафот этиб, ҳайит куни қабрга қўйилдилар. У киши дафн қилинган Самарқанд яқинидаги Хартанг қишлоғида бу зот шарафларига муҳташам ёдгорлик тикланган.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР