loader

МАХДУМИ АЪЗАМ

Саййид Аҳмад Хожагий Саййид Жалолиддин Косоний ал-Даҳбедий, Хожагон тариқатининг машҳур пири-муршиди, атоқли тасаввуф олими. Милодий 1464 йили Косон музофотида (ҳозирги Наманган вилояти Косонсой шаҳри) туғилган. Насаби Пайғамбар алайҳиссалом авлодларига боради. Кейинчалик Самарқанд яқинидаги Даҳбед қишлоғини макон тутган. Бир неча шайбоний ҳукмдорлар, шунингдек темурийлардан Заҳириддин Бобур унга мурид бўлишган. Аждодларидан машҳур шайхлар етишиб чиққан. Тасаввуф, тарих, фиқҳ, ахлоқ-одобга доир ўттизга яқин асар ёзган. «Баёни зикр», «Рисолаи силсилаи Хожагон», «Меърож ул-ошиқийн», «Рисолаи Нақшбандия» каби асарлари машҳур. Бир неча масжид, мадрасалар ҳам қурдирган. Ҳижрий 949 (милодий 1542) йили Самарқандда вафот этган. Самарқанд ҳукмдори султон Абдулкарим Ялангтўш Баҳодир ўз пири Махдуми Аъзам шарафига Даҳбедда хонақоҳ ва мадраса барпо эттирган.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР