loader

ИМОМ МОЛИК

Имом Абу Абдуллоҳ Молик ибн Анас ибн Молик ибн Абу Омир ибн Амр ал-Ҳорис ал-Асбаҳий ал-Маданий, табаъ тобеъинлардан, замонасининг атоқли олими, моликий мазҳабининг асосчиси. Ҳижрий 93 (баъзи манбаларда 94) йили Мадинаи мунавварада туғилган. Чуқур билим олган, етук фақиҳ ва муҳаддис бўлиб етишган. Имом Авзоъий, Имом Шофеъий, Муҳаммад ибн Ҳасан бу зотдан таълим олишган. Бу киши ҳақида Имом Насаий: «Мен учун ҳадис илмида Моликдан кўра билимдон, ҳурматли, ишончли, амин ва заиф ҳадислардан кам ривоят қилган киши йўқдир», деган бўлса, Имом Шофеъий: «Молик тобеъинлардан кейин Аллоҳ таолонинг ҳужжатидир», деганлар. Мусулмонларга Ислом таълимотини тушунтириш учун бир китоб ёзиб, уни «Ал-муваттоъ» (осонлаштирилган) деб атади. Бу китоб қирқ йил мобайнида тўпланган ҳадисларни ўз ичига олган, уларни мингга яқин киши ривоят қилган. Уламолар бу асар ҳақида: «У ҳадис ва фиқҳ китоби бўлиб, унинг тенгини билмаймиз», «Ер юзида илмда ундан тўғрироқ китоб йўқ», дейишган. Моликий мазҳаби Ислом оламида асосан Африқо шимолий-ғарбида кенг тарқалган. Ҳижрий 179 йили Мадинаи мунавварада вафот этган.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР