loader

ЛИВИЯ

Ливия Араб Сотсиалистик Халқ Жамоҳирияси деб номланувчи бу мамлакатнинг майдони: 1 759 540 кв. км., аҳолиси: 5,3 миллион киши, пойтахти: Триполи шаҳри, тузуми: республика, давлат бошлиғи: «инқилобий раҳбарлик», маъмурий тузилиши: 13 та ҳокимлик, пул бирлиги: ливия динори. Ҳозирги Ливия жойлашган Киренаика ўлкаси милоддан аввалги тўртинчи асрдан бошлаб юнонлар, Македонияли Искандар, Птолемейлар сулоласи томонидан босиб олинди ва 96 йили Рим империясига ўтди. Римнинг Киренаика вилояти таркибига Крит ороли ҳам кирган эди. Милоднинг 642-644 йилларида уни араб фотиҳлари фатҳ қилиб, Араб халифалиги таркибига киритишди, аммо 11-асргача маҳаллий аҳолидан озчилиги мусулмон бўлган эди. 1517 ва 1577 йиллар орасида Ливияни Усмонли салтанат эгаллади ва уни 1711 йилгача турк ноиблари, кейинроқ маҳаллий сулола вакиллари бошқаришди. 1835 йили у бевоссита Усмонли салтанат қўл остига ўтди. 1911 йили мамлакатга бостириб кирган Италия йигирма бир йил ўтгачгина уни тўла эгаллай олди. 1952 йил 1 январида Ливия мустақилликка эришди. 1961 йили Муаммар Қаззофий бошлиқ ёш зобитлар подшоҳни ағдариб, Ливия Араб Республикасини тузишди, бутун ҳокимият Инқилобий қўмондонлик кенгашига ўтди. Мамлакат аҳолиси асосан араблар ва барбарлардан иборат. Ислом давлат дини саналади. Аҳолининг 97 фоизи мусулмон, уларнинг мутлоқ кўпчилиги моликия ва ҳанафия мазҳабларига эътиқод қилади. Бундан ташқари санусия ва хорижийларнинг ибодия оқими тарафдорлари ҳам бор. Аҳолининг 2 фоизи насроний динида, улар католик, православ ва протестантлардан иборат. Ливия Ислом Конференсияси Ташкилотига аъзо бўлган.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР