loader

МИСР АРАБ РЕСПУБЛИКАСИ

Майдони: 1 001 450 кв. км., аҳолиси: 69,8 миллион киши, пойтахти: Қоҳира шаҳри, тузуми: республика, давлат бошлиғи: президент, маъмурий тузилиши: 27 губернаторликдан иборат, йирик шаҳарлари: Искандария, ал-Ғизо, Порт-Саид, Сувайш, Асвон, пул бирлиги: миср фунти (жунайҳ). Миср Африка шимоли-шарқида жойлашган дунёдаги энг қадимий давлатлардан биридир, милоддан аввалги беш минг йилликларда Нил ҳавзасида қадим маданиятга эга бўлган халқлар яшаганини муаррихлар қайд этиб ўтишган. Қадимий Миср подшоҳлари Фиръавн деб аталган ва Миср заминида уларнинг ўттизга яқин сулоласи ҳукмронлик қилиб ўтган. Олд Осиёда бир неча ғалабани қўлга киритган Македонияли Искандар вафотидан сўнг унинг лашкарбошилари милоддан олдинги 332 йилда Мисрни босиб олишди. Улардан Птоломей сулоласи бу ерда уч юз йил ҳукм сурди. Миср кейинчалик узоқ йиллар Рум,  Византия ва Форс империялари таркибида бўлган. Милодий 639-642 йиллардаги Миср фатҳидан сўнг Ислом тарқала бошлаган. Бу ерда саҳобий Амр ибн Осс каби адолатли волийлар раҳбарлик қилишган. Кейинчалик умавийлар, тулунийлар, аббосийлар, ихшидийлар, фотимийлар, айюбийлар, усмонлилар ҳукмрон бўлишди. 1270-1517 йилларда бу ўлкани аббосийлар гвардияси авлодларидан бўлган мамлукларнинг 47 та султони навбати билан бошқарди. Кейин турк султони Салим Ёвуз Шом, Араб жазираси, Африқо шимоли қатори уни ҳам Усмонли салтанатга қўшиб олди. Мамлакат кейинчалик кўп йиллар франсуз ва инглиз мустамлакачилари истилосини бошдан кечирди. 1953 йил 18 июнда у республика деб эълон қилинди. Миср аҳолсининг 90 фоизини мусулмонлар ташкил этади, бу ерда Ислом давлат дини ҳисобланади. Мусулмонларнинг мутлоқ кўпчилиги суннийликнинг шофеъий мазҳабида, булардан ташқари ҳанафий, ҳанбалий, моликий мазҳабига эргашувчилар ҳам бор. Аҳолининг 7 фоизи насроний динидаги Мисрнинг қадимий халқи бўлмиш қибтий (копт)лардан иборат. Мисрда дунёга машҳур «Ал-Азҳар» дорилфунуни, Амр ибн Осс, султон Ҳасан, амир Шалқу масжидлари, Ислом музейи кабилар бор. Мисрдан жуда кўп Ислом мутафаккирлари ва олимлари, Қуръон ҳофизлари етишиб чиққан. У Ислом Конференсияси Ташкилоти аўзосидир.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР