loader

ИСО АЛАЙҲИССАЛОМ

Исо алайҳиссалом Қуръони каримда зикри келган пайғамбарлардан, тўрт буюк набийнинг бири. Ҳазрати Марямнинг ўғли, ҳақиқий насроний дини пайғамбари, самовий Инжил шу зотга нозил қилинган. Исо алайҳиссалом Пайғамбаримиздан (с.а.в.) 570 йил олдин Фаластиндаги Патлиҳам кўли бўйидаги Насиро шаҳарчасида Биби Марямдан отасиз туғилган. Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни ота-онасиз қандай яратган бўлса, уни ҳам шундай илоҳий қудрати билан отасиз яратган. Аммо насронийлар у ҳикматнинг тагига етолмай. Аллоҳни ота, Исони ўғил, Марямни она деб нотўғри хулосага боришади. Асло бундай эмас, чунки Аллоҳ туғилмаган, туғмаган. Исо алайҳиссалом ўттизга кирганида Аллоҳ  таоло уни қавмни Ҳаққа даъват қилиши учун Инжил китобини нозил қилди. Ҳаворийлар уни инсонларга етказишди, аммо кейинчалик залолатга кетиб, Инжилни ўзгартириб юборишади. Яҳудийлар куфр орқасидан Исо алайҳиссаломни ўлдирмоқчи бўлишади, аммо Аллоҳ таоло уни осмонга кўтариб, қутқаради. Изидан келганлар Исони уларга тутиб бермоқчи бўлган Шамъун Юдо исмли кишини Исога ўхшатиб, уни хочга осишди. Исо алайҳиссаломнинг қиёмат олдидан Ерга тушишлари ривоят қилинган. Қуръондаги бир қанча ояти карималар Исо алайҳиссалом ҳақида маълумот беради, Марям сурасида у зот ва оналари Марям ҳақидаги барча ҳақиқатлар баён этилган.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР