loader

МАҲМУД АСЪАД ЖЎШОН

Маҳмуд Асъад Жўшон Халил Нажотий ўғли, туркиялик атоқли тасаввуф шайхларидан. 1938 йили Туркиянинг Чаноққалъа шаҳрида туғилган. Аждодлари асли Бухорои шариф саййидларидан. Устози ва қайнотаси, улуғ олим шайх Муҳаммад Зоҳид Қўтқу (1897-1980) ҳазратларининг тарбиясини олган. 1960 йили Истанбул университети адабиёт факултасини битирган, кўп йиллар турли ўқув юртларида минглаб талабаларга дарс берган. 1973 йилда «Хожа Бектоши Валий. Мақолот» мавзуида диссертатсия ёқлаган, доктор, профессор. Араб, форс, инглиз, олмон тилларини яхши билган, турк Ислом санъати ва адабиёти, дин ва тасаввуф бўйича йирик мутахассислардан. Нақшбандия тариқати Холидия шўъбаси кумушхонавий силсиласи 40-бўғин шайхи, пири-муршиди. Ўттизга яқин диний-тасаввуфий, ахлоқий-маърифий асарлари бор. Булардан «Тасаввуф ва нафс тарбияси», «Ислом, тасаввуф ва ахлоқ», «Рамазон ва тақво», «Зикруллоҳнинг фазилатлари», «Ҳажнинг фазилатлари ва нозик сирлари», «Ҳақиқий севги» ва бошқалар машҳур. 2001 йили Австралияда фожиали ҳалок бўлган.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР