loader

МАЛАК

 Фаришта араб тилида «малак» дейилади, унинг кўплиги «малоика»дир. Малак рисолат (элчилик) маъносидадир, зеро фаришталар Аллоҳ таоло ва инсонлар ўртасида элчидирлар. Аллоҳ таоло фаришталарни нурдан яратган. Малак (фаришта)лар борлигига ва Қуръони карим ҳамда Пайғамбаримиз ҳадисларида баён этилган уларнинг сифатлари ва вазифаларига ишониш иймон шартларидан бўлиб, инсон уларга ҳам иймон келтирмагунича мўмин бўлмайди. Малаклар Аллоҳ таолонинг махлуқи, бандаси, улар куфр ва гуноҳдан покдир. Улар доимо Аллоҳ таолога тоат-ибодатда бўлишади, эрлик ва аёллик сифатлари билан сифатланишмайди, инсонлар каби еб-ичишмайди, ухлашмайди, уларда шаҳват йўқ. Малаклар Аллоҳ таолонинг изни билан турли шаклларда кўринишади, Аллоҳ уларни бир неча қанотли қилиб яратган. Малаклар Аллоҳ таолонинг ҳукмини бандаларга етказиш, Аршни кўтариб туриш, жаннат ва дўзах ишларини бажариш, одамларнинг ишларини кузатиб, амалларини ёзиб юриш, инсонни доимий муҳофаза қилиш, руҳларни қабз қилиш ва бошқа вазифаларга мукаллаф этилган. Жаброил, Микоил, Исрофил, Азроил алайҳимуссалом малакларнинг улуғларидир. Жаброил алайҳиссалом ваҳий етказишга, Микоил алайҳиссалом Аллоҳ берган ризқларни тасарруф қилишга, Исрофил алайҳиссалом қиёматдан огоҳ этувчи сурни чалишга, Азроил алайҳиссалом инсонлар жонини қабз қилишга мукллафдирлар.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР