loader

МАВРИТАНИЯ ИСЛОМ РЕСПУБЛИКАСИ

Майдони: 1 030 700 кв. км., аҳолиси: 2,7 миллион киши, пойтахти: Нуакшот, тузуми: Ислом республикаси, давлат бошлиғи: президент, маъмурий тузилиши: 12 вилоят ва пойтахт маъмурий округидан иборат, йирик шаҳарлари: Каэди, Нуадибу, Росо, пул бирлиги: угия. Милоддан аввалги 200 йилларда ҳозирги Мавритания ерларига Африқо шимолидан барбарлар келиб ўрнашган. Милоднинг еттинчи-ўн биринчи асрларида мамлакатнинг жануби ўрта асрларда мавжуд бўлган Гана, Текрур давлатлари таркибига кирган, шимолий Мавританияда эса санхожа-барбарлар давлати бўлган. 14-15-асрларда бу ерга арабларнинг макил қабиласи кириб келди ва аҳолининг мусулмонлашуви ва араблашуви авж олиб кетди. Мамлакатнинг ўзи Тарбул-Бидон (оқлар замини) деб аталарди. Ўн бешинчи асрдан унга оврупаликлар кўз олайтира бошлади. Аввал португал ва испанлар, сўнгра голланд, инглиз ва франсузлар қоратанли қуллар, олтин ва гуммиарабика ташиб кета бошлашди. Йигирманчи аср бошланишиданоқ мамлакатда миллий-озодлик урушлари кучайиб кетди ва ҳеч тўхтамади. 1960 йил 28 ноябрда Нуакшотда Мавритания мустақил Ислом республикаси деб эълон қилинди. Аҳолининг 80 фоизини араблар ва маврлар ташкил этади. Аҳолининг 99 фоизи мусулмонлардир, улар асосан суннийликнинг моликия мазҳабига эътиқод қилишади. Маврлар орасида сўфийликнинг турли тариқатлари тарқалган. Ислом давлат дини саналади. Республика президенти фақат мусулмонлардан сайланади. Мавритания Ислом Конференсияси Ташкилоти аъзоси.
МАВРУС. Мерос илмида маййит қолдирган мол, кўчмас мулк каби нарсалар «маврус» деб аталади. Бунинг ирс, турос, мерос, тарика деган номлари ҳам бор.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР