loader

МАККАИ МУКАРРАМА

Саудия Арабистони ғарбида, Қизил денгиздан 70 километр нарида жойлашган Маккаи мукаррама Ислом оламидаги энг табаррук шаҳар саналади. Уни «Умм ал-Қуро», «Уммул-мадоин» (шаҳарлар онаси), Маккаи мукаррама каби номлар билан сифатлашади. Қуръони карим сураларининг 86 таси Маккада нозил бўлган. Пайғамбар алайҳиссалом шу шаҳарда таваллуд топганлар, у зотга илк илоҳий ваҳий шу ерда нозил бўлган. Исломнинг бош масжиди + Масжидул-Ҳаром, мусулмонлар қибласи Каъба, Замзам булоғи, Сафо ва Марва тоғлари ҳам Маккада. Исломнинг беш рукнидан бири ҳаж ҳамда умра ибодати шу ерда адо этилади. Маккага қачон асос солингани маълум эмас. Илк бор Замзам булоғи атрофида аҳоли масканлари бўлгани ҳақида маълумотлар бор. Ислом келгунига қадар Макка мушрик араб қабилаларининг диний ҳамда хорижий мамлакатлар билан муҳим савдо маркази бўлган. Шаҳар илк марта юнон тарихчиси Афлотун асарларида Макораба номи билан тилга олинган. Аллоҳ таоло бу шаҳарни Ислом билан мукаррам қилди ва юзлаб маккаликлар инсоният тарихидаги илк мусулмонлар сифатида тарихга киришди. Макка мушриклари билан мусулмонлар ўртасида давом этган кўп йиллик тўқнашув ҳижрий 8 йили шаҳар фатҳ этилиши билан ниҳоясига етди. Бағдод халифалиги инқирозидан кейин Макка фотимийлар, айюбийлар, мамлуклар қўл остида бўлди, кейин 1517 йили Усмонли салтанат тобеълигига ўтди. 1916 йилдан Ҳижоз қироллиги пойтахти бўлган шаҳарни орадан саккиз йил ўтиб Ибн Сауд қўшинлари забт этишди ва у 1932 йилда Саудия Арабистонига қўшиб олинди. Шаҳарда 1 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилади. Улар асосан ҳожиларга хизмат қилиш, савдо, ҳунармандчилик билан машғул. Шаҳар мамлакат пойтахти Риёз, порт шаҳри Жидда ҳамда Мадинаи мунаввара билан автомобил йўллари орқали боғланган. Маккада кўплаб бир неча халқаро Ислом ташкилотларининг қароргоҳи жойлашган, бу ерда умумислом анжуманлари ўтказиб турилади.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР