loader

МАРОКАШ ҚИРОЛЛИГИ

Майдони: 458 730 кв.км., аҳолиси 29,2 миллион киши, пойтахти: Работ шаҳри, маъмурий тузилиши: 37 та вилоятдан иборат, тузуми: конститутсиявий подшоҳлик, давлат бошлиғи: қирол, пул бирлиги: дирҳам. Марокаш ҳақидаги илк ёзма гувоҳликлар милоддан аввалги 1000 йилликларга боради. Ўшанда финикийлар ҳозирги Лубнон ерларидан келиб, Рошадир мавзеида ўз колонияларини ташкил этишган. У Рим империясининг бир вилояти бўлиб турганида Мавритания деб аталди. Кейинчалик Мавритания иккига бўлиб юборилди, Янги Рим вилояти «Тингис Мавританияси» (шу кунларда Танжер) номини олди ва ҳозирги Марокашнинг шимолидаги улкан ҳудудларни эгаллади. Милоднинг 682 йили Марокашга араб фотиҳлари келишди, аммо ерли барбарлар билан араблар ўртасида урушлар кучайиб кетди. Аҳоли Исломга кирганидан кейин Саъдлар сулоласи ҳукмронлиги даврида Марокаш давлатининг қудрати ва шуҳрати ниҳоятда юксалди. Расулуллоҳнинг набиралари Ҳазрати Ҳасанга бориб тақаладиган бу сулола юз йил ҳукмронлик қилди. Кейинчалик ўн тўққизинчи аср ўрталарида Марокаш Франсия ва Испания билан ҳалокатли урушларни бошдан кечирди. Ва 1956 йилда мустақил бўлгунича Ғарбнинг вассалигида қолиб кетди. Ислом Марокашнинг  давлат дини саналади. Мамлакат аҳолисининг 99 фоизи мусулмонлардир, уларнинг ҳаммаси Аҳли сунна вал жамоанинг моликия мазҳабига мансуб. Мусулмонлар орасида тасаввуфнинг турли тариқатларига эргашганлар ҳам бор. Касабланка ҳудудида яшовчи 25 мингли барбарлар «ибодийлар мазҳаби» тарафдори. Ислом дини мамлакат ҳаётида алоҳида ўрин тутади, бу ерда Ислом шариатига қатъий амал қилинади. Марокашда икки мингдан зиёд олий ва ўрта Ислом билим юртлари, минглаб муҳташам масжидлар ишлаб турибди. Пойтахтдаги «Ал-Мағриб» жомеъ масжиди араб Ислом меъморлигининг шоҳ асари саналади. Аббосий халифалар қурдирган Кутубия масжиди ҳам мусулмонларнинг фахридир.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР