loader

МАМЛУКЛАР

Луғатда «эгалик қилинадиган, қуллар» маъноларини билдиради. Ҳарбий қўшинда хизмат қилувчи қул жангчилар «мамлуклар» деб аталган. Айюбийлардан бўлган мамлук амирлари милодий 1250 йили Мисрда ҳокимиятни эгаллашган. 1382 йилгача улар аббосий халифаларнинг амирлари бўлишган, кейинчалик мустақил ҳукмдорларга айланишган. Мамлуклар биринчи шохобчасининг аҳамияти каттароқ бўлди, чунки у таниқли подшоҳларни, жумладан, Исломнинг иккита буюк курашчисини ато қилди. Улардан бири Султон Зоир Байбарс Исломнинг асл шамшири эди. Мўғуллар ва салибчиларни мағлуб қилган ҳам мамлукларнинг ана шу тўртинчи султони бўлди. Ҳалокухон Ўрта Шарқдаги мусулмон қиролликларини ағдариб, Бағдодни яксон этгач, Шом орқали Мисрни шип-шийдам қилишга йўл олганида Султон Байбарс Шарқдан унга қарши бориб, 1260 йил 3 сентябрда Айн Жалут деган жойдаги жангда шу давргача енгилмас саналган мўғулларга қақшатқич зарба берди. Султон Байбарс бу билан кифояланиб қолмай нигоҳини қудратли салибчиларга, ҳали ҳам уларнинг франк вакиллари қўл остида қолиб келаётган ўлкаларга қаратди. Чунки франклар Ҳалокухон билан иттифоқ тузиб, уни мусулмонларга қарам ерларни қайтадан истило қилишга гиж-гижламоқда эди.  Байбарс мусулмонларни ҳар йили насронийларнинг князликларига  ғазавот урушлари олиб боришга сафарбар этиб турди. Унинг подшоҳлик даврида додхоҳлари Миср жанубида жойлашган Нубияни ҳам қўлга киритишди. Сўнгра у Бағдоддаги сўнгги аббосий халифанинг  амакисини шу шаҳарда Ислом халифаси мартабасига кўтариб қўйди. Аббосий халифаларнинг иккинчи шохобчаси ҳукмронлиги ана шу пайтдан эътиборан ўн олтинчи аср бошига қадар давом этди. Бу халифалар "авқаф" деб аталадиган диний хайр-садақалардан ва мусулмон дунёси ҳукмдорларининг ҳадяларидан бошқа арзигулик бирор моддий имкониятга эга эмас эдилар. Ҳатто усмонлилар ҳукмдори Боязид Биринчи ҳам халифага ўлпон тўлаб, фотиҳа олиб туришга мажбур эди. Ўн тўққизинчи аср бошларида албанлардан бўлган турк лашкарбошиси Муҳаммад Али Қоҳирада мамлукларнинг барча раҳбарларини қириб ташлаган.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР