loader

МИСР ФАТҲИ

Ҳазрати Умар халифаликлари даврида тажрибали саркарда Амр ибн Ос халифадан Мисрга юриш қилиш учун  қўшин сўрайди.  Чунки Амр бу мамлакатни яхши билар, бунинг устига Шом урушида ўз фазилатлари ва истеъдодини кўрсата олган эди. Шунга кўра унга қўшин беришади ва у тўрт минг отлиқ билан Мисрга юриш бошлайди. Дастлабки жангларданоқ Амрнинг  қўли баланд кела бошлади. У биринчи бўлиб шарқий Мисрдаги ал-Фараму шаҳрини эгаллади.  Сўнгра  жуда  муҳим Билбайз  шаҳрини забт этди.  Кўп ўтмай Византиянинг энг йирик марказларидан бири машҳур Бобилиюн  қалъасига рўбарў бўлди.  Шундагина  у энди каттароқ  қўшин зарурлигини  сезди. Муҳожирлар сардори  Зубайр ибн Аввом олти мингдан кўпроқ  жангчи билан ёрдамга етиб келди.  Амр аскарларининг ярмини  Бобилиюн қамалига  қолдириб, Айнул- Шамс  шаҳрини ҳам  босиб олишга улгурди. Бобилиюн раҳбари Сирас дош беролмаслигидан  қўрқиб,  шартларни айтишни илтимос қилди. Унга Амр берган жавоб машҳур ҳақиқат бўлиб тарихда  қолди: "Агар ислом динини  қабул қилсангиз, биз бутун халқингизни олқишлаган бўлардик ва қардошларимиз бўлиб қолар эдингиз.  Зўравонлик динимизга ёт нарса. Бироқ бордию мусулмон бўлишни  хоҳламасангиз, таслим бўлиб, солиқ тўлашларингиз мумкин. Сиздан хуш муомаламизни аямаймиз. Розилигингиз бўлмаган тақдирда охиригача курашамиз. Аллоҳнинг ўзи кечиради". Сирас таслим бўлди. Фақат битта шаҳар - мамлакат шимолидаги бандаргоҳ Искандария бўйин эгишни хоҳламади.  Қуролли кучлар тезда унга ҳам кириб боришди. Император катта қўшинни ёрдамга юборди, бироқ у  ҳам қутқариб қололмади. Шаҳар таслим бўлди, мусулмонлар эса бутун Мисрга ўз ҳукмронликларини  ўрнатдилар. Буюк Холид Шом ва Фаластин ҳокимлигига тайинлангани сингари Амр ҳам зафарлари эвазига Миср ҳукмдори  қилиб белгиланди. Кўп асрлар мобайнида  йирик  маданий марказ  бўлиб келган  Искандарияда  талайгина мактаб ва академиялар мавжуд эди.  Бироқ овруполик кўпгина  ёзувчиларнинг шаҳардаги катта кутубхона гўё халифа амри билан ёқиб юборилган, деган фикрлари нотўғридир ва бу тўлиқ инкор  қилинди. Ўша кутубхоналарга  ўтмишда икки марта ўт қўйилган, охирги гал  бу мусулмонлар оёғи  Миср тупроғига тегмасидан уч юз йил илгари  юз берганди.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР