loader

МИНО

Луғатда «орзу, истак» деган маънони билдиради. Макка ва Муздалифа оралиғидаги қишлоқнинг номи. Ҳожилар зул-ҳижжа ойининг саккизинчи куни бомдод намозидан сўнг Минога келиб, Арафот куни  бомдодигача шу ерда истиқомат қилишади. Кейин Арафотга кетиб, ўнинчи куни яна Минога қайтишади ва икки кун шайтонга тош отишни давом эттиришади. Минода қон тўкилгани учун шундай номланган. Баъзилар: «Одамлар у ерда тўплангани учун Мино деб номланган», дейишади. Араблар одамлар тўпланган жойни Мино деб аташади. Мино Масжидул-ҳарам шимолидан 7 км. узоқликда, ер ости йўлидан 4 км. узоқликда жойлашган. Бу жой ҳарам ҳудуди ичидаги маросим бўлиб, Иброҳим алайҳиссалом у ерда тош отганлар, Исмоил алайҳиссалом ўрниларига қўчқор сўйганлар. Сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам тош отиб, видолашув ҳажи асносида қурбонлик қилганлар. Мусулмонлар ҳам тош отиб, қурбонлик сўйишган. Бу ерда Хайф масжиди ва уч тош отиш ўрни бор. Мана шу маконда ансорларнинг машҳур биринчи ва иккинчи Ақаба байъати содир бўлган. Видолашув ҳажи асносида шу маконда Наср сураси нозил бўлди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шу жойда тунаб, ташриқ куни ва кечаси намоз ўқиганлар. Ва қурбонлик қилганлар. У зот: «Мен мана шу ерда қурбонлик қилдим. Минонинг барча ерида қурбонлик сўйилур. Сизлар юкларингиз олдида тўхтаб қурбонлик сўяверинглар», деганлар. Яна ушбу маконда Мурсалот сураси нозил бўлган. Шайтонга тош отиш ва қурбонлик қилиш ўрни Минодадир. Минодаги ҳозирги Байъат масжиди ўрнида Мадина аҳли Пайғамбаримизга содиқликка аҳду паймон (байъат) қилган. Ҳаж мавсумида Минода тунаш бошқа мазҳабларда вожиб, ҳанафий мазҳабида эса суннат саналади.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР